Ўзбекистон Республикасининг санитария қоидалари ва меъёрлари, гигиена нормативлари
Метанол билан ишлашда санитария қоидалари ва гигиеник талаблар
1. Метанолнинг физик ва токсик хусусиятлари ҳақида қисқача маълумот.
Метанол (метил спирти) — рангсиз суюқлик бўлиб, спиртлар ва бошқа органик эритувчиларда эрийди. Сув билан ҳар қандай нисбатда аралашади. Ранги, ҳиди ва таъми жиҳатидан этил (вино) спиртига ўхшайди. Метанол кимё саноатида формалдегид олиш, метиллаш, этил спиртини денатурлаш учун, шунингдек ёғлар, мойлар, каучукни эритувчи сифатида қўлланилади, антифриз таркибига ҳам кириши мумкин. У организмга нафас олиш аъзолари, тери ва ошқозон-ичак тракти орқали киради. Асосий таъсирини асаб ва қон томир тизимларига кўрсатади. Кучли кумулятив хусусиятга эга. Метанол молекуласининг бир неча кун давомида ўзгармаган ҳолда организмда айланиши ҳамда марказий асаб тизими ва кўзни ўраб турувчи муҳитга кириши зарарланишнинг оғирлигини белгилайди. Метил спиртининг наркотик таъсири кучсиз ифодаланган, ҳаяжонланиш босқичи деярли кузатилмайди, спирт ичилгандан сўнг маълум вақт ўтгач тормозланиш босқичи бошланади. Заҳарланишнинг клиник белгилари бир неча соатдан бир суткагача давом этадиган яширин даврдан сўнг намоён бўлади.
Заҳарланишнинг енгил шакллари марказий асаб тизимининг бузилишлари билан кечади. Дастлабки икки кун давомида бош оғриғи, кўнгил айниши, қусиш, бош айланиши, юрганда чайқалиш, уйқучанлик, кўз қорачиқларининг кенгайиши, қўл бармоқларининг титраши кузатилади. Қулай кечганда, бу аломатлар бир неча кун давом этади. Ўртача оғирликдаги заҳарланлишларнинг асосий клиник белгиси кўришнинг бузилиши ҳисобланади. Бу белгилар 2-3 кунлик кўринишдан яхши бўлиб тургандан сўнг пайдо бўлади. Аввалига кўз олдида милтиллаш ва туман пайдо бўлади, бир неча соатдан кейин, баъзан 1-2 кундан сўнг кўриш ўткирлиги кескин пасайиб, ҳатто бутунлай йўқолиши мумкин. Кўриш қобилиятининг йўқолиши билан бирга умумий заҳарланиш белгилари ҳам кузатилади: қусиш, кўнгил айниши, ҳиқичоқ, ошқозон соҳасидаги оғриқлар, юрак уриши, бош оғриғи, мувозанатнинг бузилиши.
Заҳарланишнинг оғир шакллари марказий асаб тизими шикастланиш белгиларининг тез кучайиши билан тавсифланади. Бу ҳолат коматоз ҳолатнинг ривожланишига олиб келиши мумкин. Бунда чуқур ҳушсизлик, рефлексларнинг йўқолиши, қорачиқларнинг кенгайиши, ёруғликка реакциянинг йўқлиги, юрак ва нафас олиш фаолиятининг пасайиши кузатилади.
Кўпинча кома ўлим билан якунланади. Бемор ҳаёти учун 2 — 2,5 кунлик кўринишдан соғлом ҳолатдан кейин тўсатдан юзага келадиган коллапс ҳам хавфли ҳисобланади. Кўкрак қафаси ва юрак соҳасида сиқилиш ҳисси, нафас олиш қийинлашуви билан ҳаракат безовталиги, ўлим қўрқуви, тутқаноқ, цианоз пайдо бўлади. Ўлим нафас олишнинг тўхташи ёки ҳуши сақланган ҳолда юрак фаолиятининг тўхташидан юз бериши мумкин. Катта ёшли одам учун ичилганда 10 — 15 мл доза заҳарли ҳисобланади.
Сурункали заҳарланишлар шиллиқ қаватларнинг таъсирланиши, умумий ҳолсизлик, тез чарчаш, йиғлоқилик, бош оғриғи, титроқ, ҳазм қилиш бузилишлари, жигар фаолиятининг издан чиқиши билан намоён бўлади. Кўриш аъзоларининг зарарланиши хос бўлиб, кўз қорачиқларининг ёруғликка реакцияси сусаяди, рангли кўриш чегаралари концентрик тораяди, иш стажи ортиши билан бу торайиш кучайиб боради.
