Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитасининг 2026 йил биринчи ярим йиллигидаги фаолияти тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитасининг (бундан буён матнда Қўмита деб юритилади) 2026 йил биринчи ярим йиллигидаги фаолияти тўғрисидаги ахборотини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) Кенгаши таъкидлайдики, ўтган даврда Қўмита томонидан ер ислоҳотлари самарадорлигини таъминлаш, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасидаги ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилган, шунингдек мазкур соҳада олиб борилаётган ислоҳотларни ҳаётга изчил татбиқ этишга доир ишлар устидан таъсирчан парламент назорати ўрнатилган.
Ҳисобот даврида Қўмита 1 та яхлит қонун лойиҳаси, айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга қаратилган 10 та қонун лойиҳаси, шунингдек маъмурий-ҳудудий тузилиш масалалари билан боғлиқ бўлган Қонунчилик палатасининг 3 та қарори лойиҳаси устида иш олиб борган ҳамда қабул қилинган қонун ҳужжатлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига юборилган.
Ушбу қонун лойиҳаларида аграр соҳадаги миллий қонунчиликни халқаро нормаларга, шу жумладан Жаҳон савдо ташкилотининг битимларига уйғунлаштиришга, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга нисбатан ҳуқуқларни эътироф этиш ишларини янада тезлаштиришга, сувни муҳофаза қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга, ер тўғрисидаги қонунчиликни ва қишлоқ хўжалиги ер участкаларидан фойдаланиш тизимини такомиллаштиришга, суғориладиган ерларни муҳофаза қилишга, маҳсулот етиштирувчиларнинг ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришга қаратилган нормалар ўз аксини топган.
Қўмита томонидан қонун ҳужжатларини хатловдан ўтказиш натижаларидан, назорат-таҳлил тадбирлари якунларидан, сайловчилар билан учрашувларда кўтарилган долзарб масалаларнинг таҳлилидан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармонлари ва қарорларида белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда жами 3 та қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган ва улардан 1 таси Қонунчилик палатасига киритилиб, қабул қилинишига эришилган.
Ҳисобот даврида Қўмита давлат органлари томонидан қонунларнинг ижро этилиш ҳолатини жойларга чиқиб ўрганиш, давлат органлари мансабдор шахсларининг ўз фаолиятига доир масалалар бўйича ахборотини эшитиш, Қонунчилик палатасининг ва Қўмитанинг қарорлари ижросини мониторинг қилиш юзасидан жами 5 та назорат-таҳлил тадбирини ўтказган.
Жумладан, Қўмита масъул этиб белгиланган «ҳукумат соати» тадбирида мамлакатимизда чорвачилик соҳасини ривожлантириш, ветеринария хизматлари кўрсатиш сифатини ошириш ва яйлов ерларидан самарали фойдаланиш борасида амалга оширилаётган ишларга тааллуқли бўлган 1 та масала кўриб чиқилган.
Қўмита мажлисларида давлат органлари раҳбарларининг ўз фаолиятига доир масалалар юзасидан ахбороти эшитилиб, бунда аграр ва сув хўжалиги соҳасида коррупциянинг олдини олиш, сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий этиш, яйловлардан самарали фойдаланиш, бюджет маблағларидан фойдаланиш билан боғлиқ мақсадли индикаторларнинг ижроси, қишлоқ хўжалиги соҳасини қўллаб-қувватлаш учун субсидиялар ажратиш, чорвачилик соҳасини ва унинг тармоқларини ривожлантириш, мева-сабзавот маҳсулотларини етиштиришда замонавий агротехнологияларни қўллаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Шунингдек Қўмита аъзолари қонунларнинг ва қонуности ҳужжатларининг ижро этилиш ҳолатини Тошкент, Наманган, Сирдарё ва Самарқанд вилоятлари мисолида назорат-таҳлил тартибида ўрганган.
