Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси билан Сербия Республикаси Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлиги ўртасида
Англашув меморандуми
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ва Сербия Республикаси Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлиги, кейинги ўринларда алоҳида «Иштирокчи» ва биргаликда «Иштирокчилар» деб аталувчилар,
икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатларни инобатга олиб,
атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва барқарор ривожланиш соҳасида доимий икки томонлама ҳамкорликни бошлаш истагини ифода этиб,
Иштирокчилар ўртасидаги бундай ҳамкорлик ўзаро манфаатли эканлигига ва икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлашига ишонч билдириб,
ҳар икки мамлакатнинг миллий қонунчилигига ва халқаро атроф-муҳит ҳуқуқи тамойилларига амал қилиб,
атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва яхшилаш, шунингдек, ҳозирги ва келажак авлодларнинг соғлиғи ҳамда фаровонлиги учун барқарор ривожланишнинг муҳимлигини эътироф этиб,
қуйидаги ўзаро англашувга эришдилар:
1-параграф
Мақсад
Мақсад
Атроф-муҳит ифлосланишини камайтириш ва табиатни муҳофаза қилишни таъминлаш мақсадида, тенглик, ўзаролик ва ўзаро манфаатдорлик тамойиллари асосида Иштирокчилар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорликни, шу жумладан, тажриба, ахборот, билим ва технологиялар алмашинувини ривожлантирадилар ва рағбатлантирадилар.
2-параграф
Ҳамкорлик соҳалари
Ҳамкорлик соҳалари
Иштирокчилар қуйидаги устувор йўналишларда ҳамкорлик қилиш ниятини билдирадилар:
а) табиатни муҳофаза қилиш ва муҳофаза этиладиган ҳудудларни бошқариш,
б) атроф-муҳит назорати ва мониторинги,
с) атроф-муҳитни баҳолаш,
д) сув ва ер ресурсларини бошқариш,
э) чиқиндиларни бошқариш,
ф) ҳаво ва озон қатламини муҳофаза қилиш,
г) иқлим ўзгариши,
ҳ) Иштирокчилар тарафидан биргаликда келишилган бошқа ҳамкорлик йўналишлари.
3-параграф
Ҳамкорлик шакллари
Ҳамкорлик шакллари
Иштирокчилар ўртасидаги мазкур Англашув Меморандуми (Меморандум) доирасидаги ҳамкорлик қуйидаги тадбирларни амалга ошириш орқали амалга оширилади:
а) ҳар икки Иштирокчининг экспертлари ва қарор қабул қилувчилари ҳамда бошқа тегишли манфаатдор томонлари ўртасида юзма-юз ва онлайн тарзда ўтказиладиган қўшма семинарлар, тренинглар ва учрашувлар,
б) экспертларнинг алмашинув ташрифлари, шу жумладан, давлат хизматчилари ва делегациялар,
с) ўзаро келишилган бошқа ҳамкорлик шакллари.
4-параграф
Амалга ошириш
Амалга ошириш
Ҳар бир Иштирокчи мазкур Меморандум доирасидаги келгуси ҳамкорликни кўриб чиқиш ва осонлаштириш, шунингдек, уни амалга ошириш бўйича иш режаларини тузиш мақсадида мазкур Меморандумни амалга ошириш учун мувофиқлаштирувчи шахсларни тайинлайди.
Ўзбекистон Республикаси ва Сербия Республикасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш учун масъул ваколатли органлари мазкур Меморандум қоидаларини амалга оширишни умумий мувофиқлаштиришни таъминлайдилар.
5-параграф
Молиявий масалалар
Молиявий масалалар
Мазкур Меморандум доирасидаги ҳамкорлик Иштирокчиларнинг тегишли мавжуд ресурслари доирасида амалга оширилади. Мазкур Меморандум ҳеч бир Иштирокчи учун ҳеч қандай молиявий мажбурият юзага келтирмайди.
6-параграф
Мақоми
Мақоми
Мазкур Меморандум халқаро шартнома ҳисобланмайди ва Иштирокчилар учун ҳуқуқ ва мажбуриятлар яратмайди.
Мазкур Меморандум Иштирокчиларнинг ҳар бир мамлакат иштирокчиси бўлган бошқа икки томонлама ва кўп томонлама битимлардан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
7-параграф
Низоларни ҳал этиш
Низоларни ҳал этиш
Мазкур Меморандумни талқин қилиш ва қўллаш билан боғлиқ ёки ундан келиб чиқадиган ҳар қандай низо Иштирокчилар ўртасида дипломатик каналлар орқали дўстона тарзда ҳал этилади.
8-параграф
Ўзгартиришлар
Ўзгартиришлар
Мазкур Меморандумга Иштирокчиларнинг ўзаро розилиги билан исталган вақтда ўзгартиришлар киритилиши мумкин. Қабул қилинган барча ўзгартиришлар мазкур Меморандумнинг ажралмас қисмига айланади.
9-параграф
Ахборот махфийлиги
Ахборот махфийлиги
Мазкур Меморандумни амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда Иштирокчилар ўртасида алмашилган ҳар қандай оммавий бўлмаган ахборот махфий деб ҳисобланади ва ахборотни тақдим этган Иштирокчининг олдиндан ёзма розилигисиз учинчи томонга ошкор қилинмайди, бундан бундай ошкор қилиш миллий қонунчиликка кўра талаб қилинадиган ёки ахборот муқаддам оммага ошкор бўлган ҳоллар мустасно.
10-параграф
Меморандумнинг амал қилиши, муддати ва тўхтатилиши
Меморандумнинг амал қилиши, муддати ва тўхтатилиши
Мазкур Меморандум имзоланган санадан бошлаб амал қила бошлайди.
Мазкур Меморандум беш (5) йил муддатга тузилади ва, башарти Иштирокчилардан бири дастлабки беш (5) йиллик муддат тугашига камида уч (3) ой қолганда бошқа Иштирокчини мазкур Меморандумдаги иштирокини тўхтатиш нияти тўғрисида ёзма равишда хабардор қилмаса, ўз-ўзидан навбатдаги беш (5) йиллик муддатга узайтирилади.
Мазкур Меморандумнинг тўхтатилиши, башарти Иштирокчилар тарафидан бошқача келишилмаган бўлса, мазкур Меморандумга мувофиқ келишилган ва тўхтатилишдан олдин бошланган лойиҳа ва тадбирларнинг амал қилиши ва муддатига дахл қилмайди.
Белград шаҳрида, 2026 йил 8 сентябрда, икки (2) асл нусхада, ўзбек, серб ва инглиз тилларида имзоланди, бунда ҳар бир нусха тенг аутентикдир. Талқин қилишда ҳар қандай тафовут юзага келган тақдирда, инглиз тилидаги матндан фойдаланилади.
(имзолар)