ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ҒАЛЛАОРОЛ ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ
қарори
Ғаллаорол туманида 2025 йил вегетация даври учун белгиланган якуний истеъмолчилар кесимида экинларни суғориш учун сув олиш лимитларини қайта кўриб чиқиш ва тасдиқлаш тўғрисида
Мамлакатимизда сув ресурсларидан фойдаланиш механизмларини тубдан ислоҳ қилиш, улардан оқилона ва самарали фойдаланишни таъминлаш, иқтисодиёт тармоқларида сув тежовчи технологияларни жорий этишни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, шунингдек, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда.
Хусусан, қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда сувни тежайдиган технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилиб, сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, сувдан фойдаланиш маданиятини юксалтириш орқали аҳоли онгида шаклланган «сув — текин» тушунчасидан воз кечиш ҳамда сувни тежайдиган суғориш технологияларини кенгайтирилган тартибда жорий этишни давом эттириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5-сонли қарори қабул қилинган. Мазкур қарорнинг 7-бандига мувофиқ 2024 йилдан бошлаб:
ҳар йили 1 апрелга қадар вегетация даври учун ва 1 октябрга қадар куз-қиш даври учун якуний истеъмолчилар кесимида экинларни суғориш учун сув олиш лимитларини ҳудудлар бўйича тасдиқланган лимит доирасида ишлаб чиқиб, тасдиқлаш учун халқ депутатлари туман Кенгашларига киритилиши белгиланган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 13 мартдаги 82-сонли қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикасида сувдан фойдаланиш ва сув истъемоли тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 31-бандида «Сув олиш лимитлари: Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги буйруғи билан Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати марказининг прогнози асосида;
Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари буйруқлари ҳамда халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари қарорлари билан тасдиқланади» деб, 36-банди 2-хатбошисида сув олиш лимитлари ва уларни белгилаш тартибига «Манбаларда сув ҳажми камайган ёки кўпайган холатларда сув олиш лимитларига, юқори ваколатли ташкилотнинг рухсати билан, сувдан фойдаланиш ёки сув истемоли режаси параметрларига ўзгартириш киритилмасдан, дархол ўзгартиришлар киритилиши мумкин» эканлиги, 37-бандида «Сувдан фойдаланиш ва сув истемол қилишнинг белгиланган даври тугагандан кегин икки ой муддатда ваколатли ташкилотлар томонидан, манбалардаги сувнинг ҳақиқий миқдорини ҳисобга олинган ҳолда, ўтган давр учун сув олишнинг узил кесил лимитлари тасдиқланади» деб белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг 2025 йил 30 октябрдаги 187-сон ҳамда «Сирдарё-Зарафшон» ирригация тизимлари ҳавза бошқармасининг 2025 йил 3 ноябрдаги 177-сон баёнига асосан, шунингдек, «Ўзбекистон Республикасида сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 37-бандига мувофиқ туманда 2025 йил вегетация даври учун якуний истеъмолчилар кесимида экинларни суғориш учун сув олиш лимитларини қайта кўриб чиқиш ва тасдиқлаш мақсадга мувофиқ бўлмоқда.
Туман «Сув етказиб бериш хизмати» ДМ директори О.Ғаниевнинг ахборотини тинглаб, Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг 6 ва 24-моддаларига мувофиқ халқ депутатлари туман Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5-сонли, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 13 мартдаги 82-сонли қарорлари ижро учун қабул қилинсин.
2. Ғаллаорол тумани «Сув етказиб бериш хизмати» ДМ директори О. Ғаниевнинг ахбороти, 2026 йил 7 январдаги 1/0-1-сонли маълумот учун қабул қилинсин.
3. Туман ҳокими ўринбосари (У. Умирзоқов) ва туман «Сув етказиб бериш хизмати» ДМ (О. Ғаниев)ларга:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5-сонли қарори асосида ишларни ташкил этиш;
ҳудудларда сувнинг ҳисоби ва ҳисоботини юритиш;
суғориш тармоқлари ва улардаги гидротехник иншоотларни соз ҳолатда сақлаш, таъмирлаш-тиклаш тадбирларини амалга ошириш;
сув олиш жойларини сувни бошқариш ва ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозлаш, сув мониторинги, ҳисоби ва ҳисоботи юритилишини рақамлаштириш;
тумандаги фермер хўжаликлари, кластерлар ҳамда бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар билан сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий қилиш юзасидан мунтазам равишда учрашув ва давра суҳбатлари ўтказиш ҳамда мазкур Фармон ва қарорлар ҳамда ундан келиб чиқадиган вазифалар, берилаётган имтиёзлар, шунингдек, ушбу эхнологияларнинг самарадорлиги тўғрисида батафсил маълумотларни бериб боришни тизимли давом эттириш;
истеъмолчилар кесимида истеъмол қилинган сув ҳажми тўғрисидаги маълумотларни солиқ органларига тақдим этиб бориш;
сув лимитларининг ўзгарганлиги бўйича истеъмолчиларни ўз вақтида хабардор қилиш;
сув истеъмолчиларининг буюртмаси асосида бошқа сув хўжалиги хизматларини кўрсатиш;
амалга оширилган ишлар юзасидан халқ депутатлари туман Кенгашига ҳар чорак якуни билан ҳисоботларни тақдим этиш вазифалари юклатилсин.
4. Мазкур қарор қабул қилиниши муносабати билан халқ депутатлари Ғаллаорол туман Кенгашининг 2025 йил 30 апрелдаги VII-12-153-3-45-К/25-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин ва амалдаги ўзгартиришга биноан қабул қилинсин.
5. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш халқ депутатлари Ғаллаорол туман Кенгашининг Аграр, сув хўжалиги ва экология масалалари бўйича доимий комиссияси зиммасига юклатилсин.
Кенгаш раиси Ш. УМАРОВ
Жиззах вилояти, Ғаллаорол тумани,
2026 йил 24 февраль,
VII-17-27-3-45-K/26-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.