Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан Сербия Республикаси Меҳнат, бандлик, фахрийлар ва ижтимоий масалалар вазирлиги ўртасида
МЕМОРАНДУМ
ногиронлиги бўлган шахсларнинг мақомини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва Сербия Республикаси Меҳнат, бандлик, фахрийлар ва ижтимоий масалалар вазирлиги (кейинги ўринларда «Иштирокчилар» деб аталувчилар),
икки давлат ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва умумий шерикликни чуқурлаштиришга ҳисса қўшиш истагида,
қуйидаги ўзаро англашувга эришдилар:
1-модда
Иштирокчилар ўз ҳамкорлиги ногиронлиги бўлган шахсларнинг мақомини ҳимоя қилиш ва рағбатлантиришга ҳамда икки муассаса ўртасидаги ўзаро англашувни чуқурлаштиришга ҳисса қўшишига интиладилар.
2-модда
Ўз ваколатлари доирасида ва миллий қонунчилигига мувофиқ, Иштирокчилар сиёсат, ҳуқуқий ва институционал асосларни такомиллаштириш; қулай, шахсга йўналтирилган ва жамоага асосланган ижтимоий хизматлар; мустақил яшашни қўллаб-қувватлаш, меҳнат қобилиятини баҳолаш, касбий реабилитация, бандлик ва ижтимоий ҳаётда иштирок этиш; ахборот, алоқа, давлат хизматлари ва жисмоний муҳитнинг қулайлиги; ҳамда ногиронлик инклюзияси соҳасида касбий салоҳиятни ошириш йўналишларида ҳамкорликни ривожлантирадилар.
Зарур ҳолларда, Иштирокчилар ўз ваколатларига кирадиган ногиронлиги бўлган шахсларнинг мақомини рағбатлантириш ва ҳимоя қилишга оид бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқишлари мумкин.
3-модда
Иштирокчилар қонунчилик, сиёсат ҳужжатлари, методологиялар ва таҳлилий материаллар алмашиш; конференция, семинар, ўқув дастурлари ва ўрганиш ташрифларини ўтказиш; экспертлар алмашиш; ҳамда қўшма дастур ва лойиҳаларни ишлаб чиқиш орқали ҳамкорлик қиладилар.
Иштирокчилар мазкур Меморандум мақсадларига эришиш учун тегишли бўлган ҳолларда, бандлик масалалари бўйича ваколатли ташкилотлар, ногиронлиги бўлган шахслар ташкилотлари, ижтимоий хизмат кўрсатувчилар, илмий-тадқиқот муассасалари, фуқаролик жамияти ва халқаро ташкилотлар вакилларини тегишли тадбирларда иштирок этишга таклиф қилишлари мумкин.
4-модда
Иштирокчилар мазкур Меморандум қамраб олган мавзулар бўйича ахборот ва баҳоларни алмашиш мақсадида йилига камида икки марта, ўзаро келишилган шакл ва тартибда учрашувлар ўтказадилар.
5-модда
Мазкур Меморандум доирасидаги ҳамкорлик учун иш тиллари серб ва ўзбек тиллари, ўзаро келишилган ҳолларда эса инглиз тили ҳам бўлади.
6-модда
Мазкур Меморандум қоидалари Иштирокчиларга ногиронлиги бўлган шахсларнинг мақомини яхшилаш ва ҳимоя қилишга оид умумий манфаатларга эга бошқа масалалар бўйича келишиб олишларига тўсқинлик қилмайди.
7-модда
Иштирокчилар, агар ёзма равишда бошқача келишилмаган бўлса, мазкур Меморандумни амалга ошириш билан боғлиқ харажатларни мустақил равишда қоплайдилар.
8-модда
Мазкур Меморандум халқаро шартнома ҳисобланмайди ҳамда халқаро ҳуқуқ билан тартибга солинадиган ҳуқуқ ёки мажбуриятлар юзага келтирмайди.
Мазкур Меморандумга Иштирокчиларнинг ўзаро розилиги билан ўзгартиришлар киритилиши мумкин.
Иштирокчилар ўртасида мазкур Меморандум қоидаларини талқин қилиш ёки қўллашда юзага келадиган ҳар қандай келишмовчиликлар иккала Иштирокчининг вакиллари ўртасидаги маслаҳатлашувлар ёки музокаралар йўли билан ҳал этилади.
Мазкур Меморандум имзоланган санадан бошлаб 30 кун ўтгач амал қила бошлайди.
Мазкур Меморандум Иштирокчилардан бири бошқа Иштирокчига ёзма хабарнома юбориш орқали уни тўхтатмагунга қадар амалда бўлади. Мазкур Меморандум бошқа Иштирокчи бундай хабарномани олганидан кейин уч ой ўтгач амал қилишдан тўхтайди.
Белград шаҳрида, 2026 йил 8 сентябрь куни, икки нусхада, ҳар бири ўзбек, серб ва инглиз тилларида имзоланди, бунда барча матнлар тенг аутентикдир. Талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган тақдирда, инглиз тилидаги матндан фойдаланилади.
(имзолар)