Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
ҚАРОРИ
«Ўзбекистон — 2030» стратегиясини «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш» йилида амалга оширишга оид давлат дастурининг 2026 йил I ярим йиллигида бажарилиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи тўғрисида
«Ўзбекистон — 2030» стратегиясини «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш» йилида амалга оширишга оид давлат дастурининг (бундан буён матнда давлат дастури деб юритилади) 2026 йил I ярим йиллигида бажарилиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси таъкидлайдики, мамлакатимиз Президенти томонидан давлат дастури доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш, барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш, аҳоли фаровонлигини ошириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш борасида муҳим натижаларга эришилмоқда.
Ўтган давр мобайнида давлат дастурида белгиланган тадбирларнинг ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш бўйича тегишли назорат режалари ҳамда календар режалар тасдиқланиб, бу борадаги ишлар қатъий мониторинг қилинган ва улар юзасидан танқидий-таҳлилий муҳокамалар ўтказилган.
Мамлакатимиз Президенти томонидан давлат дастурининг ижросига устувор аҳамият қаратилиб, белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича зарур қонунчилик ҳужжатларининг ўз вақтида қабул қилинганлиги ва уларнинг ижроси юзасидан мутасаддилар иштирокида муҳокамалар ўтказиб борилганлиги ушбу муҳим ҳужжатнинг сифатли бажарилишида муҳим ўрин тутмоқда.
Давлат дастурида белгиланган бир қатор қонун лойиҳаларининг ишлаб чиқилишида ҳукумат ва парламент яқин ҳамкорликда фаолият олиб борган. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) сиёсий партиялар фракциялари ва қўмиталарнинг мажлисларида давлат дастурининг бажарилиши ҳолати юзасидан тегишли вазирликлар ва идоралар раҳбарларининг ахбороти эшитиб борилган.
Маҳалла инфратузилмасини янада яхшилаш, маҳаллаларга Янги Ўзбекистон қиёфасини олиб кириш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилган. Маҳаллаларнинг иқтисодий салоҳиятини ошириш, уларда рақамли бошқарувни жорий этиш ва аҳоли муаммоларини маҳалланинг ўзида ҳал қилиш каби вазифаларни амалга оширишнинг самарали механизмлари йўлга қўйилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 24 июнда қабул қилинган «Маҳалла бошқарувини самарали ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-116-сонли Фармони маҳалла институтини янада мустақил ва халқчил тузилмага, жамоатчилик бошқаруви ҳамда назоратининг таянч бўғинига айлантиришга, унинг жамиятдаги нуфузи ва ролини кучайтиришга хизмат қилмоқда.
Маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш, криминоген вазиятни барқарорлаштириш, жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш борасида «Қўқон тажрибаси» ва «Чилонзор тажрибаси» жорий этилиб, республика миқёсида татбиқ этилмоқда. Натижада ўтган даврда криминоген вазияти оғир бўлган 346 та маҳаллада жиноят содир этилишига йўл қўйилмаган, олди олиниши лозим бўлган жиноятлар сони 2 309 тага камайган.
Фуқароларнинг мол-мулкини ишончли ҳимоя қилиш мақсадида «E-Qoʻriqlash» тизими яратилган, жамоат жойларида хавфсизликни таъминлаш юзасидан аҳолига хизмат кўрсатувчи «Security office» лойиҳаси йўлга қўйилган.
Ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб шароитлар яратиш мақсадида ҳудудларни янгича ёндашувлар асосида ривожлантириш, аҳоли даромадини ошириш, барқарор иш ўринларини ташкил этиш ва камбағалликни қисқартириш бўйича қатор ишлар амалга оширилган.
Хусусан, аҳолини даромадли меҳнат билан таъминлаш дастурлари доирасида 506 минг киши доимий ишга жойлаштирилган, камбағаллик даражаси 5 фоиздан 4,5 фоизга камайган, 2 756 та маҳалла «камбағалликдан холи» ҳудудга айлантирилган.
«Аёллар дафтари» орқали 176,3 минг нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланган. Тижорат банклари томонидан 161,7 минг нафар аёлга 12,8 трлн. сўм кредит ажратилган. «Ёшлар дафтари» орқали 12 минг нафардан зиёд фуқароларни қўллаб-қувватлаш учун 27,2 млрд. сўм йўналтирилган.
Барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш йўналишидаги устувор мақсадларга эришиш бўйича кўрилган зарур чора-тадбирлар натижасида ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръати 8,5 фоизга, шу жумладан саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш 8,0 фоизга, қурилиш ишлари 13,7 фоизга, хизматлар кўрсатиш 16,9 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш 4,7 фоизга ўсган.
Экспорт ҳажми илк бор 15,9 млрд. АҚШ долларига етган. Иқтисодиётга жалб қилинган хорижий инвестициялар ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 134 фоизга ўсиб, 28,1 млрд. АҚШ долларини ташкил этган.
Ўзбекистон эришган иқтисодий натижалар халқаро рейтинг агентликлари томонидан эътироф этилмоқда. Жорий йилда «Fitch» ва «Moodyʼs» халқаро рейтинг агентликлари мамлакатимиз суверен кредит рейтингини бир поғонага яхшилаган.
Сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг устувор йўналишлари доирасида сув ресурсларини самарали бошқариш, сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш, ирригация тадбирларини амалга ошириш, ерларни лазерли текислаш, агротехника тадбирларини ўз вақтида ўтказиш ҳисобидан 5 млрд. 123 млн. куб метр сув тежалишига эришилган.
«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида жами 265 млн. туп дарахт ва бута кўчати экилган, 155 та туман ва шаҳарда «яшил боғлар» ва «яшил жамоат парклари» ташкил қилинган, Оролбўйи ҳудудида 248 минг гектар «яшил қопламалар» барпо этилган.
Атроф-муҳит, атмосфера, ер ва сув ресурслари муҳофаза қилинишини янада кучайтириш мақсадида 172 та саноат корхонасида чанг-газ тозалаш ускуналари ҳамда 75 та корхонада локал оқова тозалаш иншоотлари ўрнатилган ёки мавжудлари модернизация қилинган.
Қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилган. Хусусан, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, коррупцияга оид жиноятлар содир этилишининг олдини олиш ишлари самарадорлигини янада ошириш мақсадида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини оширишга, коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги (ЎРҚ-1155-сонли) Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинган.
Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган хизмат турлари сони 550 тага етказилган. Аҳолига нотариал ҳаракатларни онлайн тарзда амалга ошириш улуши 7 фоиздан ошган.
Хориждаги фуқаролар хавфсизлигини Ўзбекистондан туриб таъминлаш мақсадида «Ягона миграция» ахборот тизими ишга туширилган. Ўз-ўзига хизмат кўрсатиш имконини берувчи «Ақлли миграция шохобчалари» фаолияти 2026 йил 1 майдан бошлаб тажриба тариқасида йўлга қўйилган.
Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган 26 523 та ер участкасига ва уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқлар эътироф этилган.
«Хавфсиз ва тинчликпарвар давлат» тамойилига асосланган сиёсатни изчил давом эттириш бўйича белгиланган устувор вазифалар доирасида халқаро муносабатларни янада ривожлантириш ва хорижий давлатлар билан ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш юзасидан зарур чоралар кўрилган.
2026 йил март ойида Фарғона вилоятида Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон Дўстлик форуми, май ойида биринчи Тошкент Халқаро миграция форуми, июнь ойида V Тошкент халқаро инвестиция форуми каби муҳим тадбирлар ўтказилганлиги Ўзбекистон глобал масалалар муҳокама қилинадиган халқаро мулоқот майдонига айланиб бораётганлигини кўрсатмоқда.
Умуман олганда, кўрилган тизимли чора-тадбирлар натижасида давлат дастури доирасида 2026 йил I ярим йиллигида бажарилиши белгиланган жами 193 та вазифадан 158 тасининг ижроси таъминланган, 5 тасининг ижро этиш муддати узайтирилган. Шу билан бирга 30 та вазифанинг ижросини таъминлаш бўйича ишлар давом эттирилмоқда.
