Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирининг
буйруғи
Спорт турларини ва спорт турининг тармоқларини эътироф этиш, уларни спорт турлари реестрига киритиш ва ундан чиқариш ҳамда реестрни юритиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритиш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2026 йил 30 июнда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2923-6]
Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ буюраман:
1. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитасининг 2017 йил 7 августдаги 5-мҳ-сон қарори (рўйхат рақами 2923, 2017 йил 29 август) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 35-сон, 939-модда) билан тасдиқланган Спорт турларини ва спорт турининг тармоқларини эътироф этиш, уларни спорт турлари реестрига киритиш ва ундан чиқариш ҳамда реестрни юритиш тартиби тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Вазир А. ИКРАМОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 22 июнь,
5-мҳ-сон
Ўзбекистон Республикаси спорт вазирининг 2026 йил 22 июндаги 5-мҳ-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Спорт турларини ва спорт турининг тармоқларини эътироф этиш, уларни спорт турлари реестрига киритиш ва ундан чиқариш ҳамда реестрни юритиш тартиби тўғрисидаги низомга киритилаётган ўзгартиришлар
1. 1-банднинг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«спорт тури — спорт мусобақаларига ўзига хос тарзда тайёргарлик кўрилиши билан ажралиб турувчи, спорт мусобақаларини ўтказишга ва уларда иштирок этишга доир талаблар ва шартлар белгиланадиган қоидаларга (низомга, регламентга) эга бўлган жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги фаолият тури;».
2. 3-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«3. Спорт турини ёки спорт турининг тармоғини эътироф этиш учун у спорт турига ёки спорт турининг тармоғига мос белгига, спорт тури қоидаларига, машғулот ўтказишнинг ўзига хос хусусиятлари ва услубиятига, спорт инфратузилмасига, фойдаланиладиган спорт анжомлари ва жиҳозларига эга бўлиши ҳамда спорт машғулотлари ва спорт мусобақаларини ўтказиш талабларига жавоб берадиган спорт инфратузилмаси мавжуд бўлиши, шунингдек спортчиларнинг иштирок этишига, одамнинг жисмоний ва ақлий ривожланиш қобилиятини ҳамда ҳаракат фаоллигини такомиллаштиришга, соғлом турмуш тарзини шакллантиришга хизмат қилиши керак.».
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.07.2026 й., 10/26/2923-6/0661-сон)