ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ҚЎШРАБОТ ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ
Қарори
2026 йилда Қўшработ тумани бўйича сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, ер қаъридан фойдаланганлик учун базавий солиқ ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар бўйича ер солиғи ставкаларига қўлланиладиган камайтирувчи ва оширувчи коэффициентларни қўллаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг «2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги ЎРҚ-1108-сонли Қонунига, Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 25 декабрдаги «Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2026 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 445, 452- моддалари ҳамда туман Солиқ инспекциясининг 2025 йил12 декабридаги П-08621-сонли хатига мувофиқ «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6 ва 24-моддаларига асосан халқ депутатлари Қўшработ тумани Кенгашининг еттинчи чақириқ, йигирма иккинчи сессияси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикасининг« 2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги ЎРҚ-1108-сонли Қонунига, Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 25 декабрдаги «Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2026 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 445, 452-моддалари раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин.
2. Туман Солиқ инспекцияси ҳудудларнинг иқтисодий ривожланганлик даражаси ҳамда туман ҳокимлигининг 2026 йил учун белгиланган маҳаллий бюджет прогнозидан келиб чиқиб, туман бўйича 2026 йилда сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар бўйича ер солиғи ставкаларининг Мутлақ миқдорларига нисбатан камайтирилувчи ва оширилувчи коэффициентларни қўллаш бўйича таклифлари инобатга олинсин.
3. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар бўйича ер солиғи ставкалари учун2026 йилда белгиланган коэффициентлар 1-иловага, 2026 йил учун сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаларига 2026 йил учун қўлланиладиган коэффициентлар 2-иловага, ҳамда норуда қурилиш материаллари учун(цементдан ташқари)белгиланган қатъий ставкаларига 2026 йил учун қўлланиладиган коэффициентлар 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Туман ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари-иқтисодиёт ва молия бўлими бошлиғи Қ.Холиқулов, туман иқтисодиёт ва молия бўлими бошлиғи ўринбосари (Х.Мусирманов), туман солиқ инспекцияси (А.Жанузоқов) билан биргаликда мазкур қарор ўз вақтида ва самарали бажарилишини таъминлаш чораларини кўрсин.
5. Мазкур қарор тегишли таҳририятлар ва оммавий ахборот воситаларида ёритилиши тавсия этилсин ҳамда туман ҳокимлигининг расмий веб сайтига жойлаштирилсин.
6. Мазкур қарор бажарилишини назорат қилиш халқ депутатлари Қўшработ туман Кенгашининг маҳаллий бюджет, тадбиркорликни ривожлантириш ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари бўйича доимий комиссияси (С.Бубаков) ҳамда туман ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари-иқтисодиёт ва молия бўлими бошлиғи (Қ.Холиқулов) зиммасига юклатилсин.
Кенгаш раиси ШАКАРБОЕВ ДИЛШОД ДАВРОНОВИЧ
Самарқанд вилояти, Қўшработ тумани,
2025 йил 30 декабрь,
VII-22-134-7-97-K/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.