2. Бош режа ва ҳудудга қўйиладиган талаблар.
2.1 Метил спиртидан фойдаланиладиган, сақланадиган ишлаб чиқаришлар учун санитария-ҳимоя зоналарининг ўлчамларини саноат корхоналарини лойиҳалашнинг санитария меъёрларига мувофиқ атмосфера ҳавосида чиқиндиларнинг тарқалишини ҳисоблаш асосида белгилаш лозим. Атмосфера ҳавосидаги метанолнинг максимал бир марталик рухсат этилган миқдори 1 мг/м³, ўртача суткалик рухсат этилган миқдори 0,5 мг/м³, хавфлилик синфи III. Б
2.2 Сув ҳавзалари ва тупроқ ифлосланишининг олдини олиш учун ҳудуд қисмлари, метанолни қайта юклаш, сақлаш, бериш амалга ошириладиган жойларда тупроқ ифлосланишига тўсқинлик қиладиган қоплама, ишлаб чиқариш канализация тармоғига оқова сувлар тизими ёки ёпиқ тўплагичлар бўлиши шарт.
3. Ишлаб чиқариш бино ва иншоотларига қўйиладиган талаблар.
3.1 Ишлаб чиқариш биноларини режалаштириш вертикал ва горизонтал йўналишда қўшни хоналарга метанол буғларининг киришини истисно қилиши керак.
3.2 Метанол билан ишланадиган хоналар силлиқ, осон ювилувчи материаллар билан пардозланиши лозим. Поллар метанол ўтказмайдиган, намликка чидамли материаллардан тайёрланиб, метанол буғланишини иложи борича камайтириш учун иссиқлик ўзлаштириш коэффициенти 4 ккал/м2 соат дан ошмаслиги керак. Поллар қиялик ва оқим тизими билан жиҳозланади.
3.3 Ишлаб чиқариш хоналарини санитария жиҳатидан сақлаш кундалик нам тозалашни ўз ичига олиши шарт.
3.4 Метанол ва таркибида метанол бўлган моддалар билан ишланадиган хоналар қуйидагилар билан жиҳозланиши лозим: алмашинувчи ҳаво киритиш-сўриш вентиляцияси (вентиляция ишламаётганда метанол билан ишлаш қатъиян ман этилади), сув таъминоти ва канализация, сув гидрантлари, шунингдек, табиий шамоллатиш имконияти таъминланган бўлиши керак. [Иш зонаси ҳавосидаги метанол буғларининг РЕМК -5 мг/м3. Б1Г хавфлилик синфи]
4. Технологик жараён ва жиҳозларга қўйиладиган талаблар.
4.1 Ишлаб чиқариш жараёнлари ва ускуналар метанол ва таркибида метанол бўлган моддалар билан ишловчилар учун зарарсиз меҳнат шароитлари ва хавфсизликни таъминлаши шарт.
4.2 Технологик жараёнларни лойиҳалаш ва модернизация қилишда метанолдан фойдаланишни имкон қадар камайтириш ва уни бошқа, камроқ заҳарли (этил, гидролиз спирти каби) моддалар билан алмаштириш зарур.
4.3 Метанол ёки уни ўз ичига олган моддаларни қўллаган ҳолда технологик жараёнларни олиб бориш давлат санитария назорати органлари билан келишилиши шарт.
4.4 Қуйидагилар тақиқланади: таркибида метанол бўлган, маиший турмушда ишлатиладиган ва савдо тармоғига чиқариладиган маҳсулотлар (мастикалар, нитролаклар, елимлар) ишлаб чиқариш;
метанолни эритувчи сифатида ишлатиш,
иситиш асбобларини ёқиш учун метанолдан фойдаланиш,
метанолда политуралар тайёрлаш.
4.5 Метанолнинг мақсадсиз ишлатилишини олдини олиш ва унга ёқимсиз ҳид ҳамда ранг бериш учун истеъмолчи томонидан унга этилмеркаптан ёки керосин ёки бўёқлар қўшилиши лозим.
