ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ЗАФАРОБОД ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ
қарори
2026 йилда Зафаробод тумани бўйича алкоголь маҳсулотларини реализация қилиш ҳуқуқи ҳамда умумий овқатланиш корхоналари томонидан алкоголь маҳсулотларини реализация қилиш ҳуқуқи учун йиғимларнинг чекланган ставкаларини белгилаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 25 декабрдаги «2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги ЎРҚ-1105-сонли Қонуни ҳамда 2025 йил 26 декабрдаги «Маҳаллий бюджетлар ва бюджет ташкилотларининг молиявий барқарорлигини ошириш, бюджет интизомини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-387-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонунининг 6 ва 24-моддаларига мувофиқ халқ депутатлари туман Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 26 декабрдаги «Маҳаллий бюджетлар ва бюджет ташкилотларининг молиявий барқарорлигини ошириш, бюджет интизомини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлартўғрисида»ги 387-сонли қарорининг 2-хатбоши «в» бандига мувофиқ халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига алкоголь маҳсулотларини (бундан пиво мустасно) реализация қилиш ҳуқуқи ҳамда умумий овқатланиш корхоналари томонидан алкоголь маҳсулотларини (бундан пиво мустасно) реализация қилиш учун йиғимларнинг чекланган ставкаларини 20 фоизгача ошириш ваколати берилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. 2026 йил учун Зафаробод тумани ҳудудида алкоголь маҳсулотларини (бундан пиво мустасно) реализация қилиш ҳуқуқи ҳамда умумий овқатланиш корхоналари томонидан алкоголь маҳсулотларини (бундан пиво мустасно) реализация қилиш учун йиғимларнинг миқдорлари ўзгаришсиз қолдирилсин.
3. Туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Ш. Санакулов, туман солиқ инспекцияси бошлиғи А. Собиров билан биргаликда мазкур қарорнинг ўз вақтида ва самарали бажарилишини таъминлаш чораларини кўрсин.
4. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ойдан кейин кучга киради.
5. Мазкур қарор бажарилишини назорат қилиш туман Кенгашининг маҳаллий бюджет, тадбиркорликни ривожлантириш ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари бўйича доимий комиссияси раиси Л. Ҳосилбеков зиммасига юклатилсин.
Кенгаш раиси Ж. АБДУЛЛАЕВ
Жиззах вилояти, Зафаробод тумани,
2026 йил 30 март,
VII-20-37-3-50-K/26-сон