ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ВОБКЕНТ ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ
Қарори
Вобкент туманида 2025 йил вегетация даври учун якуний истеъмолчилар кесимида экинларни суғориш учун сув олиш лимитларини қайта кўриб чиқиш ва тасдиқлаш тўғрисида
Мамлакатимизда сув ресурсларидан фойдаланиш механизмларини тубдан ислоҳ қилиш, улардан оқилона ва самарали фойдаланишни таъминлаш, иқтисодиёт тармоқларида сув тежовчи технологияларни жорий этишни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, шунингдек, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда сувни тежайдиган технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилиб, сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, сувдан фойдаланиш маданиятини юксалтириш орқали аҳоли онгида шаклланган «сув — текин» тушунчасидан воз кечиш ҳамда сувни тежайдиган суғориш технологияларини кенгайтирилган тартибда жорий этишни давом эттириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5-сонли қарори қабул қилинган. Мазкур қарорнинг 7-бандига мувофиқ 2024 йилдан бошлаб:
ҳар йили 1 апрелга қадар вегетация даври учун ва 1-октябрга қадар куз-қиш даври учун якуний истеъмолчилар кесимида экинларни суғориш учун сув олиш лимитларини ҳудудлар бўйича тасдиқланган лимит доирасида ишлаб чиқиб, тасдиқлаш учун халқ депутатлари туман Кенгашларига киритиши;
истеъмол қилинган сув миқдори ҳисобини юритмаган (юритишдан бош тортган) қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари учун сув солиғи базаси халқ депутатлари туман Кенгашлари томонидан тасдиқланган лимитларга нисбатан икки баробар оширилган ҳолда ҳисобланиши бўйича туман Кенгаши сессия муҳокамасига киритилиши белгиланган.
Шунга асосан, халқ депутатлари Вобкент тумани Кенгашининг 2025 йил 20 мартдаги «Вобкент туманида 2025 йилги вегетация мавсумида қишлоқ хўжалиги экинлари маҳсулотлари етиштирувчиларнинг сув олиш лимитларини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш тўғрисида»ги VII-9-41-2-33-К/25-сон қарорининг 1-иловаси билан «Вобкент туманида 2025 йил вегетация мавсумида қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштирувчиларнинг сув олиш лимитлари» тасдиқланиб, бунда 2025 йил вегетация мавсумида жами 128,8 млн.м3, шу жумладан, деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқа ерларига 29,3 млн.м3, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилар (сув истеъмолчилар)га 99,5 млн.м3 сув ресурслари ажратилиши кутилган эди.
Бироқ, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг 2025 йил 30 октябрдаги 187-сон ҳамда «Аму-Бухоро» ирригация тизимлари ҳавза бошқармасининг 2025 йил 28 ноябрдаги 76/1-сон буйруқлари ижросини таъминлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартиби тўғрисидаги Низомнинг 37-бандига мувофиқ, суғориш мавсуми якуни манбалардаги сувнинг ҳақиқий миқдорини ҳисобга олган ҳолда, истеъмолчиларга етказиб бериладиган сув ресурсларини чекланган сув миқдорларини инобатга олган ҳолда, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштирувчиларнинг сув олиш лимитларини қайта тасдиқлаш ҳақида белгиланган вазифаларга асосан Вобкент туманида 2025 йил вегетация даври учун якуний истеъмолчилар кесимида экинларни суғориш учун сув олиш лимитларини қайта кўриб чиқиш ва тасдиқлаш мақсадга мувофиқ бўлмоқда.
Шунингдек, Вобкент туманида 2025 йилги вегетация даври учун якуний истеъмолчиларга жами 156,5 млн.м3, шу жумладан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилар (сув истеъмолчилар)га 113,8 млн.м3, деҳқон хўжаликлари учун 21,8 млн.м3 ҳамда аҳоли томорқа ерларига 20,9 млн.м3 сув ресурслари ажратилди.
Юқорида баён этилганларга асосан, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6, 24-моддаларига мувофиқ халқ депутатлари Вобкент тумани Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги ПҚ-5-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг 2025 йил 30 октябрдаги 187-сон ва «Аму-Бухоро» ирригация тизимлари ҳавза бошқармасининг 2025 йил 28 ноябрдаги 76/1-сон буйруқлари ҳамда Вобкент тумани «Сув етказиб бериш хизмати» Давлат муассасасининг 2025 йил 20 декабрдаги 329-сонли хати инобатга олинсин.
2. Вобкент туманида 2025 йил вегетация даври учун якуний истеъмолчилар кесимида экинларни суғориш учун сув олиш лимитларини қайта кўриб чиқиш ва тасдиқлаш юзасидан туман «Сув етказиб бериш хизмати» Давлат муассасаси директори Б.Миржоновнинг ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
3. Вобкент туманида 2025 йил вегетация даври учун якуний истеъмолчилар кесимида экинларни суғориш учун сув олиш лимитларини қайта кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун қўйидаги:
Вобкент туманида 2025 йил вегетация мавсумида қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштирувчи якуний истеъмолчиларнинг сув олиш лимитлари 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари — туман қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи О.Нўкаров, туман «Сув етказиб бериш хизмати» ДМ (Б.Миржонов)га туманда сув истеъмолчилари томонидан лимит асосида олинган сув ресурсларини ҳисоботини юритиш ва белгиланган тартибда туман солиқ инспекциясига ўз вақтида тақдим этиб бориш вазифаси юклатилсин.
5. Халқ депутатлари туман Кенгашининг Аграр, сув хўжалиги ва экология масалалари бўйича доимий комиссиясига:
туманда сув истеъмолчилари томонидан лимит асосида олинган сув ресурсларини самарали фойдаланаётганлиги юзасидан жойларга чиққан ҳолда депутатлик назоратини ўрнатиш;
ҳар ойда ўрганишлар натижасида сув ресурсларини туманда белгиланган лимитдан ортиқча олган сув истеъмолчиларини доимий комиссия йиғилишларида иштирокини таъминлаш ва уларнинг ҳисобот (ахборот)ларини эшитиш;
2025 йил давомида туманда сув истеъмолчилари томонидан лимит асосида олинган сув ресурсларидан самарали фойдаланаётганлиги юзасидан мутасадди ташкилот раҳбарларининг ҳисобот (ахборот)ларини халқ депутатлари туман Кенгашининг сессия кун тартибига киритилишини назоратга олсин.
6. Мазкур қарор қабул қилиниши муносабати билан Халқ депутатлари туман Кенгашининг 2025 йил 20 мартдаги «Вобкент туманида 2025 йилги вегетация мавсумида қишлоқ хўжалиги экинлари маҳсулотлари етиштирувчиларнинг сув олиш лимитларини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш тўғрисида»ги VII-9-41-2-33-К/25-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
7. Мазкур қарорнинг ижросини таъминлаш тумани ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари — туман қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи О.Нўкаровга, ижросини назорат қилиш Халқ депутатлари туман Кенгашининг аграр, сув хўжалиги ва экология масалалари бўйича доимий комиссияси зиммасига юклатилсин.
8. Мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Кенгаш раиси ВАФОЕВ БАҚО УБАЙТОВИЧ
Бухоро вилояти, Вобкент тумани,
2026 йил 28 январь,
VII-22-8-2-33-K/26-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.