Ўзбекистон Республикаси билан Сербия Республикаси ўртасида
Қўшма декларация
Стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси ва Сербия Республикаси, кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталувчилар,
икки томонлама алоқаларнинг мустаҳкамлиги ва фаоллигини ҳамда яқин ва дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлашга бўлган ўзаро интилишни эътироф этиб,
дўстлик, шериклик, суверен тенглик, ўзаро ҳурмат ва ишончга ҳамда турли соҳалардаги манфаатларининг уйғунлигига асосланган муносабатларидан келиб чиқиб,
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низомига ҳамда халқаро ҳуқуқнинг принцип ва нормаларига содиқлигини яна бир бор тасдиқлаб,
бир-бирларининг мустақиллиги, суверенитети ва халқаро тан олинган чегаралари доирасидаги ҳудудий яхлитлигини қатъий қўллаб-қувватлашини қайта тасдиқлаб,
кўп томонламаликни ҳамда халқаро кўп томонлама тизимнинг ўзаги сифатида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тизими ислоҳотларини илгари суриш зарурлигини таъкидлаб,
демократия, қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликлар каби умумий асосий қадриятларни рағбатлантириш ва ҳимоя қилишга содиқлигини қайд этиб,
иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш, шу жумладан, икки томонлама савдони диверсификация қилиш ва ўзаро инвестицияларни рағбатлантириш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтириш муҳимлигини эътироф этиб,
икки томонлама муносабатларнинг узоқ муддатли истиқболида ўзаро англашув ҳамда ўзаро ҳурмат, ишонч ва дўстлик муҳитини рағбатлантиришда маданий дипломатиянинг ролини эътироф этиб,
мустаҳкам, барқарор ва чуқурлашиб бораётган икки томонлама ҳамкорликни ҳамда стратегик шерикликни ўрнатишга бўлган қўшма интилишни тасдиқлаб,
1. Томонлар муносабатларни қуйидаги соҳаларда стратегик шериклик муносабатлари даражасига кўтаришга қатъий қарор қилганликларини таъкидладилар:
I. Сиёсий, мудофаа ва хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик
Томонлар стратегик шериклар сифатида бир-бирининг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қатъий қўллаб-қувватлайдилар, шунингдек, Томонлардан бирининг манфаатларига таъсир кўрсатиши ва/ёки икки давлатнинг стратегик шериклигига зарар етказиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳаракатлардан тийиладилар.
Томонлар ўзаро юқори даражадаги ташрифлар динамикасини ва ўз стратегик манфаатларига асосланган мунтазам юқори даражадаги мулоқотни қўллаб-қувватлайдилар.
Томонлар икки томонлама муносабатларнинг бутун кўламини кўриб чиқиш ва келгуси ҳамкорликнинг янги йўналишларини ўрганиш, шунингдек, ўзаро қизиқиш уйғотадиган минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашиш борасида муҳим механизм сифатида ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги мунтазам сиёсий маслаҳатлашувларни жадаллаштирадилар.
Томонлар терроризм ва трансмиллий уюшган жиноятчиликнинг барча шаклларига, шу жумладан, қурол-яроғларнинг ноқонуний айланмаси, жиноий йўл билан олинган даромадларни легаллаштириш, одам савдоси, ноқонуний миграция ҳамда умумий ташвиш уйғотадиган бошқа хавфсизлик таҳдидлари ва чақириқларига қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорликни кучайтирадилар.
Томонлар ўзаро манфаатдорлик тамойилига ҳамда Томонларнинг миллий қонунчилиги ва халқаро ҳуқуққа мувофиқ хавфсизлик сиёсати соҳасидаги мулоқот ва ҳамкорликни кенгайтирадилар.
Томонлар ташқи сиёсат ва хавфсизлик соҳасидаги илмий-тадқиқот ва эксперт ташкилотлари ўртасидаги алоқаларни яқинлаштиришга кўмаклашадилар.
Томонлар халқаро ҳамжамиятнинг бу борадаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш мақсадида учинчи мамлакатларда халқаро гуманитар ёрдам ва ривожланишга кўмаклашиш соҳаларида ҳамкорлик асосини яратадилар.
