ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ҲОКИМИНИНГ
ҚАРОРИ
Жамоат транспортида йўлкира ҳақини тўлашда нақд пулсиз тўлов тизимини жорий этиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг «Шаҳар йўловчилар транспорти тўғрисида»ги қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 25 мартдаги «Жамоат транспортини молиялаштириш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-139-сонли қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 15 августдаги «Рақамли Ўзбекистон — 2030» стратегиясини амалга ошириш бўйича мувофиқлаштириш комиссияси мажлисининг 71-сонли баёни 38-бандига мувофиқ умумий фойдаланиладиган жамоат транспортида кўрсатилаётган хизматларнинг сифатини ошириш, жамоат транспортида тўловлар шаффофлигини таъминлаш, соҳага рақамли технологияларни кенг жорий этиш орқали яширин иқтисодиётни бартараф этиш, йўлкира ҳақини тўлашда электрон тўлов тизимларидан фойдаланишни рағбатлантириш мақсадида «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 6 ва 211-моддаларига асосан қарор қиламан:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 25 мартдаги «Жамоат транспортини молиялаштириш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-139-сонли қарори билан:
жамоат транспортида йўлкира ҳақини тўлашда электрон тўлов тизимидан фойдаланишни рағбатлантирувчи тарифлар жорий этилиши белгиланганлиги;
Ўзбекистон Республикасининг «Шаҳар йўловчилар транспорти тўғрисида»ги қонунига мувофиқ шаҳар йўловчилар транспортида йўловчилар ва багаж ташиш ҳақини тўлаш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат ҳокимияти органлари томонидан белгиланган тарифлар бўйича амалга оширилиши қайд этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагилар:
бир йўловчи оғирлиги 20 килограммдан ортиқ бўлган багажини ташиш хизмати учун бир марталик тўлов тарифи 4 000 (тўрт минг) сўм;
Троллейбус йўналишларида йўлкира ҳақи бир йўловчи учун 3 000 (уч минг) сўм (ҚҚС билан) қилиб белгилансин.
3. Аҳолига кўрсатилаётган хизматлар жозибадорлигини ошириш ҳамда автобус ва троллейбус йўналишларида йўловчиларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида:
1-босқичда 2026 йил 1 июлдан SHI-4, SHI-5, SHI-7, SHI-13, SHI-18, SHI-19 va SHI-28-сонли автобус йўналишлари ҳамда T1-сонли «Урганч шаҳри — Хива шаҳри» троллейбус йўналишида;
2-босқичда қолган автобус ҳамда троллейбус йўналишларида белгиланган тартибда брутто-шартномаси расмийлаштирилгандан кейин йўлкира ҳақини тўлашда нақд пулсиз тўлов тизими амалиёти жорий этилсин ва тўловлар фақат электрон тарзда қабул қилиниши йўлга қўйилсин.
4. Урганч шаҳар ҳокимлиги (Б. Раджапов), Урганч тумани ҳокимлиги (Ғ. Султанов), Қўшкўпир тумани ҳокимлиги (Ш. Ахмедов), Хива тумани ҳокимлиги (С. Палванов), Хива шаҳар ҳокимлиги (Т. Давлетов):
2026 йил 1 июлга қадар йўлкира ҳақини тўлаш нақд пулсиз фақат электрон тарзда амалга оширилиши йўлга қўйилиши муносабати билан Д215 «Урганч — Хива» автомобиль йўлининг тегишлилигича ўз ҳудудида нақд пулсиз тўлов тизими учун инфратузилма объектлари (зарур бекатларни қуриш ҳамда барча бекатларда ва мавжуд бекатга яқин жойларда (радиуси: шаҳарларда — 150 — 200 метр, туманларда — 500 — 600 метр) чипта олишга мўлжалланган инфокиосклар) билан таъминласин.
«Хоразм ҳудудий электр тармоқлари» АЖ (С. Берегин) билан биргаликда инфокиосклар ўрнатиладиган бекатларнинг манзилли рўйхатига мувофиқ босқичма-босқич электр қувватига (50 метр радиус атрофида) улаш чораларини кўрсин.
5. Вилоят транспорт бошқармаси (Т. Сатимов):
мазкур қарор талабларидан келиб чиқиб, икки кун муддатда қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ йўловчи ташувчи корхоналар билан тузилган оммавий оферта шартномаларига тегишли қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш;
йўловчи ташувчи корхоналарга тегишли ҳар бир йўналиш бўйича ҳаракатланаётган автобус ҳамда троллейбуслар салонида валидаторларнинг узлуксиз ва сифатли ишлашини таъминлаш ҳамда йўловчиларнинг ушбу қурилмадан фойдаланишда қўшимча имкониятлар яратиш;
йўлкира ҳақини тўлаш нақд пулсиз фақат электрон тарзда амалга оширилиши йўлга қўйилиши муносабати билан нақд пулсиз тўлов тизимининг йўловчилар учун қулайлиги ва афзалликлари юзасидан оммавий ахборот воситалари орқали кенг оммага етказиш чораларини кўрсин.
6. Транспорт назорати инспекцияси вилоят ҳудудий бўлими (М. Анёзов) «Хоразм йўловчи ташишни мониторинг ва назорат қилиш» давлат муассасаси (У. Тажиев) билан биргаликда:
Урганч шаҳрида барча йўналишларда ҳаракатланаётган автобуслар ҳамда троллейбус йўналишларидаги троллейбусларнинг валидаторлар билан жиҳозланишини таъминласин ҳамда йўлкира ҳақини автоматлаштирилган тўлов тизими АТТО орқали тўланишини доимий назоратга олсин;
валидатор ўрнатилмаган йўловчи ташувчи автобус ҳамда троллейбус корхоналарига нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўрсин.
7. Вилоят ҳокимининг 2025 йил 11 июндаги «Урганч ва Хива шаҳарлари ҳудудида йўловчилар ташиш транспорти хизматларига янги тарифларнинг жорий қилиниши тўғрисида»ги 263-12-0-Қ/25-сонли қарорининг 2-банди «а» ва «б» кичик хатбошилари «сўм» сўзларидан кейин «ҚҚС билан» сўзлари билан тўлдирилсин.
8. Мазкур қарор «Хоразм ҳақиқати» газетасида расмий эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.
9. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари А. Давлетов зиммасига юклансин.
Вилоят ҳокими Ж. РАХИМОВ
Хоразм вилояти,
2026 йил 18 июнь,
223-12-0-Q/26-сон