4.6 Агар бу технологик жараённинг кимёвий хусусиятлари билан боғлиқ бўлмаса, бир хил ишлаб чиқариш хонасида (цех, ишлаб чиқариш) метанол ва этил спиртини бир вақтнинг ўзида ёки навбатма-навбат қўллаш тақиқланади. Хоналарда этил спиртини сақлашга рухсат этилмайди.
4.7 Метанол ёки таркибида метанол бўлган моддалар қўлланиладиган ишлаб чиқариш жараёнлари тўлиқ герметикланган бўлиши ва ишчиларнинг метанол билан алоқада бўлиш имкониятини истисно этиши лозим.
4.8 Метанол қўлланиладиган лаборатория ишлари фақат вентиляция ишлаётган тортма шкафда бажарилади.
4.9 Иш хоналари ҳавосига метанол ажралиб чиқиши билан кечадиган технологик операциялар амалга ошириладиган иш жойлари маҳаллий сўрғичли ёпқичларга эга бўлиши шарт.
4.10. Метанол ишлатиладиган ҳар бир иш ўрни учун метанолнинг миқдори ва қўлланиш шароитлари, вентиляция тизимининг кўрсаткичлари: ёпқич остидаги зарур сийракланиш, тегишли режимларда сўриб олинадиган ҳаво ҳажми батафсил тавсифланган паспорт тузилиши шарт.
4.11 Цехларда, ишлаб чиқариш бўлимларида, лабораторияларда, корхоналарнинг бошқа бўлинмаларида метанол миқдори бир кунлик эҳтиёждан ошмаслиги лозим. Бир кеча-кундузда олинган метанол тўлиқ сарфланмаган тақдирда, унинг қолдиғи омборга топширилади ёки махсус хоналарда (сейфларда) сақланади.
4.12 Метанол сақланадиган хоналар жавонлар, устунлар, кўтариш-ташиш воситалари, ёнғинга қарши ва қўриқлаш сигнализацияси билан жиҳозланган бўлиши керак. Жавонларнинг баландлиги полдан 170 см дан ошмаслиги лозим.
4.13 Метанол ва метанол сақлаган моддалар солинган идишлар жойлаштирилган хона кичик механизация воситалари билан таъминланган бўлиши шарт. Метанолли идишларни қўлда ташиш қатъиян ман этилади.
4.14 Инвентар ва ускуналарни пардозлаш учун қўлланиладиган материалларнинг иссиқлик ўзлаштириш коэффициенти 4 ккал/м2 соатдан ошмаслиги керак.
4.15 Метанол ГОСТ 2222-78 «Метанол — техник заҳар. Техник шартлар» га мувофиқ, ўралган идишда таглик устида сақланади. Идишда «Метанол — заҳар», «Ёнғинга хавфли» деган огоҳлантирувчи ёзувлар ва заҳарли моддалар учун белгиланган белги бўлиши шарт.
4.16 Тапуга метанол қуйиш махсус шу мақсад учун мўлжалланган насослар ва сифонлар (вакуум билан зарядланган) ёрдамида амалга оширилиши шарт. Челаклар ва оғиз билан сўриш орқали сифонлаш усули тақиқланади.
4.17 Идишдан метанолни тўкиш маҳсулот қолдиғисиз тўлиқ амалга оширилади.
4.18 Метанолдан бўшаган идиш дарҳол камида икки баробар ҳажмда сув билан ювилиши керак.
Метанол ва таркибида метанол бўлган моддаларни тўкиш ва улар билан ишлаш пайтида сачрашнинг олдини олиш мақсадида экранлар, тўсиқлар ва шунга ўхшаш ҳимоя воситаларидан фойдаланиш лозим.
4.20. Тўкилган метанол устига зудлик билан қум ёки Х/ъ қиринди сепилади. Улар хонадан чиқариб ташланади, метанол қуйилган жой эса сув оқими билан ювилади.
4.21 Метанол ишлатилган ускуналар, сиғимлар ёки коммуникацияларда таъмирлаш ишлари зарур бўлганда, аппаратлар ва коммуникацияларни сифатли тайёрлаш (пуфлаш, шамоллатиш, буғлаш) ташкил этилиши керак. Аппаратлар ичида ишлаётганда узлуксиз шамоллатиш, иш жойларини ёритиш ва ишчиларнинг нафас олиш ҳудудига тоза ҳаво етказиб беришни таъминлаш, уларнинг метанол билан ифлосланган муҳитда бўлиш вақтини чеклаш лозим.