Томонлар спикерлар, қўмиталар, дўстлик гуруҳлари ва бошқа парламент вакилларининг мунтазам ўзаро ташрифлари ва учрашувлари орқали ҳам икки томонлама, ҳам халқаро ва минтақавий парламент платформалари доирасида парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлашга кўмаклашадилар.
II. Иқтисодиёт, савдо, энергетика, транспорт ва қишлоқ хўжалиги
Томонлар стратегик шериклик мақсадларига эришиш учун иқтисодий ва савдо муносабатларини янада кучайтирадилар ва диверсификация қиладилар.
Томонлар икки томонлама иқтисодий ҳамкорликни мувофиқлаштириш ва рағбатлантиришга қаратилган муҳим механизм сифатида Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Сербия қўшма комиссияси (кейинги ўринларда «Қўшма комиссия» деб аталувчи) фаолиятини қўллаб-қувватлайдилар.
Томонлар савдо алмашинуви ва ўзаро инвестицияларни ривожлантиришнинг янги имкониятларини ўрганадилар, шунингдек, икки томонлама иқтисодий шерикликнинг муҳим тармоқлари сифатида савдо ва инвестицияларни янада рағбатлантириш учун ҳуқуқий асосни мустаҳкамлаш ва бизнес муҳитини яхшилаш бўйича барча мавжуд имкониятларни ишга соладилар.
Томонлар икки томонлама иқтисодий ҳамкорликнинг муҳим асоси сифатида энергетика соҳасидаги ҳамкорликнинг ривожланишини янада мустаҳкамлайдилар.
Томонлар туризм, савдо ва маданий алмашинувни жадаллаштириш мақсадида тўғридан-тўғри ҳаво қатновини йўлга қўйиш имкониятларини баҳолайдилар.
Ўзбекистон Сербиялик инвесторларнинг, хусусан, юқори қўшилган қийматли ва экспортга йўналтирилган ишлаб чиқариш билан шуғулланувчиларнинг, Ўзбекистоннинг эркин иқтисодий зоналарида ўз бизнесларини ташкил этишларини кўриб чиқишга таклиф қилади.
Сербия Ўзбекистон компанияларини Сербиядаги қулай инвестиция имкониятларини ўрганишга ва ҳар икки мамлакатнинг ўзаро манфаатларига мос келадиган тармоқларда ўз бизнесини ташкил этишга таклиф қилади.
Томонлар ҳар икки мамлакатдаги кичик ва ўрта корхоналар, иқтисодий зоналар, савдо-саноат палаталари ва бошқа тадбиркорлик ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни янада рағбатлантирадилар.
Томонлар ҳар икки мамлакат компанияларини Ўзбекистон ва Сербияда ўтказиладиган савдо ярмаркалари, кўргазмалар ва бизнес-форумларда фаол иштирок этишга таклиф қиладилар.
Томонлар учинчи мамлакатлардаги инфратузилма лойиҳаларида биргаликда иштирок этиш имкониятларини ўрганадилар.
Томонлар Ўрта коридорнинг глобал таъминот занжирининг муҳим қисми сифатидаги ортиб бораётган аҳамиятини эътироф этган ҳолда, ўз ҳудудлари орқали Европа ва Осиё ўртасидаги товар оқимлари учун транспорт йўналишларини ўрганадилар.
Томонлар ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва унинг доирасини кенгайтириш истагини билдирдилар. Улар, шунингдек, Сербиядан Ўзбекистонга ускуналар ва илғор технологиялар етказиб беришни кўпайтириш учун қулай шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратдилар.
Томонлар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорликни, шу жумладан, иқлим ўзгариши муаммоларини ҳал этиш, барқарор ривожланишни рағбатлантириш ва табиий ресурсларни муҳофаза қилиш бўйича ташаббусларни мустаҳкамлайдилар.
Томонлар сув хўжалиги соҳасида, шу жумладан, сув ресурсларини бошқариш, уларни асраш ва самарали фойдаланиш бўйича тажриба ва илғор амалиётлар алмашинувини қўллаб-қувватлайдилар.
