Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисини ўтказиш тўғрисида
«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунининг 6-моддасига, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 10-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси 2026 йил 7 июль куни ўтказилиши белгилансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси мажлисининг кун тартиби лойиҳасига қуйидаги масалалар киритилсин:
«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги ҚЛ-226-сонли Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ҳақида (иккинчи ўқиш);
«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги ҚЛ-229-сонли Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ҳақида («Чет эл фуқаролари учун махсус солиқ режими жорий этилиши ҳамда касбий кўникмаларга эга кадрларни тайёрлаш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар киритиш тўғрисида») (иккинчи ўқиш);
«Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги ҚЛ-235-сонли Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси тўғрисида («Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 178-моддасига яроқлилик муддати ўтган ва яроқлилик муддати кўрсатилмаган ҳолда реализация қилиш ҳамда сотишнинг олдини олишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида») (иккинчи ўқиш);
«Ўзбекистон Республикасининг Сув кодексига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги ҚЛ-237-сонли Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ҳақида (иккинчи ўқиш);
«Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида»ги ҚЛ-238-сонли Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси тўғрисида («Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида») (иккинчи ўқиш);
ҚЛ-237 ва ҚЛ-238-сонли Ўзбекистон Республикаси қонунлари лойиҳаларини бирлаштириш тўғрисида;
«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳақида;
«Халқаро меҳнат стандартлари миллий қонунчиликка имплементация қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ўзгартириш ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги ҚЛ-242-сонли Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ҳақида (иккинчи ўқиш);
«Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш киритиш ҳақида»ги ҚЛ-236-сонли Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси тўғрисида (биринчи ўқиш);
«Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига давлат сирларини сақлаш фаолиятининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимча киритиш ҳақида»ги ҚЛ-252-сонли Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси тўғрисида (биринчи ўқиш);
«Ўзбекистон Республикаси билан Покистон Ислом Республикаси ўртасида маҳкумларни топшириш тўғрисида Битимни (Исломобод, 2026 йил 5 февраль) ратификация қилиш ҳақида»ги ҚЛ-254-сонли Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси тўғрисида (биринчи ўқиш);
«Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ўртасида Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Гиёҳвандликка қарши курашиш маркази тўғрисидаги Битимни (Тянсзин, 2025 йил 1 сентябрь) ратификация қилиш ҳақида»ги ҚЛ-255-сонли Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси тўғрисида (биринчи ўқиш);
Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси А. Абдухакимовга «2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепцияси ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг парламент сўровини юбориш ҳақида;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ташаббусли бюджет жараёнларида парламент назоратини амалга ошириш бўйича комиссияси тўғрисидаги низомга қўшимча ва ўзгартириш киритиш ҳақида.
3. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 6 июль,
2285-V-сон