Ўзбекистон Республикасининг Санитария қоидалари ва меъёрлари, гигиена нормативлари
Мулкчиликнинг нодавлат шаклларига мансуб корхоналар, ишлаб чиқаришлар ва якка тартибдаги меҳнат фаолияти учун санитария қоидалари ва меъёрлари
I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР ВА ҚЎЛЛАНИЛИШ СОҲАСИ
1.1. Санитария қоидалари ва нормалари (кейинги ўринларда — санитария қоидалари) ходимларнинг соғлиғини сақлаш ҳамда меҳнатни ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича профилактика чора-тадбирларини кўриш мақсадида оптимал меҳнат шароитларини яратиш ва меҳнат жараёнини ташкил этиш учун мўлжалланган.
1.2. Мазкур санитария қоидалари кичик, шўба, қўшма корхоналар, масъулияти чекланган жамиятлар, акциядорлик жамиятлари, хусусий корхоналар, хусусий тадбиркорлар ва якка тартибдаги меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи шахслар учун гигиеник талабларни белгилайди.
1.3. Санитария қоидалари ва нормалари республика норматив ҳужжати ҳисобланади ҳамда меҳнат шароитларининг хавфсизлигини, ходимларнинг соғлиғини муҳофаза қилишни, атроф-муҳитга ва аҳоли саломатлигига салбий таъсир кўрсатишга йўл қўймасликни, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ва кўрсатилаётган хизматларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун барча корхоналар, нодавлат мулкчилик шаклидаги ташкилотлар, мансабдор шахслар ва якка тартибдаги меҳнат фаолияти билан шуғулланувчилар томонидан қўлланилиши мажбурийдир.
1.4. Санитария қоидалари машиналарни, маиший, радиоэлектрон, компьютер ва бошқа техника механизмларини ишлаб чиқариш, таъмирлаш, созлаш ва уларга хизмат кўрсатишга, ип-калава, тўқима материаллар, трикотаж буюмлар тайёрлашга, кийим-кечак, бош кийимлар тикишга, пойабзал тикиш ва таъмирлашга, шунингдек, бошқа турдаги ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларига татбиқ этилади.
1.5. Мазкур санитария нормаларининг бажарилиши учун жавобгарлик корхоналар, ишлаб чиқариш объектлари, жамиятлар, фирмалар раҳбарлари, хусусий тадбиркорлар ва якка тартибдаги меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи шахслар зиммасига юкланади.
1.6. Санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларини бузиш Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ интизомий, маъмурий ва жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.
1.7. Мазкур қоидалар ва нормаларга риоя этилиши устидан давлат назорати Ўзбекистон Республикаси давлат санитария назорати органлари томонидан амалга оширилади.
II. АСОСИЙ АТАМАЛАР ВА ТАЪРИФЛАР
2.1. Ишлаб чиқариш хоналари — одамларнинг меҳнат фаолияти доимий (сменалар бўйича) ёки даврий (иш куни давомида) амалга ошириладиган, махсус мўлжалланган бино ва иншоотлардаги ёпиқ маконлардир.
2.2. Иш ўрни — ходимларнинг меҳнат фаолияти жараёнида доимий ёки вақтинча турадиган жойи.
2.3. Доимий иш ўрни — ходим ўз иш вақтининг кўп қисмини (50 фоиздан ортиқ ёки 2 соатдан кўпроқ узлуксиз) ўтказадиган жой. Бордию иш иш зонасининг турли нуқталарида бажарилса, бутун иш зонаси доимий иш ўрни деб ҳисобланади.
2.4. Доимий бўлмаган иш ўрни — ходим ўз иш вақтининг камроқ қисмини (50 фоиздан кам ёки 2 соатдан кам узлуксиз) ўтказадиган жой.
2.5. Иш зонаси — доимий ёки доимий бўлмаган (вақтинчалик) туриш жойлари жойлашган пол ёки майдонча сатҳидан 2 м баландлик билан чекланган фазодир.