Томонлар Ўзбекистон ва Сербия ўртасидаги ўзаро англашув ва халқлар ўртасидаги алоқаларни кучайтириш мақсадида туризмни тарғиб қилиш ва маданий алмашинув соҳасидаги ҳамкорликни қўллаб-қувватлайдилар.
III. Таълим, фан, маданият ва халқлар ўртасидаги алоқалар
Томонлар ҳар икки мамлакат аҳолисининг хабардорлигини ошириш мақсадида маданият ва таълим соҳаларидаги ҳамкорликни мустаҳкамлайдилар ва кучайтирадилар ҳамда халқлар ўртасидаги алоқаларни ҳамда шаҳарлар ва ҳудудлар, шунингдек, мактаблар ва университетлар ўртасидаги шериклик лойиҳаларини янада қўллаб-қувватлайдилар.
Томонлар икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш ва диверсификация қилишнинг узоқ муддатли истиқболларига эга, инновацияларга йўналтирилган ёндашув орқали фан ва технологиялар соҳасидаги ҳамкорликни кучайтирадилар.
Томонлар бир-бирларининг ҳудудида маданий ва тил соҳасига оид фаолиятларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш соҳасида ҳамкорликни давом эттирадилар.
Томонлар ҳаракат режалари ва дастурларни қабул қилиш орқали таълим, фан ва маданият соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтирадилар ҳамда талабалар, докторантлар ва академик ходимлар учун алмашинув дастурларини, олий таълим муассасалари ўртасидаги семинарлар ва қўшма диплом дастурларини рағбатлантирадилар.
Томонлар касб-ҳунар таълими ва ўқитиш тизимларининг ислоҳотлари ва модернизацияси тўғрисидаги ахборот билан алмашадилар ҳамда мактабдан кейинги таълимдан фойдаланиш имкониятини янада кенгайтирадилар.
Томонлар ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришга ўзаро қизиқиш билдирдилар.
IV. Халқаро ва минтақавий ҳамкорлик
Томонлар халқаро тинчлик ва хавфсизликка таҳдидларни самарали бартараф этувчи Хавфсизлик Кенгашида тенг ва янада адолатли географик вакилликни таъминлашга қаратилган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тизимига алоҳида эътибор қаратган ҳолда, ислоҳ қилинган, фаоллаштирилган ва мустаҳкамланган кўп томонлама тизимни илгари суришни давом эттирадилар.
Томонлар халқаро ташкилотлар доирасида ҳамкорлик ва ўзаро манфаатли қўллаб-қувватлашни давом эттиришга ҳамда БМТ Низоми ва халқаро ҳуқуқнинг бошқа асосий нормаларига асосланган қонуний манфаатларини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини таъкидлайдилар.
Ўзбекистон ва Сербия ЮНЕСКО доирасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга тайёрлигини билдирадилар.
Сербия томони Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда тинчлик, барқарор ривожланиш ва яхши қўшничилик муносабатларини таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди ҳамда минтақавий субъектлиликни мустаҳкамлашда муҳим рол ўйнайдиган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари аҳамиятини алоҳида таъкидлайди.
Томонлар халқаро ташкилотлар доирасида позицияларни муҳокама қилиш ва мувофиқлаштириш, шунингдек, халқаро ташкилотларнинг, шу жумладан, БМТ, ЕХҲТ ва бошқа кўп томонлама тузилмаларнинг сайлов органларига номзодларни ўзаро қўллаб-қувватлаш бўйича яқин ҳамкорликни давом эттирадилар.
2. Томонлар икки томонлама шартномавий-ҳуқуқий базани янада ривожлантириш учун барча зарур чора-тадбирларни кўрадилар.
3. Мазкур Қўшма декларация бошқа бирор давлатга ёки давлатлар гуруҳига қарши қаратилмаган ҳамда Томонларнинг ўзлари иштирокчиси боТган халқаро икки томонлама ёки кўп томонлама битимлар бўйича ҳуқуқ ва/ёки мажбуриятларига, шу жумладан, Сербия Республикасининг Европа Иттифоқига интеграцияси жараёнидан келиб чиқадиган мажбуриятларига дахл қилмайди.
Белград шаҳрида, 2026 йил 8 сентябрда, икки асл нусхада, ўзбек, серб ва инглиз тилларида имзоланди.
(имзолар)