ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ТЕРМИЗ ШАҲАР КЕНГАШИНИНГ
Қарори
Халқ депутатлари Термиз шаҳар Кенгашининг 2026 йил 8 январдаги VII-17-2-8-121-К/26-сонли қарорининг иловасига ўзгартириш ва қўшимча киритиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг 19, 24-моддаларига мувофиқ, халқ депутатлари Термиз шаҳар Кенгаши қарор қилади:
1. Термиз шаҳар Солиқ инспекциясининг 2026 йил 13 январдаги 14-00301-сонли хати маълумот учун қабул қилинсин.
2. Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгашининг 2026 йил 6 январдаги «Сурхондарё вилоятида юридик ва жисмоний шахсларнинг 2026 йил учун мол-мулк ҳамда ер солиғи ставкаларини белгилаш ҳақида» VII-17-2-8-0-К/26-сонли қарорининг 2-иловаси асосида тасдиқланган юридик шахслардан ундирилддиган ер солиғи ставкаларига (коеффициент 1,60 ер солиғи ставкаси 60 320 000 сўм) мослаштириш мақсадида халқ депутатлари Термиз шаҳар Кенгашининг «Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Термиз шаҳрида юридик ва жисмоний шахсларнинг 2026 йил учун мол-мулк ҳамда ер солиғи ставкаларини белгилаш ҳақида» 2026 йил 8 январдаги VII-17-2-8-121-К/26-сонли қарорининг 2-иловасига ўзгартириш ва қўшимча киритилсин ҳамда иловага мувофиқ қайта тасдиқлансин.
3. Термиз шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Ш.Дусмуратов, шаҳар Солиқ инспекцияси (С.Тураев)га:
ер солиғининг амалдаги ставкалари юридик шахслар 1 гектарга 60,320 млн. сўм ва жисмоний шахслар 1 кв. м га 522,59 сўм, юридик шахслар учун 1,30-1,60 коэффициентгача ва жисмоний шахслар 1,2-1,5 коэффициентгача индексация қилиниши қўллаган ҳолда ер солиғи ставкаларини белгилаши мумкинлиги юзасидан «Сурхондарё» телевидениеси билан ҳамкорликда пресс клублар ва чиқишларни амалга ошириш ҳамда телевидение орқали оммага тақдим этсин;
белгиланган ер солиғи ставкаларига (юридик ва жисмоний шахсларнинг) қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар учун уларнинг ҳудудларида жойлашган даҳа, мавзе, маҳалла, кўча кесимида 0,5 дан 2,0 гача камайтирувчи ва оширувчи коэффициентларни қўллашлари юзасидан маълумотларни таъминлаб берсин;
юридик ва жисмоний шахслар томонидан мавжуд ер майдонлари учун ҳисобланган ер солиқларини ўз вақтида ва тўлиқ тўлаб боришларини назоратга олсин;
ҳар чорак якунида юридик ва жисмоний шахсларга ҳисобланган ер солиғи ва ундирилган солиқлар тўғрисида ҳамда юридик шахсларга ҳисобланган мол-мулк солиғи ва ундирилган бошқа солиқлари тўғрисида халқ депутатлари шаҳар Кенгашига ҳисобот бериб борсин.
4. Шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати (А.Қосимова) ва «Термиз оқшоми» газетаси таҳририяти (А.Раджабов)га мазкур лойиҳани амалга оширишдан мақсад ва унинг шаҳар иқтисодиётини юксалтиришдаги афзалликлари тўғрисида телевидение, радио, расмий саҳифалар орқали оммавий ахборот воситалари ва интернет тармоқларида кенг ёритиб бориш тавсия этилсин.
5. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш халқ депутатлари Термиз шаҳар Кенгашининг Маҳаллий бюджет, тадбиркорликни ривожлантириш ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари бўйича доимий комиссияси (А.Мустафакулов) зиммасига юклансин.
6. Қарор лойиҳаси regulation.gov.uzга муҳокамага қўйилганда берилган таклиф ва эътирозлардан келиб чиқиб ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганлиги инобатга олинсин.
7. Мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Кенгаш раиси НОРМУРАДОВА ДИЛБАР АБДИКОСИМОВНА
Сурхондарё вилояти, Термиз ш.,
2026 йил 9 февраль,
VII-18-15-8-121-K/26-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.