2.6. Оптимал меҳнат шароитлари ва унинг хусусияти — ишловчилар саломатлигига хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омилларининг ноқулай таъсири истисно қилинадиган, иш қобилиятининг юқори даражасини сақлаб қолиш учун зарур шарт-шароитлар яратиладиган меҳнат шароитлари ва унинг хусусиятидир (ишлаб чиқариш омиллари мавжуд бўлмаганда ёки уларнинг даражаси аҳоли учун хавфсиз деб қабул қилинган даражаларга мувофиқ бўлганда).
2.7. Йўл қўйиладиган меҳнат шароитлари ва унинг хусусияти — иш жойларида хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омилларининг даражаси белгиланган гигиеник меъёрлардан ошмайдиган шароитлардир. Меҳнат жараёни туфайли юзага келиши мумкин бўлган функционал ўзгаришлар иш куни давомидаги белгиланган дам олиш ёки уйда дам олиш вақтида кейинги смена бошлангунига қадар тикланади ҳамда яқин ва узоқ муддатларда ишловчилар саломатлигига ва уларнинг наслига ноқулай таъсир кўрсатмайди.
2.8. Ишлаб чиқариш омилининг йўл қўйиладиган чекланган даражаси — бутун меҳнат стажи давомида белгиланган муддатда ишлаганда таъсири иш жараёнида ёки ҳозирги ва кейинги авлодлар ҳаётининг узоқ даврларида шикастланишга, касалликка ёки соғлиқ ҳолатидаги ўзгаришларга олиб келмайдиган ишлаб чиқариш омили даражасидир.
2.9. Иш ҳудуди ҳавосидаги зарарли моддаларнинг рухсат этилган энг юқори концентрацияси (РЕЙК) — бу ҳар куни (дам олиш кунларидан ташқари) 8 соатдан ёки бошқа муддат давомида, бироқ ҳафтасига 41 соатдан ошмайдиган ишларда, бутун меҳнат фаолияти давомида иш жараёнида ёхуд ҳозирги ва келгуси авлодлар ҳаётининг кейинги даврларида замонавий тадқиқот усуллари билан аниқланадиган касалликлар ёки соғлиқ ҳолатидаги ўзгаришларни келтириб чиқармаслиги лозим бўлган концентрациядир.
2.10. Зарарли модда — бу хавфсизлик талаблари бузилган ҳолда инсон организми билан алоқада бўлганда, иш жараёнида ҳам, ҳозирги ва келгуси авлодлар ҳаётининг кейинги даврларида ҳам замонавий усуллар билан аниқланадиган ишлаб чиқаришдаги жароҳатлар, касб касалликлари ёки соғлиқ ҳолатидаги ўзгаришларга сабаб бўлиши мумкин бўлган моддадир.
2.11. Хавфли ишлаб чиқариш омили — бу муайян шароитларда ходимга таъсир этиб, унинг жароҳатланишига ёки соғлиғининг бирдан кескин ёмонлашувига олиб келадиган ишлаб чиқариш омилидир.
2.12. Зарарли ишлаб чиқариш омили — бу муайян шароитларда ходимга таъсир этиб, унинг касалланишига ёки иш қобилиятининг пасайишига олиб келадиган ишлаб чиқариш омилидир.
Изоҳ: Зарарли ишлаб чиқариш омили ўзининг таъсир даражаси ва давомийлигига қараб хавфли омилга айланиши мумкин.
2.13. Шахсий ҳимоя воситаси — бир нафар ходимни ҳимоя қилишга мўлжалланган воситадир.
2.14. Жамоавий ҳимоя воситаси — бир вақтнинг ўзида икки ва ундан ортиқ ходимни ҳимоя қилишга мўлжалланган воситадир.
III. КОРХОНАЛАРНИ ЖОЙЛАШТИРИШ, ИШЛАБ ЧИҚАРИШЛАРНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ВА ҲУДУДЛАРНИ САҚЛАШГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР
3.1. Саноат майдончаси ва корхонанинг бош режаси «Саноат корхоналарини лойиҳалашнинг санитария меъёрлари», бошқа амалдаги меъёрий ҳужжатлар, шунингдек, мазкур меъёрий қоидалар талабларига мос бўлиши керак.
3.2. Санитария-ҳимоя зонасининг ўлчами технологик чиқиндилар таркибидаги зарарли моддаларнинг миқдори ва хавфлилик даражасига ҳамда ишлаб чиқаришнинг шовқин хусусиятларига қараб танланади.