Ҳисобот даврида Қўмита қонунчиликни такомиллаштириш, қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва назорат-таҳлил тадбирлари олиб бориш ишларига илмий-тадқиқот муассасалари ва таҳлил марказлари каби ҳамкор ташкилотларни кенг жалб қилди. Хусусан, Қўмита илмий-тадқиқот муассасалари, таҳлил марказлари ва бошқа 10 дан ортиқ ташкилот билан ҳамкорлик меморандуми имзолаб, мазкур ташкилотлар билан алоҳида учрашувлар ўтказган.
Қўмита аъзолари томонидан сайловчилар билан тизимли мулоқотни кучайтириш, жойларда мавжуд муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш масалаларига устувор аҳамият қаратилаётган бўлиб, ўтган даврда Қўмита жисмоний ва юридик шахсларнинг 280 та мурожаати билан ишлаган.
Қўмита фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлашга, ўз фаолияти йўналишлари бўйича қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини жамоатчиликка етказишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Бу борада оммавий ахборот воситалари билан яқин ҳамкорликда ишлаш йўлга қўйилган бўлиб, ўтган даврда Қўмита фаолияти уларда жами 1 961 маротаба ёритилган.
Шу билан бирга ўтган даврдаги фаолиятнинг таҳлили Қўмита томонидан ҳали эътибор қаратилиши лозим бўлган айрим масалалар ҳам мавжудлигини кўрсатмоқда.
Хусусан, қонун ташаббускорлиги борасидаги таклифларни янада кўпайтириш, қабул қилинган қонунларнинг ижросини ўрганиш юзасидан назорат-таҳлил тартибида ўтказиладиган тадбирларнинг самарадорлигини таъминлаш талаб этилади.
Қўмита ташаббуси билан ўтказилган парламент назорати тадбирлари якунлари бўйича қабул қилинган қарорларнинг ижросини доимий равишда мониторинг қилиб бориш муҳим аҳамият касб этади.
Аграр соҳани янада ривожлантиришга ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришни қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотлар тўғрисида жамоатчиликнинг хабардорлигини таъминлаш борасидаги ишларни янада кучайтириш зарурияти мавжуд.
Фермер хўжаликларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларидан самарали фойдаланиш, сувни тежайдиган технологияларни кенг жорий этиш, аграр соҳадан самарали фойдаланиш борасида юзага келаётган масалаларнинг ҳуқуқий ечимини тезкорлик билан ишлаб чиқиш чораларини кўриш зарур.
Шунингдек жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашга, фуқаролардан қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича келиб тушаётган таклифларни бевосита уларнинг иштирокида Қўмита мажлисларида муҳокама этиб боришга алоҳида эътибор қаратилиши лозим.
Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитасининг 2026 йил биринчи ярим йиллигидаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси:
қонун ташаббускорлиги борасидаги таклифларни кўпайтириш, қабул қилинган қонунларнинг ижроси бўйича ўтказиладиган назорат-таҳлил тадбирларининг самарадорлиги ва натижадорлигини таъминлаш;
аграр ва сув хўжалиги соҳасида белгиланган вазифаларнинг сифатли ижро этилиши устидан таъсирчан парламент назоратини амалга ошириш ҳамда назорат-таҳлил тадбирлари якунлари бўйича қабул қилинадиган қарорларнинг ижросини доимий равишда мониторинг қилиб бориш;
аграр тармоқни янада ривожлантиришга ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришни қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчилик орасида тарғиб қилишга доир ишларни жадаллаштириш;
фермер хўжаликларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ер участкаларидан самарали фойдаланиш, сувни тежайдиган технологияларни кенг жорий этиш, томорқадан самарали фойдаланиш борасида юзага келаётган масалаларнинг ҳуқуқий ечимини тезкорлик билан ишлаб чиқиш;
Қўмита аъзоларининг жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатлар билан ишлаш бўйича масъулиятини янада ошириш ҳамда фуқароларнинг қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан берган таклифларини бевосита улар иштирокида Қўмита мажлисларида муҳокама қилиш чораларини кўрсин.
3. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари М. Ходжаева зиммасига юклатилсин.
4. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Р. ХАКИМОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 3 август,
2427-V-сон