ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БУХОРО ВИЛОЯТИ ҲОКИМИНИНГ
ҚАРОРИ
Бухоро шаҳрида жамоат транспортида йўлкира ҳақини тўлашда нақд пулсиз тўлов тизимини жорий этиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг 6-моддасига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг 1997 йил 25 апрелдаги «Шаҳар йўловчилар транспорти тўғрисида»ги 419-I-сонли Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Жамоат транспортини молиялаштириш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2024 йил 25 мартдаги ПҚ-139-сон қарорига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 15 августдаги «Рақамли Ўзбекистон - 2030» стратегиясини амалга ошириш бўйича мувофиқлаштириш комиссияси мажлисининг 71-сонли баёни 38-бандига мувофиқ умумий фойдаланиладиган жамоат транспортида кўрсатилаётган хизматларнинг сифатини ошириш, жамоат транспортида тўловлар шаффофлигини таъминлаш, соҳага рақамли технологияларни кенг жорий этиш орқали яширин иқтисодиётни бартараф этиш, йўлкира ҳақини тўлашда электрон тўлов тизимларидан фойдаланишни рағбатлантириш мақсадида қарор қиламан:
1. Қуйидагилар:
вилоят ҳокимининг 2025 йил 19 сентябрдаги «Бухоро ва Когон шаҳарларидаги жамоат транспорти тизимида йўлкира ҳақини тўлашда электрон тўлов тизимидан фойдаланишни рағбатлантирувчи тарифларни жорий этиш тўғрисида»ги 450-2-0-Қ/25-сонли қарорига мувофиқ Бухоро шаҳрида жамоат транспорти йўналишларида йўлкира ҳақи бир йўловчи учун 3000 (уч минг) сўм (ҚҚС билан), электрон тўлов тизими (АТТО) орқали тўлашда рағбатлантирувчи чегирма қўлланилган ҳолда 2000 (икки минг) сўм (ҚҚС билан) ҳамда қатновлар сонига боғлиқ ҳолда белгиланган тариф режаларини ҳисоблаш учун чекланган тариф — 2 000 (икки минг) сўм (ҚҚС билан) қилиб белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Бухоро шаҳрида аҳолига кўрсатилаётган автобус йўналишларида жозибадорликни ошириш ҳамда йўловчиларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида:
1-босқичда, 2026 йил 1 февралдан 2-сонли «Бухоро АШБ-Ситора бозор», 5-сонли «Ф. Хўжаев МФЙ-Тўқимачи бош бекати», 10-сонли «Алпомиш кўчаси-Шайхон МФЙ», 17Б-сонли «Чорбакр бош бекати-Аэропорт», 19-сонли «Карвон бозори-Карвон шоппинг», 33-сонли «Трикотаж фабрикаси-Мохи хосса санаторийси» ҳамда 1-сонли «Бухоро АШБ-Зарманоқ» автобус йўналишларида;
2-босқичда, 2026 йил 1 апрелдан қолган ҳаракатдаги мавжуд йўналишларда йўл кира ҳақини тўлашда нақд пулсиз тўлов тизими амалиёти жорий этилсин ва тўловлар фақат электрон тарзда қабул қилиниши йўлга қўйилсин.
3. Бухоро шаҳар ҳокимлиги (Қ.Турсунов) бир ой муддатда Бухоро шаҳридаги барча автобус бекатларини электрон чипта сотишнинг ўзига ўзи хизмат кўрсатувчи автоматлаштирилган инфокиоскларини Бухоро шаҳрида фаолият кўрсатаётган барча автобус йўналишлари ҳамда бекатларига босқичма-босқич ўрнатиш чораларини кўрсин.
Белгилансинки:
инфокиосклар электр таъминоти учун тўловлар тадбиркорлик субъекти томонидан ўрнатиладиган ҳисоблагичлар орқали олдиндан тўлов асосида белгиланади;
янги автобус бекатлари қурилиши ёки мавжудларининг жойи ўзгартирилиши билан боғлиқ ҳолатларда инфокиосклар ушбу қарорга мувофиқ жойлаштирилади.
«Бухоро ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ (Б. Ҳаётов) Бухоро шаҳар ҳокимлиги (Қ. Турсунов) билан биргаликда инфокиосклар ўрнатиладиган бекатларнинг манзилли рўйхатига мувофиқ автобус бекатларини босқичма-босқич электр қувватига (50 метр радиус атрофида) улаш чораларини кўрсин.
4. Бухоро вилояти транспорт бошқармаси (Ф. Ражабов):
мазкур қарор талабларидан келиб чиқиб, икки кун муддатда қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ йўловчилар ташувчи корхоналар билан тузилган оммавий оферта шартномаларига тегишли қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш;
йўловчи ташувчи корхоналарга тегишли ҳар бир йўналиш бўйича ҳаракатланаётган автобуслар салонида валидаторларнинг узлуксиз ва сифатли ишлашини таъминлаш ҳамда йўловчиларнинг ушбу қурилмадан фойдаланишда қўшимча имкониятлар яратиш;
йўлкира ҳақини тўлаш нақд пулсиз фақат электрон тарзда амалга оширилиши йўлга қўйилиши муносабати билан нақд пулсиз тўлов тизимининг йўловчилар учун қулайлиги ва афзалликлари юзасидан оммавий ахборот воситалари орқали кенг оммага етказиш чораларини кўрсин.
Бухоро шаҳрида барча йўналишларда ҳаракатланаётган автобусларнинг валидаторлар билан жиҳозланишини таъминласин ҳамда йўлкира ҳақини автоматлаштирилган тўлов тизими АТТО орқали тўланишини доимий назоратга олсин.
5. Мазкур қарор «Бухоронома» ва «Бухарский вестник» газеталарида расман эълон қилинсин ва ҳокимликнинг бухоро.уз расмий веб-сайтига жойлаштирилсин.
6. Ушбу қарор расман эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.
7. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш вилоят ҳокимининг ўринбосари Ж. Арашов зиммасига юклансин.
Бухоро вилояти ҳокими Б. К. ЗАРИПОВ
Бухоро вилояти, Бухоро ш.,
2025 йил 24 январь,
30-2-0-Q/26-сон