ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ШОВОТ ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ
ҚАРОРИ
Шовот туманида 2026 йил учун юридик ва жисмоний шахсларнинг қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлари учун ер солиғи ҳамда сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ва норуда қурилиш материаллари учун (цементдан ташқари) солиқ ставкаларини белгилаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 429 ва 437-моддалари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитасининг 2025 йил 12 ноябрдаги 24-127593-сонли хати, вилоят солиқ бошқармаси ва вилоят иқтисодиёт ва молия бош бошқармасининг 2025 йил 3 декабрдаги қўшма хатлари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонунининг 6 ва 24-моддаларига асосан халқ депутатлари Шовот тумани Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитасининг 2025 йил 12 ноябрдаги 24-127593-сонли, вилоят солиқ бошқармаси ва вилоят иқтисодиёт ва молия бош бошқармасининг 2025 йил 3 декабрдаги қўшма хатлари маълумот учун қабул қилинсин.
2. Маҳаллалар иқтисодий салоҳияти ва ривожланишига қараб, 2026 йил 1 январдан жисмоний шахслар учун белгиланган ер солиғи базавий ставкаларига қўлланиладиган коэффициентлар миқдорлари 1-иловага;
юридик шахслар учун белгиланган ер солиғи базавий ставкаларига қўлланиладиган коэффициентлар миқдорлари 2-иловага;
сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкасига 0,7 дан 1,3 гача қўлланиладиган коэффициентлар миқдори 3-иловага;
норуда қурилиш материаллари учун (цементдан ташқари) белгиланган қатъий ставкаларига қўлланиладиган 1,3 барваргача оширувчи коэффициентлар миқдори 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Бунда, ер солиғининг амалдаги ставкалари 1,2 бараварга индексация қилиниши инобатга олинсин ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари кейинги йил учун белгиланган маҳаллий бюджет прогнози доирасидан келиб чиққан ҳолда камайтирувчи ва оширувчи коэффициент қўллаш мақсадга мувофиқ бўлади.
3. Туман ҳокимлигининг ахборот хизмати бўлими (С. Йўлдошев), «Шовот истиқболи» газетаси (М. Абдалова) ҳамда туман ҳокимлиги бош юрисконсульти (З. Рахимов) билан ҳамкорликда;
мазкур қарорни туман ҳокимлигининг шовоттуман.уз расмий веб-сайтига жойлаштирсин ҳамда «Шовот истиқболи» газетасида расмий эълон қилсинлар.
4. Халқ депутатлари Шовот тумани Кенгашининг 2024 йил 27 декабрдаги VII-4-033-12-177-K/24-сонли қарори 2026 йил 1 январь кунидан ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
5. Мазкур қарор расман эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш халқ депутатлари Шовот тумани Кенгашининг маҳаллий бюджет, тадбиркорликни ривожлантириш ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари бўйича доимий комиссияси раиси Г. Досова зиммасига юклатилсин.
Кенгаш раиси М. ДАВЛАТОВ
Хоразм вилояти, Шовот тумани,
2026 йил 6 январь,
VII-18-1-12-177-K/26-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.