Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан Сербия Республикаси Меҳнат, бандлик, фахрийлар ва ижтимоий масалалар вазирлиги ўртасида
меморандум
Меҳнатни муҳофаза қилиш ва соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ва Сербия Республикаси Меҳнат, бандлик, фахрийлар ва ижтимоий масалалар вазирлиги (кейинги ўринларда «Иштирокчилар» деб аталувчилар),
икки давлат ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва умумий шерикликни чуқурлаштиришга ҳисса қўшиш истагида,
қуйидаги ўзаро англашувга эришдилар:
1-модда
Иштирокчилар ўз ҳамкорлиги меҳнатни муҳофаза қилиш ва соғлиқни сақлашни ривожлантиришга ҳамда икки вазирлик ўртасидаги ўзаро англашувни чуқурлаштиришга ҳисса қўшишига интиладилар.
2-модда
Иштирокчилар ходимларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш мақсадида меҳнат шароитлари, меҳнатни муҳофаза қилишнинг олдини олиш чоралари ва маданияти, меҳнат жараёнида соғлиқни сақлаш, меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича назорат ва текширув фаолияти соҳаларида ҳамкорликни ривожлантирадилар.
Зарурат ҳолларда, Иштирокчилар ўз ваколатларига кирадиган меҳнатни муҳофаза қилиш ва соғлиқни сақлашга оид алоҳида масалаларни ҳам кўриб чиқадилар.
3-модда
Иштирокчилар ҳужжатлар ва бошқа материаллар алмашиш, конференция ва семинарлар ўтказиш, экспертлар алмашиш ҳамда лойиҳаларни ишлаб чиқиш орқали ҳамкорлик қиладилар.
Мазкур Меморандум мақсадларига эришиш учун зарур ҳолларда, Иштирокчилар муҳокамаларда қатнашиш учун ходимлар, иш берувчилар ва бошқа манфаатдор шахслар вакилларини таклиф қилишлари мумкин.
4-модда
Иштирокчилар мазкур Меморандум қамраб олган мавзулар бўйича ахборот ва баҳоларни алмашиш мақсадида йилига камида икки марта, навбатма-навбат ўз давлатларидан бирининг ҳудудида учрашувлар ўтказадилар.
5-модда
Иштирокчилар ўртасида тажриба алмашиш жараёнида иш тиллари ўзбек ва серб тиллари ҳисобланади.
6-модда
Мазкур Меморандум қоидалари Иштирокчиларга меҳнатни муҳофаза қилиш ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги умумий манфаатларга оид бошқа масалалар бўйича келишиб олишларига дахл қилмайди.
7-модда
Иштирокчилар мазкур Меморандумни амалга ошириш билан боғлиқ ўзларининг харажатларини мустақил равишда қоплайдилар.
8-модда
Мазкур Меморандум халқаро шартнома ҳисобланмайди ҳамда халқаро ҳуқуқ билан тартибга солинадиган ҳуқуқ ёки мажбуриятлар юзага келтирмайди.
Мазкур Меморандумга Иштирокчиларнинг ўзаро розилиги билан ўзгартиришлар киритилиши мумкин.
Иштирокчилар ўртасида мазкур Меморандум қоидаларини талқин қилиш ёки қўллашда юзага келадиган ҳар қандай келишмовчиликлар иккала Иштирокчининг экспертлари ўртасидаги маслаҳатлашувлар ёки музокаралар йўли билан ҳал этилади.
Мазкур Меморандум имзоланган санадан бошлаб 30 кун ўтгач амал қила бошлайди.
Мазкур Меморандум Иштирокчилардан бири бошқа Иштирокчига ёзма хабарнома юбориш йўли билан уни тугатгунига қадар амалда бўлади. Мазкур Меморандум бошқа Иштирокчи бундай хабарномани олганидан кейин уч ой ўтгач амал қилишдан тўхтайди.
Белград шаҳрида, 2026 йил 8 сентябрь куни, икки нусхада, ҳар бири ўзбек, серб ва инглиз тилларида имзоланди, бунда барча тиллардаги матнлар тенг аутентикдир. Келишмовчиликлар юзага келган тақдирда, инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)