Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
қарори
Ўзбекистон Республикасининг устувор халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрни яхшиланиши тўғрисидаги миллий маъруза ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Адлия вазирлиги раҳбарларининг Ўзбекистон Республикасининг устувор халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрни яхшиланиши тўғрисидаги миллий маъруза ҳақидаги ахборотларини эшитиб, мамлакатда мазкур соҳада 2025 йилда муайян ишлар амалга оширилганлигини қайд этади.
Хусусан, 2025 йилда Ўзбекистон учун устувор бўлган 20 та халқаро рейтинг ва индекснинг 14 тасида мамлакатимиз кўрсаткичлари яхшиланган, 4 тасида ўзгаришсиз қолган ва 2 та рейтинг натижалари эълон қилинмаган.
Ҳисобот даврида Ўзбекистон Республикасининг суверен кредит рейтинглари бўйича халқаро молиявий бозорлардаги нуфузи янада мустаҳкамланиб, давлат бошқаруви ва институционал тизимларни такомиллаштириш, иқтисодий сиёсатнинг самарадорлигини ошириш, фискал интизомни кучайтириш ҳамда инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар халқаро рейтинг агентликлари томонидан юқори баҳоланди.
«Fitch Ratings» ва «S&P Global Ratings» агентликлари мамлакатимизнинг суверен кредит рейтингини 2018 йилдан буён биринчи марта бир поғонага ошириб, «BB» даражасида «барқарор» кутилма билан тасдиқлади. «Moody’s Ratings» агентлиги эса мамлакатимизнинг «Ba3» даражасидаги суверен кредит рейтингини сақлаб қолган ҳолда, рейтинг кутилмасини «барқарор»дан «ижобий»га яхшилади.
Барқарор ривожланиш соҳасида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар натижасида мамлакатимиз Барқарор ривожланиш мақсадлари индексида 19 поғонага кўтарилиб, 167 та давлат орасида 62-ўринни эгаллади.
Ўзбекистон 2015 йилдан буён Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлида энг катта тараққиётга эришган давлатлар қаторига киритилди ҳамда Шарқий Европа ва Марказий Осиё минтақасида мазкур йўналишда энг юқори ўсиш суръатларини намоён этаётган мамлакат сифатида эътироф этилди.
Давлат бошқарувини рақамлаштириш ва давлат хизматларини электрон шаклда кўрсатиш соҳасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар Ўзбекистоннинг Электрон ҳукуматни ривожлантириш рейтингидаги ўрнининг сезиларли яхшиланишига туртки берди. Жумладан, мамлакатимиз мазкур рейтингда 193 та давлат орасида 63-ўринни эгаллади ва аввалги натижага нисбатан 6 поғонага юқорилаб, электрон ҳукумат соҳасида ривожланиш даражаси бўйича «юқори» тоифадан «жуда юқори» тоифага кўтарилган 17 та давлат қаторига киритилди.
Шунингдек, инновацион ривожланиш, иқтисодий эркинлик, ҳуқуқ устуворлигини таъминлаш ҳамда давлат бошқаруви сифатини ошириш борасида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар халқаро рейтинг ва индексларда мамлакатимиз ўрнининг яхшиланишига хизмат қилди.
Хусусан, Ўзбекистон Глобал инновация индексида 4 поғонага юқорилаб, 139 та давлат орасида 79-ўринни эгаллади. Мазкур натижа мамлакатда инновацион экотизимни ривожлантириш, илмий-тадқиқот ва технологик фаолиятни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг самарасини акс эттирди.
Иқтисодий эркинлик индексида республикамиз 3 поғонага кўтарилиб, 184 та мамлакат орасида 100-ўринни қайд этди. Шу билан бирга, Ўзбекистон МДҲ мамлакатлари орасида 5-ўринни ҳамда Марказий Осиё давлатлари ўртасида 2-ўринни эгаллади, бу эса иқтисодиётни либераллаштириш ва хусусий секторни қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотларнинг ижобий натижаларини кўрсатади.