Санитария-ҳимоя зонаси меъёрий талабларга жавоб бериши керак. Санитария-ҳимоя зонасини қисқартиришга ишларнинг аниқ тури ва ҳажмини ҳамда ҳосил бўладиган зарарлилик даражасини ҳисобга олган ҳолда Давлат санитария-эпидемиология назорати органларининг хулосасига кўра йўл қўйилиши мумкин.
3.3. Шовқин ва тебраниш манбаларига эга бўлган корхоналар ва ишлаб чиқаришлар, қоида тариқасида, алоҳида турган биноларда жойлаштирилиши лозим. Улар ижарага олинган биноларда жойлаштирилганда, ишлаб чиқариш хоналари ҳеч қандай ҳолатда турар жой хоналари билан туташ бўлмаслиги керак. Ишлаб чиқариш хоналарига туташ хоналардаги шовқин ва тебраниш даражалари йўл қўйилган меъёрлардан ошмаслиги шарт.
3.4. Ҳудуд ободонлаштирилиши ва кўкаламзорлаштирилиши, тоза ва тартибли сақланиши керак. Йўлаклар ва ўтиш жойларига тўсиқ қўйиш ёки улардан тайёр маҳсулотлар, ишлаб чиқариш чиқиндилари, қурилиш материаллари ва шу кабиларни сақлаш учун фойдаланиш мумкин эмас.
3.5 Корхоналар ва ишлаб чиқаришларни турар жой биноларида жойлаштиришга фақат Давлат санитария-эпидемиология назорати органлари билан келишилган ҳолда, меъёрий-техник ҳужжатлар талабларига мувофиқ йўл қўйилади.
IV. ИШЛАБ ЧИҚАРИШ БИНОЛАРИ, ХОНАЛАРИ ВА ИНШООТЛАРИНИ САҚЛАШГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР
4.1. Ишлаб чиқариш бинолари, хоналари ва иншоотлари «Саноат корхоналарини лойиҳалашнинг санитария меъёрлари» талабларига жавоб бериши керак.
4.2. Бир бино ёки хонага турли ишлаб чиқариш зарарлиликларига эга бўлган цехлар ва участкаларни жойлаштиришда, бу зарарлиликларнинг бир хонадан иккинчисига тарқалишининг олдини олиш чора-тадбирларини кўзда тутиш лозим.
4.3. Хомашё, материаллар, ярим тайёр маҳсулотлар ва тайёр буюмлар захираларини сақлаш учун амалдаги меъёрларга мувофиқ вентиляция ва ёритиш билан жиҳозланган омборхоналарни назарда тутиш зарур.
4.4. Чанг ажралиши билан тавсифланадиган цехлар ва участкалардаги деворлар ва шифтлар вакуумли ва нам тозалаш имконини берадиган силлиқ қопламаларга (перхлорвинил қоплама, мойли бўёқ, қоплама плиткалар ва ушбу хоналарда фойдаланишга рухсат этилган бошқа материаллар) эга бўлиши керак.
4.5. Ишлаб чиқариш хоналари полларининг қопламаси механик таъсирларга чидамли, зарур ҳолларда сув ўтказмайдиган, механик ва нам тозалашга осон бўлиши керак.
4.6. Ишлаб чиқариш хоналарида зинапоя майдончалари, ўтиш йўлаклари, дераза ойиқлари, иситиш мосламалари ва иш ўринлари тўсиб қўйилмаслиги керак. Хомашё, ярим тайёр маҳсулотлар, идишлар, тайёр буюмлар ва шу кабилар ўзлари учун белгиланган жойларда сақланиши лозим.
4.7. Хомашё ва тайёр маҳсулотларни сақлашга мўлжалланган ишлаб чиқариш хоналари вақти-вақти билан дезинфекция, дезинсекция ва дератизация қилиниши керак, бу тадбирлар ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг хусусиятига қараб тегишли меъёрлар билан белгиланади.
4.8. Барча ишлаб чиқариш ва маиший хоналар, шунингдек, иш ўринлари ва ускуналар тоза ва тартибли сақланиши ҳамда ўз вақтида таъмирланиши шарт. Уларни тозалаш тартиби ишлаб чиқариш шароитлари ва ўзига хос хусусиятлари ҳисобга олинган ҳолда белгиланиши лозим.
