Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг
меъёрлари
Мобил телефонлардан фойдаланишда санитария нормалари ва қоидалари
1. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1.1. Мазкур нормалар ва қоидалар қуйидагиларни белгилайди:
бевосита фойдаланувчиларнинг боши яқинида 300-2400 МГс частота диапазонидаги мобил алоқа воситалари (уяли телефонлар) ҳосил қиладиган электромагнит нурланишлар (ЭМН) энергия оқими зичлигининг йўл қўйиладиган энг юқори даражалари;
электромагнит нурланишлар даражасини назорат қилишга ва ўлчов асбобларига қўйиладиган умумий талаблар;
профессионал гуруҳлар ва аҳоли томонидан мобил алоқа воситаларини ишлатишга ҳамда улардан фойдаланишга қўйиладиган талаблар.
1.2. Ушбу санитария қоидаларининг талаблари мобил алоқа воситалари ҳосил қиладиган электромагнит нурланишларнинг (ЭМН) инсон саломатлигига нохуш таъсирининг олдини олишга қаратилган.
1.3. Санитария қоидалари ва меъёрларининг амалга киритилиш муддатлари улар тасдиқланган пайтдан эътиборан белгиланади.
2. ЎЛЧОВ БИРЛИКЛАРИ ВА МЕЪЁРЛАНАДИГАН ПАРАМЕТРЛАР
2.1. Мобил алоқа воситалари ҳосил қиладиган электромагнит нурланишларнинг уларнинг фойдаланувчиларига таъсирини баҳолашда ўлчов бирлиги сифатида 300-2400 МГс частоталар диапазонида энергия оқими зичлиги (ЭОЗ) қийматлари мкВт/см2 да олинади.
2.2. Мобил алоқа воситалари томонидан фойдаланувчининг боши яқинида ҳосил қилинадиган электромагнит нурланишнинг йўл қўйиладиган энг юқори даражалари 100 мкВт/см2 дан ошмаслиги керак.
2.3. Мобил алоқа воситаларини ишлатишга фақатгина уларнинг санитария меъёрларига мувофиқлиги тўғрисида санитария-эпидемиология хулосаси мавжуд бўлгандагина йўл қўйилади.
2.4. Санитария-эпидемиология хулосаси Давлат санитария-эпидемиология назорати марказлари (ДСЕНМ) томонидан санитария-эпидемиология экспертизаси натижаларига асосан ёки «Ўзстандарт» агентлигида аккредитациядан ўтган ташкилотлар, муассасалар, хусусий фирмалар томонидан берилади.
3. ЭЛЕКТРОМАГНИТ НУРЛАНИШ ДАРАЖАЛАРИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР
3.1. Мобил алоқа воситалари ҳосил қиладиган ЭМН даражаларини назорат қилиш учун белгиланган тартибда тасдиқланган услубий кўрсатмаларга мувофиқ ҳисоблаш ва инструментал усуллардан фойдаланилади.
3.2. Ҳисоблаш усуллари лойиҳа ҳужжатлари босқичида, узатувчи станциялар турлари, антенналар турлари, уларнинг параметрлари ва фазовий жойлашуви, жой рельефи, акс эттирувчи сиртларнинг мавжудлиги тўғрисида маълумотлар бўлган тақдирда, таянч станцияларнинг ЭМНини гигиеник баҳолаш учун қўлланилади.
3.3. Инструментал тадқиқотлар нурлантирувчи объектларнинг максимал режимлари ва қуввати доимийлигини таъминлаш шароитида мобил алоқа воситалари ҳосил қиладиган ЭМН даражаларини назорат қилишда ўтказилади.
таъмирлаш ишлари ва ЭМН даражасини пасайтириш бўйича чора-тадбирлар ўтказилгандан сўнг;
ЭМН даражалари ҳар йили даврий назорат қилинганда (йилига камида бир марта).
3.4. Мобил алоқа воситалари ҳосил қиладиган энергия оқими зичлиги бўйича ЭМН инструментал назорати гигиеник хулоса бериш босқичида амалга оширилади.
3.5. ЭМН энергия оқими зичлигини ўлчаш тадқиқотларнинг ишончли натижаларини олишга имкон берадиган, турли хил халал берувчи омиллар таъсирини истисно қиладиган шароитларда амалга оширилиши керак. Халал берувчи омилларга қуйидагилар киради: металл конструкциялар, қувурлар, металл батареялар ва бошқалар.
