ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ЯНГИАРИҚ ТУМАНИ ҲОКИМИНИНГ
ҚАРОРИ
Янгиариқ туманида мактаб ёшидаги болаларни умумий ўрта таълимга тўлиқ қамраб олиш юзасидан тумандаги умумтаълим муассасаларининг микроҳудудларини белгилаш тўғрисида
«Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6-моддаси, «Таълим тўғрисида»ги Қонунининг 27-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 мартдаги 140-сонли қарори билан тасдиқланган «Умумий ўрта таълим тўғрисида»ги Низомнинг 39-бандига асосан, туманда мактаб ёшидаги болаларни умумий ўрта таълимга қамраб олиш жараёнида умумтаълим муассасаларига бириктирилган ҳудудлар (микроҳудуд)ни аниқ белгилаб олиш мақсадида қарор қиламан:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 16 сентябрдаги «Республиканинг ҳудуд, соҳа ва тармоқларида рақамли технологиялар жорий этилишини янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-286-сонли қарори ҳамда туман мактабгача ва мактаб таълими бўлимининг 2026 йил 8 майдаги 748-5-сонли хати маълумот учун қабул қилинсин.
2. Туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими (Д.Куваков) ҳамда Давлат кадастрлар палатаси туман филиали (М.Ражапов) томонидан ҳамкорликда ишлаб чиқилган мактаб ёшидаги болаларни умумий ўрта таълимга тўлиқ қамраб олиш бўйича умумтаълим муассасаларига бириктирилган ҳудудлар (микроҳудуд) рўйхати иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари (Д.Матякубов), туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи (Д.Куваков), тумандаги умумтаълим муассасалари раҳбарлари зиммасига мактаб ёшидаги болаларни умумий ўрта таълимга тўлиқ қамраб олиш, ўқувчиларнинг дарсларга қатнашиш ҳолати юзасидан мониторинг олиб бориш ва унинг натижасида аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича зарур чоралар кўриш вазифаси топширилсин.
3. Белгилансинки, тумандаги умумтаълим муассасалари раҳбарлари ўзлари раҳбарлик қилаётган муассасага бириктирилган ҳудуддаги мактаб ёшидаги болаларни ўз вақтида умумтаълим муассасасига ўқишга жалб қилиш учун масъул ҳисоблансин.
4. Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси туман бўлими (Ф.Шомуродов) маҳалла фуқаролар йиғини раислари билан биргаликда мактаб ёшидаги болаларни умумтаълим муассасаларига жалб этиш жараёнида туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими ҳамда умумтаълим мактаблари раҳбарларига амалий ёрдам кўрсатсин.
5. Мазкур қарор қабул қилиниши билан туман ҳокимининг 2019 йил 19 августдаги 6289-Қ-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
6. Ушбу қарор имзоланган санадан кучга киради ҳамда Янгиариқ туман ҳокимининг расмий нашри «Янгиариқ овози» газетасида ва веб-сайтда эълон қилинсин.
7. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари (Д.Матякубов) зиммасига юклатилсин.
Туман ҳокими З. МАТНАЗАРОВ
Хоразм вилояти, Янгиариқ тумани,
2026 йил 12 июнь,
201-12-179-Q/26-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.