5. Иситиш ва шамоллатишга қўйиладиган талаблар.
5.1 Иситиш ва шамоллатиш қурилмалари метанолнинг буғланишини кучайтирмайдиган ва хонада ишловчилар учун хавфсиз бўлган унинг иш зонаси ҳавосидаги концентрациясини таъминлайдиган тарзда жойлаштирилиши керак. Иситишни келувчи ҳаво вентиляцияси билан бирлаштириш мумкин.
5.2 Кучли ҳаво оқимларини истисно қилган ҳолда, киритилаётган ҳаво тақсимоти имкон қадар иш жойига яқинлаштирилиши лозим.
5.3 Иш жойларидан метанол буғларини чиқариб юборадиган маҳаллий сўриш тизимлари алоҳида бўлиши ва тозалаш қурилмалари билан жиҳозланиши шарт.
5.4 Тозалаш қурилмаларидан олинган ишлатилган ютгичлар заҳарли моддалар учун белгиланган санитария қоидаларига мувофиқ тўпланади, сақланади ва утилизация қилинади.
6. Ёритишга қўйиладиган талаблар.
6.1 Ёритиш жиҳозлари хона ва иш юзасини бир текис ёритишни таъминлаши, ялтироқ буюмлардан тўғридан-тўғри йўналтирилган нурлар тушиши эҳтимолини ҳисобга олган ҳолда жойлаштирилиши керак.
6.2. Иш жойларининг ёритилганлиги «Табиий ва сунъий ёритиш» ҚМҚ талабларига тўлиқ мос келиши лозим.
7. Дастлабки материаллар, тайёр маҳсулот ва ишлаб чиқариш чиқиндиларини сақлаш ҳамда ташишга қўйиладиган талаблар.
7.1 Дастлабки материаллар, тайёр маҳсулотлар ва ишлаб чиқариш чиқиндиларини сақлаш герметик идишларда, қулфланадиган хоналарда ёки сейфларда амалга оширилиши, бунда кирувчи ва чиқариладиган моддаларнинг миқдори ҳамда фоиз таркиби қатъий ҳисобга олиниши ва назорат қилиниши шарт.
7.2 Таркибида метанол мавжуд бўлган материалларни ташиш герметик муҳрланган идишларда, ташилаётган моддаларнинг миқдори ва концентрацияси аниқ кўрсатилган ҳолда амалга оширилиши лозим.
8. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш талаблари.
8.1 Метанол ташиш, сақлаш, у билан ишлаш, метанол таркибли чиқиндиларни йиғиш, сақлаш ва ташишнинг барча босқичлари атмосфера ҳавоси, тупроқ, сув, сув ҳавзаларининг ифлосланишини олдини олиши шарт. Метанолнинг сув билан ҳар қандай нисбатда осон аралашишини ва ошқозон-ичак тракти орқали организмга кирганда оғир заҳарланиш хавфини ҳисобга олган ҳолда, метанолнинг сув таъминоти манбалари ва очиқ сув ҳавзаларига тушишини олдини олишга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Сув ҳавзаларида метанолнинг рухсат этилган концентрацияси 3,0 мг/л. Хавфлилик синфи 2.
8.2 Атроф-муҳитни метанол билан ифлосланишдан ҳимоя қилишни таъминлайдиган ишлаб чиқариш участкаларининг тузилиши ва жиҳозлари ушбу қоидаларнинг тегишли бўлимларида баён этилган.
8.3 Ишлатилган метанол ва уни ўз ичига олган моддаларни канализацияга тўкиш; метанол билан ифлосланган чиқиндиларни маиший ва заҳарли бўлмаган ишлаб чиқариш чиқиндилари билан аралаштириш қатъиян ман этилади. Уларни герметик ёпиладиган идишларга йиғиш ва санитария қоидаларига мувофиқ йўқ қилиш учун топшириш керак.
заҳарли саноат чиқиндиларини тўплаш, ташиш, зарарсизлантириш ва кўмиш.
9. Назорат усуллари.
9.1 Белгиланган назорат нуқталарида иш жойи ҳавоси, атмосфера ҳавоси, тупроқ ва сув ҳавзалари сувида метанол миқдорини лаборатория-асбоблар ёрдамида назорат қилиш мунтазам равишда режали тартибда ва алоҳида фавқулодда вазиятларда амалга оширилади.