V. ТЕХНОЛОГИК ЖАРАЁНЛАР, УСКУНАЛАР ВА ИШЛАБ ЧИҚАРИЛАДИГАН МАҲСУЛОТЛАРГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР
5.1. Технологик жараёнлар ва ускуналар «Технологик жараёнларни ташкил этишнинг санитария қоидалари ва ишлаб чиқариш ускуналарига қўйиладиган гигиеник талаблар»га мос келиши керак.
5.2. Янги технологик жараёнлар, фойдаланиладиган материаллар ва моддаларни гигиеник баҳолаш ва келишиш ишлари улар белгиланган тартибда ишлаб чиқаришга жорий этилишидан олдин амалга оширилиши лозим.
5.4. Технологик жараёнларни ташкил этишда автоматлаштирилган, узлуксиз ва герметик жараёнлар ҳамда ускуналарга афзаллик бериш керак.
5.5. Ишлаб чиқаришда зарарли моддалар ҳосил бўлиши билан кечадиган технологик жараёнларни максимал даражада изоляциялашни кўзда тутиш зарур.
5.6. Шовқин ва тебраниш даражаси юқори бўлган технологик ва ёрдамчи ускуналар алоҳида пойдеворларга ўрнатилиши лозим.
5.7. Ишлаб чиқариш биноларида кучли таъсир этувчи ва заҳарли моддаларни бир иш сменасидаги эҳтиёждан ортиқ миқдорда сақлаш тақиқланади.
5.8. Технологик жараёнлар, ускуналар, қўлланиладиган хомашё, материаллар ва бошқа омиллар истеъмолчилар саломатлиги учун сифатли ва хавфсиз маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини таъминлаши шарт. Амалдаги меъёрий ҳужжатларга мувофиқ давлат гигиеник регламентациясидан ва рўйхатдан ўтказилиши лозим бўлган товарлар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилиши керак.
VI. ИСИТИШ ВА ВЕНТИЛЯЦИЯГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР
6.1. Ишлаб чиқариш ва ёрдамчи бинолардаги иситиш ҳамда вентиляция тизимлари амалдаги «Иситиш, вентиляция ва ҳавони кондициялаш» ҚМҚ ҳамда «Ишлаб чиқариш бинолари микроиқлимининг санитария меъёрлари» СанҚваМ талабларига мувофиқ кўзда тутилиши лозим.
6.2. Ишлаб чиқариш бинолари ва хоналарини иситиш тизими ҳаво билан таъминловчи вентиляцияга уланган комбинациялашган, шунингдек иссиқлик узатишни тартибга солувчи сувли иситиш тизими сифатида кўзда тутилиши керак.
6.3. Барча ишлаб чиқариш биноларидаги вентиляция мақбул ёки рухсат этилган меҳнат шароитларини таъминлаши лозим.
6.4. Ишлаб чиқариш жараёнлари иш ҳудуди ҳавосига бир вақтнинг ўзида турли зарарли кимёвий моддалар, буғлар ва чангларни чиқарган ҳолда кечадиган участкаларда маҳаллий сўрувчи вентиляциянинг алоҳида тизимларини назарда тутиш лозим.
6.5. Маҳаллий сўрувчи вентиляциянинг ишлаши технологик ускуналарнинг ишга тушириш механизмлари билан блокланган бўлиши керак.
6.6. Оқимни берувчи ва сўрувчи вентиляция тизимларининг ускуналари изоляцияланган хоналарда, техник қаватларда, ертўлаларда ёки бино ташқарисида жойлаштирилиши лозим. Вентиляция ускуналари рухсат этилган меъёрдан ортиқ шовқин ва тебраниш ҳосил қилмаслиги керак.
VII. ЁРИТИШГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР
7.1. Ишлаб чиқариш ва ёрдамчи хоналардаги табиий ҳамда сунъий ёритиш амалдаги меъёрий ҳужжатлар талабларига мос бўлиши керак.