Хусусан, кредит ажратишда «натижага боғланган имтиёз» (перформансе-басед субсидй) моделини жорий этишга (6-илованинг 123-банди), давлат харидларида коррупциясиз ва адолатли рақобатни таъминлашга (6-илованинг 279-банди), ер ресурсларини бошқаришнинг самарали тизимини татбиқ қилишга (7-илованинг 13-банди), аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг молиявий ҳимоясини суғурта механизмлари орқали кенгайтиришга (8-илованинг 1-банди), Ўзбекистоннинг туристик жозибадорлигини ошириш орқали сайёҳлар сонини кўпайтиришга (8-илованинг 3-банди) қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари бўйича ишлар якунига етказилмаган.
Шунингдек давлат дастурида муҳим тармоқлар ва соҳаларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш мақсадида қабул қилиниши белгиланган қонун лойиҳаларини сифатли ишлаб чиқиш ҳамда ўз вақтида парламент муҳокамасига киритиш борасидаги ишларга алоҳида эътибор қаратиш зарур.
Жумладан, давлат дастури доирасида ишлаб чиқилган «Ўзини ўзи тартибга солувчи ташкилотлар тўғрисида»ги (7-илованинг 42-банди), «Муқобил инвестиция жамғармалари тўғрисида»ги (8-илованинг 4-банди), тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга (7-илованинг 50-банди), интеллектуал мулкни ҳуқуқий муҳофаза ва ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга (7-илованинг 30-банди) қаратилган қонун лойиҳаларининг Қонунчилик палатасига қисқа муддатларда киритилишини таъминлаш мақсадга мувофиқ.
Давлат дастуридаги тадбирларни молиялаштириш учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетида кўзда тутилган маблағларнинг мақсадли сарфланишини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади.
Бундан ташқари тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлаш, ижтимоий соҳага йўналтирилаётган маблағлар самарадорлигини ошириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш, камбағал оилаларга доимий даромад манбаини яратиш, қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш каби йўналишлар юзасидан Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари томонидан кўтарилган масалаларни ҳал этиш чоралари кўрилиши лозим.
Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 81-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш» йилида амалга оширишга оид давлат дастурининг 2026 йил I ярим йиллигида бажарилиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига:
давлат дастурида ижро муддати узайтирилган 5 та ва бажарилиши якунланмаган 30 та вазифанинг ҳамда ижроси иккинчи ярим йилликда таъминланиши белгиланган тадбирларнинг ўз вақтида бажарилиши юзасидан тегишли чораларини кўриш;
бажарилиши кечикаётган вазифалар бўйича масъул вазирликлар ва идораларнинг ҳисобдорлигини кучайтириш, давлат дастурида белгиланган мақсадли кўрсаткичлар ижросини ҳудудлар кесимида тизимли мониторинг қилиб бориш;
давлат дастурида назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш учун ажратилган бюджет маблағларининг мақсадли сарфланишини таъминлаш;
ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича белгиланган тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлашда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг масъулиятини янада ошириш;
давлат дастурида кўзда тутилган қонун лойиҳаларини белгиланган муддатларда парламентга киритилишини таъминлаш;
давлат дастури доирасида амалга оширилаётган барча тадбирларнинг бориши ҳамда натижалари тўғрисида аҳолига кенг ва холис маълумот етказилишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш;
давлат дастурининг бажарилиши юзасидан ҳисоботни муҳокама қилиш жараёнида Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари томонидан кўтарилган масалаларни ҳал қилиш юзасидан қўшимча чора-тадбирларни белгилаш тавсия этилсин.
3. Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларига:
давлат дастури доирасида амалга оширилган ислоҳотларнинг моҳияти ва аҳамиятини сайловчиларга етказиш;
давлат дастурида кўзда тутилган тадбирларнинг жойлардаги ижро этилиши ҳолати депутатларнинг сайлов округларидаги фаолияти давомида ўрганиб борилишини таъминлаш тавсия этилсин.
4. Қонунчилик палатасининг қўмиталари ўз мажлисларида давлат дастурида ижроси тўлиқ таъминланмаган бандларнинг бажарилиши ҳолати юзасидан мутасадди вазирликлар ва идоралар масъулларининг ахборотини эшитиб боришга алоҳида эътибор қаратсин.
5. Ушбу Қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилсин.
6. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосарлари зиммасига юклатилсин.
7. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 25 август,
2500-V-сон