Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг
буйруғи
Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш муассасаларида туғилганлик ҳақидаги тиббий маълумотнома, перинатал ўлим ва ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳномаларни бериш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг 9-бандига ўзгартириш киритиш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2026 йил 21 февралда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2089-2]
1. Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг 2010 йил 27 февралдаги 56-сон буйруғи (рўйхат рақами 2089, 2010 йил 23 март) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 12-сон, 87-модда) билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш муассасаларида туғилганлик ҳақидаги тиббий маълумотнома, перинатал ўлим ва ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳномаларни бериш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг 9-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«9. Туғилганлик ҳақидаги тиббий маълумотнома туғруқ содир бўлган тиббий муассасалар томонидан барча тирик туғилган болаларга берилади. Тирик туғилганлик мезонларидан (нафас, юрак уриши, киндик пульсацияси, мускулларнинг беихтиёрий қисқариши) бири мавжуд бўлса ҳам бола тирик туғилган ҳисобланади. Бунда, онанинг ҳомиладорлик муддати 22 ҳафта ва ундан ортиқ, боланинг бўйи 25 см ва ундан ортиқ, вазни 500 грамм ва ундан ортиқ бўлиши ёки онанинг ҳомиладорлик муддати 22 ҳафтадан кам, боланинг бўйи 25 смдан паст, вазни 500 граммдан кам бўлганда ушбу бола 168 соат давомида шифокор кузатувида бўлиши зарур.
Туғилганлик ҳақидаги тиббий маълумотнома ушбу тиббий муассаса шифокори, бир нафар шифокор ишлайдиган ёки тиббий муассасада шифокор бўлмаган (меҳнат таътили, касаллик туфайли ва бошқа сабаблар) ҳолларда туғруқни қабул қилган фельдшер ёки акушер томонидан берилади.».
2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитаси билан келишилган.
3. Ушбу буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Вазир А. ХУДАЯРОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 5 февраль,
1-сон
Келишилди:
Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитаси раиси Б. ҲАМРАЕВ
2026 йил 21 январь
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 23.02.2026 й., № 10/26/2089-2/0166)