3.6. Мобил алоқа воситалари томонидан 300 МГс дан 2 ГГс гача бўлган частота диапазонларида ҳосил қилинадиган ЭМН даражаларини энергия оқими зичлиги бўйича ўлчаш нурлантирувчи антеннадан микрофон ва қулоқчин томонда 3-4 см масофада амалга оширилиши лозим.
4. ЎЛЧАШ АППАРАТЛАРИГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР
4.1. ЭМН даражаларининг инструментал назорати ЎзР «Ўзстандарт» агентлиги органларида амалдаги давлат қиёсловидан ўтказилганлик тўғрисидаги гувоҳномага эга бўлган ўлчаш воситалари ёрдамида амалга оширилади.
4.2. 300 МГс — 2 ГГс частота диапазонларидаги ЭМНни ўлчаш учун энергия оқими зичлигининг ўртача қийматларини баҳолашга мўлжалланган, ўлчаш хатолиги ±40% дан ошмайдиган асбоблар (ПЗ-19, ПЗ-20, ПЗ-23) ёки белгиланган тартибда давлат синовлари ва давлат қиёсловидан ўтган бошқа асбоблар қўлланилади. Бу ҳолат тегишли ҳужжатлар (метрологик аттестация баённомаси ва давлат қиёсловидан ўтказилганлик тўғрисидаги гувоҳнома) билан тасдиқланиши керак.
4.3. ЭМНни ўлчаш шартлари ва кетма-кетлиги ўлчаш асбобларидан фойдаланиш бўйича йўриқномалар талабларига мувофиқ амалга оширилиши керак.
5. МОБИЛ АЛОҚА ВОСИТАЛАРИ ЭЛЕКТРОМАГНИТ НУРЛАНИШИНИНГ ФОЙДАЛАНУВЧИЛАР ОРГАНИЗМИГА НОХУШ ТАЪСИРИНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ
5.1. Мобил алоқа воситаларининг ЭМН таъсирига касби юзасидан дуч келадиган шахслар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2000 йил 6 июндаги 300-сонли буйруғига мувофиқ ишга киришдан олдин дастлабки ва даврий тиббий кўриклардан ўтишлари шарт.
5.2. Мобил алоқа воситаларининг техник ҳужжатларида улар ҳосил қиладиган ЭМН даражалари тўғрисидаги маълумотлар бўлиши керак.
5.3. Фойдаланувчиларни мобил алоқа воситаларининг ЭМН таъсиридан ҳимоя қилиш учун қуйидагилар тавсия этилади:
радиотелефонлардан фойдаланиш вақтини иложи борича қисқартириш (3-4 дақиқагача), 18 ёшга тўлмаган шахслар ва ҳомиладор аёлларнинг ундан фойдаланишини чеклаш;
автомобиль ичида радиотелефонлардан фойдаланмаслик, чунки экранлаш шароитида одамга таъсир қилувчи электромагнит нурланиш оқимининг зичлиги бир неча баробар кучаяди.
5.4. Шахсий ҳимоя воситалари сифатида қуйидагилар таклиф этилади:
«Биоэлектроник» (Германия) фирмасининг «Протестор» экранловчи ғилофлари; уларнинг самарадорлиги ЭМНни экранлаш ҳисобига бош соҳасида «электромагнит соя» ҳосил қилишга асосланган;
МГ-1 «Нейтронник» қурилмаси – радиотелефонларни ЭМНдан ҳимоя қилувчи микроэлектрон қурилма бўлиб, маҳсулот йўриқномасига мувофиқ радиотелефоннинг орқа панелига ёпиштирилади ҳамда қалинлиги 0,6 мм ва ўлчами 40х40 мм дан ошмайдиган шаффоф асосдаги ясси генератор кўринишида ишланган.
Қурилма линиясининг материаллари қатъий белгиланган йўналишга эга бўлиб, мис, кумуш, палладий, титан ва алюминий фолгаларидан ясалган. Қурилма Россия Федерациясида патентланган (1998 йил 23 декабрдаги 2139579-сонли патент) ҳамда Россия Федерацияси, Беларус, Латвия илмий тадқиқот муассасалари ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан қўллаш учун маъқулланган (ЎзР ДСЕНМ Департаментининг 20.06.2001 йилдаги 012/475-сонли хати).