ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ЖОМБОЙ ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ
Қарори
Жомбой туманининг 2026 йилги маҳаллий бюджетини тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексининг 27, 99-моддалари, 2025 йил 25 декабрдаги «2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги ЎРҚ-1105-сонли Қонуни ва халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг 2025 йил 30 декабрдаги «Самарқанд вилоятининг 2026 йилги маҳаллий бюджетини тасдиқлаш тўғрисида»ги VII-24-191-7-0-К/25-сонли қарорига мувофиқ, халқ депутатлари Жомбой тумани Кенгашининг йигирма биринчи сессияси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексининг 27, 99-моддалари, 2025 йил 25 декабрдаги «2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги ЎРҚ-1105-сонли Қонуни ва халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг 2025 йил 30 декабрдаги «Самарқанд вилоятининг 2026 йилги маҳаллий бюджетини тасдиқлаш тўғрисида»ги VII-24-191-7-0-К/25-сонли қарори маълумот ва ижро учун қабул қилинсин.
2. Қарорга мувофиқ, Жомбой тумани бюджетининг 2026 йилги даромадлари 119 364,3 млн.сўм ва харажатлари эса 119 364,3 млн.сўмга маълумот учун қабул қилинганлиги ҳамда Жомбой тумани бюджетининг шахсий ғазна ҳисобварағида турган бюджет маблағларининг йўл қўйиладиган энг кам миқдори 907,0 млн.сўм этиб белгиланганлиги инобатга олинсин.
3. Туман бюджети даромадларининг 2026 йил учун асосий прогноз кўрсаткичлари 1-иловага мувофиқ ҳамда туман бюджетидан 2026 йилда ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган харажатларнинг чекланган миқдорлари 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Туман бюджети захира жамғармаси ҳажми 2026 йил учун 1 594,2 млн.сўм миқдорида белгилансин.
Бунда, захира жамғармаси маблағларини амалдаги бюджет қонунчилигига мувофиқ, бюджет тизими бюджетлари шакллантирилаётганда олдиндан назарда тутиб бўлмайдиган харажатларни, шунингдек ижтимоий-иқтисодий беқарорлик юзага келган вазиятларда амалга оширилиши зарур бўлган тадбирларни молиялаштириш учун йўналтирилиши таъминлансин.
5. Қуйидагилар:
Қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланмаган ерлар учун юридик шахслар бўйича мутлақ миқдорда 1 гектар ер учун белгиланган базавий солиқ ставкасига киритилаётган камайтирувчи ва оширувчи коэффитсиэнтлар 3-иловага;
Жисмоний шахслар бўйича (деҳқон хўжалигини юритиш учун берилган қишлоқ хўжалигига мўлжаллаган ерлардан ташқари) мутлоқ миқдорда 1 кв.м учун белгиланган базавий солиқ ставкаларига нисбатан киритилаётган камайтирувчи ва оширувчи коэффитсиэнтлар 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
6. Туман ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари (Ш.Хасанов), туман иқтисодиёт ва молия бўлими (Д.Саматов), туман солиқ инспекцияси (Б.Баратов) билан биргаликда 2026 йил маҳаллий бюджети учун белгиланган кўрсаткичларни ўз вақтида ва самарали бажарилишини таъминлаш чораларини кўрсин.
7. Ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчилар ҳар чорак якуни билан бюджет маблағларининг самарали ва мақсадли сарфланганлиги, харажатларнинг амалий натижалари юзасидан халқ депутатлари туман Кенгашига ҳисобот бериб борсинлар:
Бунда, ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчилар:
бюджетдан ажратилган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш, хусусан иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, озиқ-овқат, дори-дармон, коммунал хизматлар ва давлат дастурлари учун белгиланган харажатларни тўлиқ режалаштирилиши ва ўз вақтида тўланиши;
ўзларининг ва тасарруфидаги ташкилотларнинг харажатлар сметаси ва штат жадваллари ҳамда даромадлар ва харажатлар сметаларининг тўғри тузилиши;
бюджетдан ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланиши ва мақсадли индикаторларнинг тўлиқ бажарилиши;
тасарруфидаги тизим ташкилотларига бюджетдан ажратиладиган маблағларнинг тўғри тақсимланиши;
ўз тасарруфидаги тизимда бюджет интизомига амал қилиниши устидан назорат қилинишини;
бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш мақсадида расмий веб-сайтларда маълумотларни жойлаштириб борилишини таъминласинлар.
8. Мазкур қарор тегишли таҳририятлар ва оммавий ахборот воситаларида ёритилиши тавсия этилсин ҳамда туман ҳокимлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилсин.
9. Мазкур қарор бажарилишини назорат қилиш халқ депутатлари туман Кенгашининг Маҳаллий бюджет, тадбиркорликни ривожлантириш ва иқтисодий ислоҳотлар бўйича доимий комиссияси раиси (А.Тошпулатов) зиммасига юклатилсин.
10. Ушбу қарор қабул қилинган кундан кучга киради.
Халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаш раиси НАЗАРОВ ХУРШИД АРИПОВИЧ
Самарқанд вилояти, Жомбой тумани,
2025 йил 30 декабрь,
VI-21-130-7-94-K/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.