ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ МИРЗАЧЎЛ ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ
Қарори
Мирзачўл туман Ободонлаштириш бошқармаси томонидан туман марказий кўчалари бўйидаги юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар билан тузилган шартнома асосида қаттиқ маиший чиқиндиларини олиб чиқиш ва ҳудудларни ободонлаштириш хизматини кўрсатиш бўйича тўлов тарифларини тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 26 декабрдаги «Маҳаллий бюджетлар ва бюджет ташкилотларининг молиявий барқарорлигини ошириш, бюджет интизомини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-387-сонли қарори 8-бандида 2026 йил 1 январдан бошлаб ободонлаштириш бошқармалари томонидан туман (шаҳар)лар марказий кўчалари бўйидаги тадбиркорлик субъектлари билан тузилган шартнома асосида чиқиндиларни олиб чиқиш ва ҳудудларни ободонлаштириш хизматини кўрсатишга рухсат берилиши, бунда чиқиндиларни олиб чиқиш ва ҳудудларни ободонлаштириш хизматини кўрсатганлик бўйича тарифлар туман (шаҳар)лар ҳокимликлари томонидан Халқ депутатлари туман (шаҳар)лар Кенгашларига кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун киритилиши белгилаб қўйилган.
Туман ободонлаштириш бошқармаси томонидан туман марказий кўчалари бўйидаги тадбиркорлик субъектлари билан тузилган шартнома асосида чиқиндиларни олиб чиқиш ва ҳудудларни ободонлаштириш хизматини кўрсатиш бўйича тўлов тарифлари юзасидан Мирзачўл туман ҳокимлиги Ободонлаштириш бошқармасининг 2026 йил 8-апртлдаги 15-сонли хатини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг 6- ва 24-моддаларига асосан халқ депутатлари Мирзачўл туман Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 26 декабрдаги ПҚ-387 сон «Маҳаллий бюджетлар ва бюджет ташкилотларининг молиявий барқарорлигини ошириш, бюджет интизомини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» қарори маълумот ва ижро учун қабул қилинсин.
2. Мирзачўл туман Ободонлаштириш бошқармаси томонидан туман марказий кўчалари бўйидаги тадбиркорлик субъектлари билан тузилган шартнома асосида чиқиндиларни олиб чиқиш ва ҳудудларни ободонлаштириш хизматини кўрсатиш бўйича тўлов тарифлари юзасидан туман Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи А.Абдурашидовнинг ҳисоботи маълумот учун қабул қилинсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Санитар қоидалари ва меъёрларига асосан ҳудудлар бўйича ўрнатилган меъёрлардан истеъмолчининг фаолият туридан, жойлашувидан ва хизматидан фойдаланиш усулидан келиб чиқиб истеъмолчи томонидан 1 м3 ҚМЧ (қаттиқ маиший чиқиндилар) ҳажми учун юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг қаттиқ маиший чиқиндиларини марказий чиқинди сақлаш объектига олиб бориб жойлаштириш хизмат ҳаққи суммаси иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Туман Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бўлими (Ш.Дадаев), туман Тиббиёт бирлашмаси (С.Бобобеков), туман Санитария эпидемиология осойишталиги ва жамоат саломатлиги бўлими бошлиғи (А.Ҳамраэв), Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси туман бўлими (С.Бойматов)лар фуқароларнинг ҳуқуқий ва санитария-экологик саводхонлигини оширишга қаратилган тушунтириш ишларини ташкил этсин.
5. Ушбу Қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.
6. Мазкур қарорни ижросини назорат қилиш халқ депутатлари Мирзачўл туман Кенгашининг Маҳаллий бюджет, тадбиркорликни ривожлантириш ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари бўйича доимий комиссияси зиммасига юклатилсин.
Кенгаш раиси АХМЕДОВ ЖАМОЛ АБДУЖАЛИЛОВИЧ
Жиззах вилояти, Мирзачўл тумани,
2026 йил 5 август,
VII-23-59-3-51-K/26-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.