VIII. САНИТАРИЯ-МАИШИЙ ВА ЁРДАМЧИ ХОНАЛАРГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР
8.1. Ходимларнинг санитария-маиший таъминоти технологик жараёнларнинг санитария-гигиеник хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда амалдаги «Маъмурий ва маиший бинолар» ҚМҚ ҳамда мазкур санитария қоидалари талабларига жавоб бериши керак. Маиший хоналардан белгиланган мақсаддан бошқа тарзда фойдаланишга йўл қўйилмайди.
8.2. Кийим алмаштириш хоналаридаги кийим сақлаш жойларининг сони рўйхатдаги ходимлар сонига мос келиши керак. Кийимларни кийим алмаштириш хонасида сақлаш усули ёпиқ бўлиши, кўча ва иш кийимлари алоҳида сақланиши лозим.
8.3. Оёқ терисининг замбуруғли касалликлари профилактикаси учун душхоналарда резина гиламчалар, пластмасса панжаралар ва йўлакчалар, шунингдек, индивидуал ҳаммом пойабзалидан фойдаланиш лозим. Душхона ва кийиниш хоналарини йиғиштириш ҳар куни амалга оширилиб, пол ва йўлакчаларга дезинфекцияловчи эритма билан ишлов берилиши, гиламчалар эса дезинфекцияловчи эритмалар солинган идишларда ивитиб қўйилиши керак.
8.4. Чанг ва газ ажралиб чиқадиган ишлар бажариладиган ишлаб чиқариш биноларида овқатланиш, ишлаб чиқариш гимнастикаси билан шуғулланиш ва чекишга йўл қўйилмайди.
8.5. Ишлаб чиқариш цехлари ва участкалари таркибида дам олиш, овқатланиш ҳамда ичимлик суви режимини ташкил этиш учун хоналар кўзда тутилиши лозим.
IX. ХОДИМЛАРНИ ШАХСИЙ ҲИМОЯ ВОСИТАЛАРИ БИЛАН ТАЪМИНЛАШГА ОИД ТАЛАБЛАР ВА ПРОФИЛАКТИКА ЧОРАЛАРИ
9.1. Ходимларни шахсий ҳимоя воситалари (ШҲВ) билан таъминлаш махсус кийим-бош, махсус пойабзал, сақловчи, ювувчи, ҳимояловчи-тозаловчи воситаларни бепул беришнинг намунавий тармоқ меъёрларига мувофиқ амалга оширилади ҳамда бажариладиган ишларнинг хусусияти ва муайян меҳнат шароитлари билан белгиланади.
9.2. Ишга кираётган шахслар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган тартиб ва муддатларга мувофиқ дастлабки ҳамда даврий тиббий кўриклардан ўтишлари шарт.
9.3. Махсус кийим-кечакларни ювиш ва таъмирлаш ойига камида бир марта амалга оширилиши керак.
X. ИШЛАБ ЧИҚАРИШ МУҲИТИНИНГ ЗАРАРЛИ ОМИЛЛАРИ УСТИДАН НАЗОРАТ ҚИЛИШГА ДОИР ТАЛАБЛАР
10.1. Корхоналарда, шунингдек якка тартибдаги меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи шахслар томонидан ишлаб чиқаришни ишга туширишдан олдин ҳаво муҳитининг ҳолати, шовқин ва тебраниш даражалари, ёритилганлик, микроиқлим параметрлари ҳамда бошқа ишлаб чиқариш омиллари устидан дастлабки ва даврий назорат амалга оширилиши лозим.
10.2. Ишлаб чиқариш муҳитининг ноқулай омилларини назорат қилиш даврийлиги ГОСТ 12.1.005-88 га мувофиқ меҳнат шароитларининг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.
10.3. Ўлчовлар иш жойларида ўтказилиши керак. Агар иш жойи ишлаб чиқариш биносининг бир нечта участкасидан иборат бўлса, ўлчовлар уларнинг ҳар бирида амалга оширилади.
10.4. Санитария назорати ва ишлаб чиқариш омиллари параметрларини баҳолаш норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ корхона лабораториялари ёки «Ўзстандарт» агентлиги томонидан аттестациядан ўтказилган бошқа ихтисослаштирилган лабораториялар томонидан ўтказилиши керак. Санитария назоратини ташкил этиш масъулияти корхона маъмурияти, хусусий тадбиркорлар ва якка тартибдаги меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи шахслар зиммасига юклатилади.