Ҳуқуқ устуворлиги индексида мамлакатимиз 2 поғонага юқорилаб, 143 та давлат орасида 81-ўринга кўтарилди. Ўзбекистоннинг умумий баҳоси 0,5 фоизга ошиб, мазкур рейтингда энг яхши ўсиш кўрсаткичларини намоён этган давлатлар қаторига киритилди.
Жаҳон банкининг Бошқарув сифати индикаторлари бўйича ҳам мамлакатимизнинг кўрсаткичлари бир қатор йўналишларда яхшиланди. Бинобарин, сиёсий барқарорлик ва зўравонлик ҳамда терроризмнинг мавжуд эмаслиги индикаторида 22 поғонага, ҳукумат самарадорлиги индикаторида 15 поғонага, тартибга солиш сифати индикаторида 5 поғонага ҳамда коррупцияни тийиб туриш индикаторида 1 поғонага кўтарилиш қайд этилди. Мазкур натижалар қонун устуворлигини таъминлаш, одил судлов тизимини такомиллаштириш, давлат бошқаруви институционал асосларини мустаҳкамлаш ва бошқарув самарадорлигини ошириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотларнинг амалий самарасини намоён этмоқда.
Ҳисобот даврида Мамлакатларга хос хатарларни таснифлаш тизими (5-гуруҳ), Коррупцияни қабул қилиш (121-ўрин), Матбуот эркинлиги (148-ўрин) индекслари ҳамда Бошқарув сифати индикаторлари таркибига кирувчи Ҳуқуқ устуворлиги индикаторида (153-ўрин) Ўзбекистоннинг кўрсаткичлари ўзгаришсиз қолди.
Шунингдек, Логистика самарадорлиги ва Электрон ҳукуматни ривожлантириш индекслари натижалари эълон қилинмади.
Амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар билан бир қаторда соҳада ўз ечимини кутаётган айрим муаммо ва камчиликлар ҳам сақланиб қолмоқда.
Жумладан, Иқтисодий эркинлик индексидаги айрим таркибий кўрсаткичлар бўйича салбий динамика қайд этилган. Масалан, «Суд фаолияти самарадорлиги» кўрсаткичи 14,5 баллни ташкил этиб, 2024 йилга нисбатан 0,8 баллга пасайган бўлса, «Меҳнат бозори эркинлиги» кўрсаткичи 47,9 баллни ташкил этган ҳолда 0,3 баллга камайган.
Мазкур ҳолат суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг натижадорлигини янада ошириш, меҳнат муносабатларини либераллаштириш, меҳнат бозорининг мослашувчанлиги ва рақобатбардошлигини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирларни амалга ошириш зарурлигини кўрсатмоқда.
Инсон камолоти индексида мамлакатимиз учун берилган баллар 2024 йилга нисбатан 0,013 баллга ошган бўлса-да, умумий рейтингдаги ўрнимизда 1 поғонага пасайиш кузатилган (107-ўрин).
Бу ҳолат инсон капиталини ривожлантириш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни янада жадаллаштириш, жумладан таълим тизимида олиб борилаётган ўзгаришларни изчил давом эттириш, таълим сифати ва қамровини оширишга қаратилган ривожланган давлатлар тажрибасида ўз самарасини кўрсатган механизмларни миллий шароитга мослаштирган ҳолда кенг жорий этиш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Глобал инновация индекси бўйича умумий кўрсаткичлар яхшиланган бўлса-да, унинг айрим таркибий йўналишларида пасайишлар кузатилмоқда. Масалан, индекснинг «бизнесни ривожлантириш» йўналиши бўйича кўрсаткич 6 поғонага, «ижодий маҳсулотлар» йўналиши бўйича эса 1 поғонага пасайган.
