ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ ҚОНУНЧИЛИК ПАЛАТАСИ КЕНГАШИНИНГ
ҚАРОРИ
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Меҳнат, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар қўмитасининг 2026 йил январь — июль ойларидаги фаолияти тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Меҳнат, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар қўмитасининг (бундан буён матнда Қўмита деб юритилади) 2026 йил январь — июль ойларидаги фаолияти тўғрисидаги ахборотини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши таъкидлайдики, Қўмита томонидан соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя ҳамда меҳнат муносабатлари йўналишларидаги ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш, ўз фаолияти доирасида таъсирчан парламент назоратини олиб бориш борасида муайян ишлар амалга оширилган.
Ўтган даврда Қўмита 11 та қонун лойиҳаси устида иш олиб борган. Уларнинг 10 таси қабул қилиниб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига юборилган.
Қонун лойиҳаларида аҳолига тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмига кирадиган хизматларни кўрсатиш, тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг касбий фаолиятини амалга ошириш тизимини такомиллаштиришга, фармацевтика фаолиятини ривожлантиришга, пенсияга оид хизматларни мақбуллаштиришга, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламни, шу жумладан ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада кучайтиришга, халқаро меҳнат стандартларини миллий қонунчиликка имплементация қилишга, фахрийларнинг ижтимоий мақомини мустаҳкамлашга қаратилган нормалар ўз аксини топган.
Қонун ҳужжатларини хатловдан ўтказиш натижалари ҳамда назорат-таҳлил тадбирлари якунларидан келиб чиққан ҳолда қўмита аъзолари томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида 1 та қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Қонунчилик палатасига киритилган.
Қўмита масъул бўлган қонун лойиҳаларини кўриб чиқиш ва маромига етказиш мақсадида ишчи гуруҳларнинг 80 дан ортиқ йиғилишлари ўтказилган. Уларда қонун лойиҳалари нормаларининг халқчил бўлишини таъминлаш ва ислоҳотлар жараёнига таъсирини янада кучайтириш мақсадида Қўмита ҳузурида ташкил этилган Жамоатчилик кенгаши аъзолари ҳам фаол иштирок этган.
Қонун ижодкорлиги фаолиятида фуқаролик жамияти институтлари, Қўмитанинг фаолият йўналишларига дахлдор соҳалар вакиллари ҳамда кенг жамоатчилик билан ўзаро мулоқотни ҳар томонлама кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, ўтган даврда аҳоли бандлиги соҳасидаги ташкилотлар, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳаси вакиллари билан тематик учрашувлар ўтказилиб, тегишли қонунчиликни такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинган.
Ўтган даврда Қўмита томонидан давлат органлари раҳбарларининг ахборотини эшитишга доир 7 та, қонунларнинг ва қонуности ҳужжатларнинг ижро этилиши ҳолатини ўрганишга тааллуқли 2 та ҳамда Қонунчилик палатаси қарори ижросини мониторинг қилиш юзасидан 2 та назорат-таҳлил тадбири ўтказилган.
Қўмита мажлисларида давлат органлари раҳбарларининг ўз фаолиятига доир масалалар юзасидан ахборотини эшитишда бюджет маблағларидан фойдаланиш билан боғлиқ мақсадли индикаторларнинг натижадорлиги, раҳбар ходимларнинг самарадорлик кўрсаткичлари (КПИ) ижроси, барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсадлар ва «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури доирасида аҳоли бандлиги таъминланиши каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилган.
Шунингдек «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ижросини Сурхондарё вилояти, «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури ҳамда камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги қарор ва дастурлар ижроси Андижон, Жиззах ва Қашқадарё вилоятлари мисолида назорат-таҳлил тартибида ўрганилган.
Ўтган даврда Қўмита томонидан семинар, конференция, давра суҳбати ва матбуот анжумани каби 11 та ташкилий-амалий тадбир ўтказилган.
Шунингдек Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси билан ҳамкорликда «Ўзбекистонда аҳолини соғлом овқатланиш ва гени ўзгартирилмаган маҳсулотлар билан таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан» жамоатчилик эшитуви ташкил этилган.
Қўмита аъзолари томонидан фуқаролар билан тизимли мулоқотни кучайтиришга устувор аҳамият қаратилиб, жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган 421 та мурожаат белгиланган тартибда кўриб чиқилган.
Очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини жамоатчиликка етказиш мақсадида оммавий ахборот воситалари билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган. Хусусан, Қўмитанинг ҳисобот давридаги фаолияти юзасидан оммавий ахборот воситаларида жами 821 маротаба чиқиш қилинган.
Шу билан бирга Қўмитанинг ўтган даврдаги фаолияти таҳлили келгусидаги ишларни ташкил этишда бир қатор жиҳатларга эътиборни янада кучайтириш лозимлигини кўрсатмоқда.
Жумладан, қонун лойиҳаларини муҳокама қилиш ва назорат-таҳлил тадбирларини ўтказиш жараёнида Қўмита ҳузурида ташкил этилган Жамоатчилик кенгаши имкониятларидан самарали фойдаланиш мақсадга мувофиқ.
Қўмита ҳудудларга чиққан ҳолда ўзининг фаолият йўналишига тааллуқли қонунларнинг жойларда ижро этилиши ҳолатини назорат-таҳлил тартибида ўрганишга эътиборни янада кучайтириши зарур.
Қўмита ўзининг кўриб чиқишида бўлган қонун лойиҳаларини ўз вақтида ва сифатли тайёрлашга ҳамда белгиланган муддатда Қонунчилик палатасининг мажлисига киритишга жиддий эътибор қаратиши талаб этилади. Бундан ташқари ҳуқуқни қўллаш амалиётини мунтазам равишда таҳлил қилган ҳолда, ўз фаолиятига доир қонун ҳужжатларини такомиллаштириш борасида ташаббускорликни ошириши лозим.
Қўмитанинг назорат-таҳлил фаолиятида, шунингдек давра суҳбати, семинар, конференция каби тадбирларни ташкил этишда натижадорликка алоҳида эътибор қаратиш муҳим аҳамиятга эга.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Меҳнат, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар қўмитасининг 2026 йил январь — июль ойларидаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Меҳнат, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар қўмитаси:
ўз фаолиятига доир қонунларнинг жойларда ижро этилиши ҳолатини ўрганишга ҳамда қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишга;
қонун лойиҳаларини Қўмита ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши йиғилишларида мунтазам равишда муҳокама қилиб боришга ҳамда назорат-таҳлил тадбирларига соҳа мутахассисларини ва экспертларни кенгроқ жалб этишга;
парламент назорати тадбирлари якунлари бўйича қабул қилинган қарорларнинг ижросини белгиланган муддатларда муҳокама қилиб боришга ҳамда ижро этилмаган бандлар бўйича тегишли давлат органлари раҳбарларининг ахборотини эшитишга;
назорат-таҳлил тадбирларини ўтказиш учун ҳудудларни танлашда аҳолининг мурожаатларига, соҳадаги муаммолар даражасига ва ижтимоий кўрсаткичларга;
Қўмита томонидан кўриб чиқилаётган қонун лойиҳаларининг ва ўтказилаётган назорат-таҳлил тадбирларининг мазмун-моҳиятини доимий равишда жамоатчиликка эълон қилиб боришга;
жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ўз муддатида кўриб боришга ва фуқаролардан қонунчиликни такомиллаштириш бўйича келиб тушган таклифларни улар иштирокида Қўмита мажлисларида муҳокама қилишга алоҳида эътибор қаратсин.
3. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари М. Ходжаева зиммасига юклатилсин.
4. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 24 август,
2494-V-сон