СУРХОНДАРЁ ВИЛОЯТИ ТЕРМИЗ ШАҲАР ҲОКИМИНИНГ
ҚАРОРИ
Термиз шаҳридаги давлат умумий ўрта таълим муассасаларининг микроҳудудларини белгилаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги Қонунининг 27, 47-моддалари, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 мартдаги 140-сон қарори билан тасдиқланган «Умумий ўрта таълим тўғрисида»ги низомнинг 39, 41-бандлари, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 1 июндаги 295-сон қарори билан тасдиқланган «Болаларни давлат умумий ўрта таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти»нинг 3, 4, 8-бандларига мувофиқ, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг 6, 25-моддаларига асосан, қарор қиламан:
1. Термиз шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бўлимининг 2025 йил 16 декабрдаги «Мактаб ёшидаги болаларни мажбурий таълимга жалб этиш мақсадида шаҳардаги ҳар бир умумий ўрта таълим муассасаларини ҳудуд ва микроҳудудларга бириктириш тўғрисида» 01-/4576-сонли хати маълумот учун қабул қилинсин.
2. Термиз шаҳридаги умумий ўрта таълим мактабларини маҳалла фуқаро йиғинларидаги ҳудуд ва микроҳудудларга бириктириш рўйхати 1-иловага мувофиқ; Термиз шаҳридаги умумтаълим мактабларида таълим икки (ўзбек ва рус) тилида олиб борилишини инобатга олган ҳолда, мактабларга ҳудудларни ўқитиш тили бўйича бириктириш 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Термиз шаҳар ҳокимининг ўринбосари К.Ашуров, шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бўлими (Лавозимига кўра) ҳамда шаҳардаги умумий ўрта таълим муассасалари раҳбарларининг зиммасига:
мактаб ёшидаги болаларни умумий ўрта таълимга 7 ёшга тўладиган йилда тўлиқ қамраб олиш;
ўқувчиларнинг дарсларга қатнашиш ҳолати юзасидан доимий мониторинг олиб бориш ва мониторинг натижасида аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича зарур чоралар кўриш вазифаси топширилсин.
4. Белгилансинки, шаҳардаги умумий ўрта таълим муассасалар раҳбарлари ўзлари раҳбарлик қилаётган муассасага бириктирилган ҳудуддаги мактаб ёшидаги болаларни ўз вақтида умумий ўрта таълим муассасасига ўқишга жалб қилиш учун масъул ҳисобланади.
5. Ўзбекистон маҳаллалари уйшмасининг Термиз шаҳар бўлими (Ф.Абдуманнотов), маҳалла фуқаролар йиғини раислари билан биргаликда (Лавозимига кўра): мактаб ёшидаги болаларни умумий ўрта таълим муассасаларига қамраб олиш жараёнида шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бўлими ҳамда умумий ўрта таълим муассасаларига амалий ёрдам бериш тавсия этилсин.
6. Термиз шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати (А.Қосимова) мазкур қарорни ҳокимликнинг тегишли ижтимоий тармоқларига ҳамда расмий веб-сайтига жойлаштирилишини таъминласин.
7. Термиз шаҳар ҳокимининг 2022 йил 1 июлдаги «Термиз шаҳрида мактаб ёшидаги болаларни умумий ўрта таълимга тўлиқ қамраб олиш юзасидан шаҳардаги умумтаълим муассасаларининг микроҳудудларини белгилаш тўғрисида» 237-8-121-Қ/22-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
8. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш шаҳар ҳокимининг ўринбосари К.Ашуров ҳамда шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бўлими (Лавозимига кўра) зиммасига юклансин.
Термиз шаҳар ҳокими Ш. У. ЛОЛАЕВ
Сурхондарё вилояти, Термиз ш.,
2026 йил 8 май,
135-8-121-Q/26-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.