ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ХОНҚА ТУМАНИ ҲОКИМИНИНГ
ҚАРОРИ
Хонқа туманидаги мактаб ёшидаги болаларни умумий ўрта таълимга тўлиқ қамраб олиш учун тумандаги умумтаълим муассасаларининг микроҳудудларини белгилаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги Қонуннинг 27-моддаси ҳамда «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонуннинг 6, 211-моддаларига асосан, қарор қиламан:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 16 сентябрдаги «Республиканинг ҳудуд, соҳа ва тармоқларида рақамли технологиялар жорий этилишини янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-286-сонли қарори ҳамда туман мактабгача ва мактаб таълими бўлимининг 2026 йил 12 майдаги 01605-сонли хати маълумот учун қабул қилинсин.
2. Туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими (Й. Бабажонов) ҳамда Давлат кадастрлар палатаси туман филиали (Э. Рўзметов) томонидан ҳамкорликда ишлаб чиқилган мактаб ёшидаги болаларни умумий ўрта таълимга тўлиқ қамраб олиш бўйича умумтаълим муассасаларига бириктирилган ҳудудлар (микроҳудуд) рўйхати иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Хонқа туманидаги таълим рус тилида олиб бориладиган 36-сонли мактабга тумандаги барча ҳудудлардан русийзабон ўқувчиларни келишини, ушбу мактабда 1-синфга қабул рус тилини билиш даражаси бўйича амалга оширилишини инобатга олган ҳолда микроҳудуд беркитилмасин.
4. Туман ҳокимининг ўринбосари И. Ходжаев, туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими (Й. Бабажонов) ва тумандаги умумтаълим муассасалари раҳбарлари зиммасига мактаб ёшидаги болаларни умумий ўрта таълимга тўлиқ қамраб олиш, ўқувчиларнинг дарсларга қатнашиш ҳолати юзасидан мониторинг олиб бориш ва унинг натижасида аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича зарур чоралар кўриш вазифаси топширилсин.
5. Тумандаги умумтаълим муассасалари раҳбарлари ўзлари раҳбарлик қилаётган муассасага бириктирилган ҳудуддаги мактаб ёшидаги болаларни умумтаълим мактабларига жалб этишга шахсан масъул эканликлари ушбу қарор билан белгилаб қўйилсин.
6. Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси туман бўлими (О. Қурамбоев) маҳалла фуқаролар йиғини раислари билан биргаликда мактаб ёшидаги болаларни умумтаълим муассасаларига жалб этиш жараёнида туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими ҳамда умумтаълим мактаблари раҳбарларига амалий ёрдам кўрсатсин.
7. Ушбу қарор расман эълон қилинган кундан кучга кириши муносабати билан 2022 йил 6 сентябрдаги VI-69-151-12-175-Қ/22-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
8. Туман ҳокимлиги ахборот хизмати (Ш. Хўжаниёзов), «Хонқа ҳаёти» газетаси муҳаррири М. Сапаева:
мазкур қарор туман ҳокимлигининг «Хонқа ҳаёти» газетасида расман эълон қилинсин ҳамда ҳокимликнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилсин.
9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш туман ҳокимининг ўринбосари И. Ходжаев зиммасига юклатилсин.
Туман ҳокими У. ДАВЛАТОВ
Хоразм вилояти, Хонқа тумани,
2026 йил 10 июнь,
260-12-175-Q/26-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.