9.2 Назорат режаси жадвали ва нуқталари ҳудудий давлат санитария назорати органлари билан келишилади. Биринчи навбатда қурилмаларнинг герметиклиги бузилиши мумкин бўлган участкалар ва жараёнлар, метанол таркибли моддаларни очиқ юклаш, қайта юклаш, тушириш жойлари мавжуд бўлган, технологик намуналар олинадиган, яъни ҳавонинг зарарли моддалар билан ифлосланиш эҳтимоли энг юқори бўлган жойлар кузатув остига олиниши лозим. Ҳавонинг таҳлили унда метанол парчаланиши маҳсулотлари: формалдегид ва чумоли кислотаси мавжудлигига ҳам ўтказилиши шарт.
9.3 Метанолнинг таъсирлантирувчи хусусияти йўқлигини ҳисобга олган ҳолда, ҳавога тўсатдан кўп миқдорда метанол тушиши мумкин бўлган хоналарда ишчиларни хавф ҳақида огоҳлантириш учун газ анализаторлари ва сигнал берувчи қурилмалардан фойдаланиш зарур.
10. Меҳнат тартибига қўйиладиган талаблар.
10.1 Метанол қўлланилиши билан боғлиқ ишга кираётган барча шахслар терапевт, невропатолог, офтальмолог иштирокида ва кўз туби текшируви билан мажбурий тиббий кўрикдан ўтиши шарт. Кейинчалик даврий тиббий кўриклар ҳар 2 йилда 1 марта ва зарурат туғилганда ўтказилади.
10.2 Кўрув нерви ва тўр парда касалликлари бўлган, алкоголизм, гиёҳвандлик, токсикоманияга мойил шахслар, ҳомиладор ва эмизикли аёллар метанол қўлланиладиган ишларга қўйилмайди.
10.3 Метанол қўлланиладиган ишлаб чиқаришга ишга қабул қилинаётганда, метанолнинг инсон саломатлиги ва ҳаёти учун хавфи ҳақида махсус йўриқнома ўтказилади.
10.4 Метанол қўлланиладиган ишлаб чиқаришларда ишлаш учун жалб этиладиган қурувчилар, монтажчилар, таъмирловчилар, созловчилар ва бошқа мутахассислик эгаларига ҳам метанолнинг хавфи ҳақида йўл-йўриқ берилиши ва улар дастлабки тиббий кўрикдан ўтишлари шарт.
11. Махсус кийим ва шахсий ҳимоя воситаларига қўйиладиган талаблар.
11.1 Метанол билан ишлашга рухсат этилган шахслар 8-ж гуруҳидаги махсус кийим, резина фартук ва резина қўлқопларга эга бўлишлари керак.
11.2 Метанол ишлатиладиган ёки сақланадиган ишлаб чиқариш хоналарида «А» русумли навбатчи противогазлар, резина қўлқоплар ва резина фартуклар бўлиши шарт.
11.3 Метанол махсус кийимга тушган тақдирда, уни дарҳол ечиб, алмаштириш лозим. Метанол билан ифлосланган махсус кийимлар илиқ сувда ювилади. Махсус кийимларни ювиш, таъмирлаш ва зарарсизлантириш марказлаштирилган ҳолда амалга оширилади. Махсус кийимларни ишлаб чиқаришдан ташқарига олиб чиқиш ва уй шароитида ювиш қатъиян ман этилади.
11.4 Метанол билан ишлашда ҳимояловчи суртма ва пасталардан фойдаланиш лозим.
12. Метанолдан заҳарланишнинг олдини олиш бўйича шошилинч чоралар.
12.1 Метанол юзга, қўлларга, терининг очиқ жойларига ва шиллиқ қаватларга тушганда, зарарланган жойларни зудлик билан кўп миқдордаги сув билан ювиш зарур.
Метанол ичилган ҳолларда ошқозонни 2% ли сода эритмаси билан ювиш, ичишга қустирувчи дорилар бериш, беморни ётқизиб, иссиқ грелкалар билан ўраш керак. Шошилинч равишда тиббий ёрдамга мурожаат қилиш лозим.
12.2 Цех дори қутиси таркибига натрий бикарбонат (овқат содаси) ва қустирувчи воситалар киритилиши шарт.