ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ СИРҒАЛИ ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ
Қарори
Сергели туманининг 2026 йилги маҳаллий бюджетини тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг 6, 24-моддалари, Бюджет кодексининг 27, 99-моддалари, «2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги 2025 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-1105-сон Қонунига ва Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг 2025 йил 27 декабрдаги VII-18-207-14-0-K/25-сон қарорига мувофиқ ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлигининг 2025 йил 26 декабрдаги 02-3659-сонли хатини инобатга олиб, Халқ депутатлари Сергели тумани Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикасининг «2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонуни ҳамда Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг 2025 йил 27 декабрдаги VII-18-207-14-0-K/25-сон қарори (кейинги ўринларда қарор деб юритилади) раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин.
2. Мазкур қарорга мувофиқ, Сергели тумани маҳаллий бюджетининг 2026 йилги даромадлари 151 582 874,0 минг сўм ва харажатлари эса 151 582 874,0 минг сўм қилиб белгиланганлиги, шунингдек Сергели тумани маҳаллий бюджетининг шахсий ғазна ҳисобварағида турган бюджет маблағларининг йўл қўйиладиган энг кам миқдори 1 423 534,0 минг сўм этиб тасдиқланганлиги инобатга олинсин.
Қонуннинг 12-моддасига мувофиқ ҳамда Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг 2024 йил 26 декабрдаги VII-4-024-14-0-K/24-сон қарорининг 8-бандига асосан:
а. солиқларнинг қуйидаги турлари туман бюджетига тўлиқ ҳажмда ўтказилади:
жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи;
жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи;
сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ;
норуда қурилиш материаллари бўйича ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ;
давлат активларини ижарага беришдан тушумлар;
б. қуйидагилар Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджети ва туманлар бюджетлари ўртасида тақсимланади:
айланмадан олинадиган солиқ;
юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ (йирик солиқ тўловчилар томонидан тўланадиган солиқлар бундан мустасно);
юридик шахслардан олинадиган ер солиғи (йирик солиқ тўловчилар томонидан тўланадиган солиқлар бундан мустасно);
мол-мулкни ижарага беришдан олинадиган йиллик даромад тўғрисидаги декларацияга асосан жисмоний шахслар томонидан тўланадиган;
қўшилган қиймат солиғи Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетига тушган тушумлардан 5 фоиз миқдорида (йирик солиқ тўловчиларидан ташқари);
жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетига тушган тушумлардан (жисмоний шахслар мол-мулкни ижарага беришдан олинадиган йиллик даромад тўғрисидаги декларацияга асосан тўлайдиган, шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорлар тўлайдиган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан ташқари) 5 фоиз миқдорида (йирик солиқ тўловчиларидан ташқари);
фойда солиғи Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетига тушган тушумлардан (Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан тасдиқланадиган рўйхатга мувофиқ йирик солиқ тўловчилар, Ўзбекистон Республикасида доимий муассаса орқали фаолиятни амалга оширувчи Ўзбекистон Республикаси норезидентлари томонидан, шунингдек, норезидентларнинг тўлов манбаида ушлаб қолинадиган даромадларидан тўланадиган фойда солиғидан ташқари) 5 фоиз миқдорида (йирик солиқ тўловчиларидан ташқари);
давлат божлари;
йиғимлар;
жарималар;
3. Туман маҳаллий бюджети захира жамғармаси ҳажми 2026 йил учун 1 400 028,0 минг сўм миқдорида белгилансин.
Бунда, захира жамғармаси маблағларини амалдаги бюджет қонунчилигига мувофиқ, бюджет тизими бюджетлари шакллантирилаётганда олдиндан назарда тутиб бўлмайдиган харажатларни, шунингдек ижтимоий-иқтисодий беқарорлик юзага келган вазиятларда амалга оширилиши зарур бўлган тадбирларни молиялаштириш учун йўналтирилиши таъминлансин.
4. Туман ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари А. Жумабоев, туман Иқтисодиёт ва молия бўлими (Ф. Валиханов), туман солиқ инспекцияси (Ҳ. Қосимов) билан биргаликда 2026 йил маҳаллий бюджети учун белгиланган кўрсаткичларни ўз вақтида ва самарали бажарилишини таъминлаш чораларини кўрсин.
5. Ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчилар ҳар чорак якуни билан бюджет маблағларининг самарали ва мақсадли сарфланганлиги, харажатларнинг амалий натижалари юзасидан Халқ депутатлари туман Кенгашига ҳисобот бериб борсинлар.
Бунда, ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчилар:
бюджетдан ажратилган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш, хусусан иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, озиқ-овқат, дори-дармон, коммунал хизматлар ва давлат дастурлари учун белгиланган харажатларни тўлиқ режалаштирилиши ва ўз вақтида тўланиши;
ўзларининг ва тасарруфидаги ташкилотларнинг харажатлар сметаси ва штат жадваллари ҳамда даромадлар ва харажатлар сметаларининг тўғри тузилиши;
бюджетдан ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланиши ва мақсадли индикаторларнинг тўлиқ бажарилиши;
тасарруфидаги тизим ташкилотларига бюджетдан ажратиладиган маблағларнинг тўғри тақсимланиши;
ўз тасарруфидаги тизимда бюджет интизомига амал қилиниши устидан назорат қилинишини ҳамда даврий жамланма молиявий ҳисоботларни тўғри шакллантирилиши ва ўз вақтида тақдим этилишини;
бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш мақсадида расмий веб-сайтларда маълумотларни жойлаштириб борилишини таъминласинлар.
6. Мазкур қарор тегишли таҳририятлар ва оммавий ахборот воситаларида ёритилиши тавсия этилсин ҳамда туман ҳокимлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилсин.
7. Мазкур қарор бажарилишини назорат қилиш Халқ депутатлари Сергели туман Кенгашининг маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари доимий комиссияси (А. Мирхидоятов) ҳамда туман ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари А. Жумабоев зиммасига юклатилсин.
Сессия раиси У. МУХАМЕДОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 29 декабрь,
III-17-94-14-201-K/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.