ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ АРНАСОЙ ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ
Қарори
Арнасой тумани бўйича 2026 йил вегетация даврида суғориш ишлари учун ажратилган сув лимитини тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш сармарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5-сонли қарорига ҳамда Республика сув хўжалиги вазирлигининг 2024 йил 15 мартдаги 72-сонли буйруғига асосан Арнасой туман «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасаси томонидан ҳар йили 1 апрелга қадар новегетация даври учун ва 1-октябрга қадар куз-қиш даври учун якуний истеъмолчилар кесимида экинларни суғориш учун сув олиш лимитларини ҳудудлар бўйича тасдиқланган лимит доирасида ишлаб чиқиши ва тасдиқлаш учун халқ депутатлари туман Кенгашига киритилиши белгиланган.
Шунингдек туман «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасаси томонидан 2026 йил вегетация даврида суғориш ишлари учун жами 163,4 млн м3 сув лимити ажратилган. Шундан Жанубий Мирзачўл магистрал канали ва марказий чап тармоғидан 72,1 млн м3, ЛР-12 каналидан 56,6 млн м3, ПР-12-4-каналидан 31,7 млн м3, зовур сувларидан 3,0 млн м3 сув лимитлари ажратилиб, суғориш учун сув олиш лимитларини ҳудудлар бўйича тасдиқланган лимит доирасида ишлаб чиқилган.
Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонунининг 6 ва 24-моддаларига мувофиқ халқ депутатлари туман Кенгашиқарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5-сонли қарори ижро учун қабул қилинсин.
2. «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасаси раҳбари Х.Эшонқуловнинг туман бўйича 2026 йил вегетация даврида суғориш ишлари учун ажратилган сув лимити юзасидан берган таклифи маъқуллансин ва иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасаси (Х.Эшонқулов)га:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги ПҚ-5-сонли қарори асосида ишларни ташкил этиш;
белгиланган лимитлар асосида истеъмолчиларга сув етказиб бериш;
ўзига бириктирилган ҳудудда сувнинг ҳисоби ва ҳисоботини юритиш;
суғориш тармоқлари ва улардаги гидротехник иншоотларни соз ҳолатда сақлаш, таъмирлаш-тиклаш тадбирларини амалга ошириш;
сув олиш жойларини сувни бошқариш ва ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозлаш, сув мониторинги, ҳисоби ва ҳисоботи юритилишини рақамлаштириш;
истеъмолчилар кесимида истеъмол қилинган сув ҳажми тўғрисидаги маълумотларни солиқ органларига тақдим этиб бориш;
сув истеъмолчиларининг буюртманомаси асосида бошқа сув хўжалиги хизматларини кўрсатиш;
амалга оширилган ишлар юзасидан халқ депутатлари туман Кенгашига ҳисоботларни ўз вақтида бериб бориш вазифалари юклатилсин.
4. Қарор расмий нашрларда эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.
5. Мазкур қарор «Арнасой тонги» газетасида расман эълон қилинсин ҳамда туман ҳокимлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилсин.
6. Ушбу қарор қабул қилиниши муносабати билан халқ депутатлари туман Кенгашининг 2026 йил 18 мартдаги VII-17-43-3-43-К/26-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
7. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Х.Суяров ҳамда туман Кенгашининг аграр, сув хўжалиги, экология ҳамда саноат, қурилиш, коммунал соҳа ва аҳолига хизмат кўрсатиш масалалари бўйича доимий комиссияси зиммасига юклансин.
Кенгаш раиси БАЯНАСОВ БОБИР ОЧИЛОВИЧ
Жиззах вилояти, Арнасой тумани,
2026 йил 22 апрель,
VII-18-54-3-43-K/26-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.