Бу эса инновацион фаолиятни тижоратлаштириш, хусусий секторнинг инновацион жараёнлардаги иштирокини кенгайтириш ҳамда юқори қўшимча қийматга эга ижодий ва интеллектуал маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш борасидаги ислоҳотларни жадаллаштиришни тақозо этмоқда.
«Жаҳон одил судлов лойиҳаси» (World Justice Project) халқаро ноҳукумат ташкилотининг Ҳуқуқ устуворлиги индекси бўйича Ўзбекистоннинг умумий кўрсаткичлари яхшиланган бўлса-да, индекснинг айрим таркибий индикаторларида пасайиш ҳолатлари кузатилган.
Хусусан, «Ҳокимият институтларининг шаффофлиги (очиқлиги)» индикатори бўйича мамлакатимиз 0,37 балл билан 120-ўринни эгаллаб, ўтган йилга нисбатан 3 поғонага пасайган. Шунингдек, «Асосий (фундаментал) ҳуқуқларни ҳимоя қилиш» индикаторида Ўзбекистон 0,43 балл билан 110-ўринни қайд этиб, рейтингда 2 поғонага орқага силжиган.
Ушбу ҳолат давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва ҳисобдорлигини янада ошириш, аҳолининг ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш механизмларининг самарадорлигини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирларни изчил давом эттириш зарурлигини кўрсатмоқда.
Жаҳон банки томонидан юритиладиган Бошқарув сифати индикаторлари таркибига кирувчи «Аҳоли фикрини инобатга олиш ва ҳисобдорлик» индикатори бўйича минимал пасайиш (2-поғона) кузатилиб, мамлакатимиз ушбу кўрсаткич бўйича умумий рейтингда 161-ўриндан 163-ўринга тушган.
Мазкур ҳолат давлат органларининг очиқлиги ва ҳисобдорлигини таъминлаш, фуқароларнинг давлат бошқарувида иштирокини кенгайтириш, жамоатчилик фикрини қарор қабул қилиш жараёнларига самарали интеграция қилиш ҳамда демократик институтлар фаолияти самарадорлигини янада ошириш бўйича зарур чора-тадбирларни амалга оширишни талаб этмоқда.
Юқоридагиларга асосан «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 7 ва 9-моддаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Адлия вазирлигининг Ўзбекистон Республикасининг устувор халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрни яхшиланиши тўғрисидаги миллий маъруза ҳақидаги ахборотлари маълумот учун қабул қилинсин.
2. Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгаши (бундан буён матнда Республика кенгаши деб юритилади) ишчи органлари (Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Адлия вазирлиги) устувор халқаро рейтинг ва индексларга бириктирилган вазирлик ва идоралар ҳамда илмий-тадқиқот муассасалари билан биргаликда:
бир ой муддатда халқаро рейтинг ва индексларда мамлакатимиз кўрсаткичларига таъсир кўрсатувчи соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва натижаларини халқаро ҳамжамиятга тизимли етказиш мақсадида хорижий медиа маконида тарғибот-тушунтириш ишларини амалга ошириш бўйича медиа-режани ишлаб чиқиб, Республика кенгашига киритсин;
мунтазам равишда рейтинг тузувчи халқаро ташкилотлар, экспертлар ва тадқиқот марказлари билан доимий мулоқот механизмларини йўлга қўйиб, уларни мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва эришилаётган натижалар ҳақида хабардор қилиб борсин;
2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг устувор халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрни яхшиланиши тўғрисидаги миллий маърузани тайёрлашда қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратсин:
мақсадли кўрсаткичларга эришиш бўйича масъул вазирлик ва идоралар фаолиятининг самарадорлигини ҳамда амалга оширилган чора-тадбирларнинг халқаро рейтинг ва индекслар кўрсаткичларига таъсирини баҳолаш;
халқаро рейтинг ва индексларда мамлакатимиз кўрсаткичларининг яхшиланиши ёки пасайишига таъсир этган омилларни чуқур таҳлил қилиш ҳамда ҳар бир индикатор кесимида аниқ хулосалар шакллантириш;
рейтинг ва индекслар методологиясидаги ўзгаришлар, янги талаблар ҳамда баҳолаш мезонларининг миллий кўрсаткичларга таъсирини таҳлил қилиш;
Ўзбекистон кўрсаткичлари паст ёки ўзгаришсиз сақланиб қолаётган индикаторлар бўйича тизимли муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш юзасидан аниқ таклифлар ишлаб чиқиш;
халқаро рейтингларни шакллантирувчи ташкилотлар, экспертлар ва тадқиқот марказлари билан ҳамкорлик натижалари ҳамда уларнинг мамлакатимиз бўйича баҳолари ва тавсияларини акс эттириш;
устувор халқаро рейтинг ва индексларда юқори натижаларга эришган давлатлар тажрибасини ўрганиш ва уни миллий амалиётга жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
халқаро рейтинг ва индекслар кўрсаткичларига таъсир этувчи соҳаларда амалга оширилган ислоҳотларнинг аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун амалий натижаларини баҳолаш.
3. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги:
«Fitch», «S&P» ва «Moody‘s» билан проактив алоқани давом эттирган ҳолда агентликлар ҳисоботларида кўрсатилган Ўзбекистон рейтингига таъсир этувчи асосий омиллар юзасидан амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги режалар ҳақидаги мавзули тақдимотларни рейтинг агентликларига тақдим этсин;
доимий равишда устувор халқаро рейтинг ва индексларга бириктирилган вазирлик ва идоралар ҳамда илмий-тадқиқот муассасалари билан биргаликда ижтимоий-иқтисодий соҳага оид халқаро рейтинг ва индексларда мамлакатимиз кўрсаткичларига салбий таъсир кўрсатаётган омилларни иқтисодий таҳлил қилиш асосида уларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқсин.
4. Адлия вазирлиги:
бир ой муддатда мамлакатимизнинг суверен кредит рейтингларидаги кўрсаткичларини яхшилаш, уларни инвестицион даражага яқинлаштиришга қаратилган институционал ва макроиқтисодий ислоҳотлар бўйича Республика кенгашига комплекс таклифлар киритсин;
«Жаҳон одил судлов лойиҳаси» (World justice project) ташкилоти билан ҳамкорликда Ўзбекистонда ҳуқуқ устуворлигини мустаҳкамлашга қаратилган лойиҳа якунлари юзасидан чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқсин.
5. Олий суд уч ой муддатда маъмурий суд ишларини юритиш жараёнининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш механизмларини янада такомиллаштириш мақсадида маъмурий суд қарорларини расмий веб-сайтда эълон қилиш тартибини жорий этсин.
6. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги:
уч ой муддатда Иқтисодий эркинлик индексининг «Меҳнат бозори эркинлиги» кўрсаткичларида мамлакатимиз позицияларини яхшилаш мақсадида минимал иш ҳақини меҳнат унумдорлиги билан боғлаган ҳолда тасдиқлаш, ҳамма учун ягона минимал иш ҳақи миқдорини белгилашдан воз кечиш ва тармоқлар бўйича минимал иш ҳақини белгилаш тизимига ўтиш, шунингдек, минимал иш ҳақининг минтақавий табақаланишини жорий этиш юзасидан ривожланган мамлакатлар тажрибасини чуқур таҳлил қилсин ва асослантирилган таклифларни Республика кенгашига киритсин;
Адлия вазирлиги билан биргаликда меҳнат муносабатлари ва меҳнат муҳофазаси соҳасида қонун талабларига риоя этилишини таъминлаш мақсадида энг кўп бузилаётган ҳуқуқ нормаларини ҳамда унинг сабабларини аниқлаб, натижасига кўра қонунбузилишлар содир этилишига сабаб бўлувчи ҳолатларни мониторинг қилиб борсин.
7. Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2026 йил якунига қадар Инсон камолоти индексининг «Кутилаётган умр кўриш давомийлиги» индексида Ўзбекистон кўрсаткичларини яхшилаш мақсадида Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган озиқ-овқат маҳсулотларида касалликлар ривожланишига сабаб бўлувчи моддалар миқдорини кўрсатувчи мажбурий рангли маркировкалаш тизимини яратиш ва татбиқ қилиш бўйича амалдаги қонунчилик ҳужжатларига тегишли ўзгартириш киритиш бўйича таклифлар тайёрласин.
8. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Миллий статистика қўмитаси икки ой муддатда БМТ Тараққиёт дастурининг Инсон камолоти индекси бўйича масъул экспертлари иштирокида мулоқот ташкил этсин ҳамда мазкур индекснинг «Таълим» (кутилаётган таълим давомийлиги ва ўртача таълим давомийлиги) ҳамда «Кутилаётган умр кўриш давомийлиги» индикаторлари бўйича Ўзбекистон кўрсаткичларига салбий таъсир кўрсатаётган омилларни аниқлаш, уларни бартараф этиш юзасидан экспертлар тавсиялари асосида аниқ таклифлар ишлаб чиқсин.
9. Инновацион ривожланиш агентлиги Глобал инновация индекси ҳисоботида мамлакатимиз кўрсаткичларига оид маълумотларни янгилаш, шунингдек, маълумоти мавжуд бўлмаган ва паст баҳоланган индикаторларнинг ижобий динамикасини таъминлаш юзасидан ЮНЕСКОнинг Статистика институти ва Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти билан доимий музокаралар олиб борсин.
10. Миллий статистика қўмитаси Статистик самарадорлик кўрсаткичлари индексида Ўзбекистон позицияларини яхшилаш мақсадида ишчи кучи кузатувларининг ахборот банкини Халқаро меҳнат ташкилотининг электрон ахборот тизимида мунтазам равишда эълон қилишни таъминлаш чораларини кўрсин.
11. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди 2026-2027 йилларда давлат грантлари ва давлат ижтимоий буюртмаларини ажратишда халқаро рейтинг ва индексларда баҳоланадиган соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг жойлардаги ижросини жамоатчилик мониторингидан ўтказиш, аҳолининг мазкур ислоҳотлар тўғрисидаги хабардорлигини ошириш, фуқароларнинг давлат бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш, инсон ҳуқуқлари, очиқлик ва ҳисобдорлик тамойилларини қарор топтириш ҳамда халқаро рейтинг ва индекслар кўрсаткичларини яхшилашга қаратилган нодавлат нотижорат ташкилотлари лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш бўйича танловлар ташкил этсин.
12. Халқаро рейтинг ва индексларга бириктирилган мутасадди вазирлик ва идоралар ҳамда илмий-тадқиқот муассасалари:
доимий равишда устувор халқаро рейтинг ва индекслар методологиясидаги ўзгаришларни тизимли мониторинг қилиб борсин ҳамда уларнинг миллий қонунчилик ва давлат сиёсатига таъсири юзасидан амалий таклифлар ишлаб чиқсин;
Ўзбекистон учун устувор бўлган халқаро рейтинг ва индексларнинг ҳисоботлари эълон қилингач, мамлакатимизнинг жорий кўрсаткичлари, мақсадли кўрсаткичларга эришиш ҳолати ҳамда мавжуд муаммолар юзасидан таҳлилий маълумотларни Республика кенгашининг ишчи органларига тақдим этиб борсин;
устувор халқаро рейтинг ва индексларга оид маълумотларнинг халқаро ташкилотларга тўлиқ, ишончли ва ўз вақтида тақдим этилишини таъминласин.
13. Мазкур Қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С. Сафоев зиммасига юклансин.
14. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2026 йил 10 июль,
СҚ-318-V-сон