ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ СПОРТ ВАЗИРИНИНГ
БУЙРУҒИ
Ўзбекистон Республикасида тренерлик фаолияти тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритиш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2026 йил 25 июнда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2247-4]
Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ буюраман:
1. Ўзбекистон Республикаси маданият ва спорт ишлари вазирининг 2011 йил 9 июндаги 484-сон буйруғи (рўйхат рақами 2247, 2011 йил 22 июль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2011 й., 30-сон, 318-модда) билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида тренерлик фаолияти тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Вазир А. ИКРАМОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 5 июнь,
3-мҳ-сон
Ўзбекистон Республикаси спорт вазирининг 2026 йил 5 июндаги 3-мҳ-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикасида тренерлик фаолияти тўғрисидаги низомга киритилаётган ўзгартиришлар
1. 2-банднинг учинчи — бешинчи хатбошилари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«спорт тури — спорт мусобақаларига ўзига хос тарзда тайёргарлик кўрилиши билан ажралиб турувчи, спорт мусобақаларини ўтказишга ва уларда иштирок этишга доир талаблар ва шартлар белгиланадиган қоидаларга (низомга, регламентга) эга бўлган жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги фаолият тури;
спорт федерацияси (уюшмаси) — мамлакатда муайян спорт турини (турларини) ривожлантиришни, оммалаштиришни, спорт тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишни, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг спорт терма жамоаси аъзолигига номзодларни саралашни ва тавсия этишни ўз фаолиятининг асосий мақсади сифатида белгилаган, тегишли тартибда Спорт федерациялари (уюшмалари) реестрига киритилган нодавлат нотижорат ташкилоти;
тренер — спортчиларни тайёрлаш ҳамда уларнинг мусобақаларга тайёргарлик кўришини ташкил этиш, уларга назарий ва амалий билимларни бериш, шунингдек уларни жисмоний жиҳатдан камол топтиришни амалга оширувчи жисмоний шахс;».
2. 11-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«11. Тренерлик фаолиятини амалга оширишда қуйидагиларга йўл қўйилмайди:
зўравонликни, диний экстремизмни, давлат тузумига, мамлакатнинг тинчлиги ва хавфсизлигига, унинг аҳолисига қарши қаратилган бошқа ҳаракатларни тарғиб қилишга;
жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситишга;
ўқув машғулотлари жараёнида спортга алоқаси бўлмаган бошқа фаолиятни олиб боришга;
тақиқланган воситаларни, тамаки ва алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилиш ҳамда уларни истеъмол қилишни тарғиб этишга.».
3. 17-банддан бешинчи хатбоши чиқариб ташлансин.
4. 20-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«20. Тренерлик фаолиятини амалга оширувчи шахслар қуйидаги ҳуқуқларга эга:
тренерлик фаолиятини амалга ошириш;
қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида ўқиш;
спорт мусобақаларида, жисмоний тарбия тадбирларида иштирок этиш.
Тренер қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.».
5. 21-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«21. Тренерлик фаолиятини амалга оширувчи шахслар қуйидагиларга мажбур:
қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда малака оширганлик ҳақидаги малака сертификатга эга бўлишга;
ўз фаолияти жараёнида жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланувчиларда ватанпарварлик, ватанга муҳаббат туйғуларини тарбиялашга, уларнинг соғлигини мустаҳкамлашга, спорт маҳоратини оширишга, уларни ахлоқий, маънавий тарбиялашга алоҳида эътибор қаратишга;
тренерга нисбатан қўйилган талабларга қатъий риоя этишга;
касбий малакасини узлуксиз ошириб боришга;
жисмоний тарбия ва спортни ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга;
юксак маданият ва ташкилотчилик бўйича ўрнак бўлиш, шуғулланувчилар томонидан қўполлик, интизомсизлик ва ахлоқий меъёрлар бузилишининг олдини олишга;
ўқув-машғулотларида хавфсизлик, санитария қоидаларига, нормаларига ва гигиена нормативларига риоя этишга.
Тренернинг зиммасига қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юклатилиши мумкин.».
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.06.2026 й., 10/26/2247-4/0625-сон)