ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ САМАРҚАНД ВИЛОЯТИ КЕНГАШИНИНГ
Қарори
Самарқанд вилоятининг 2026 йилда жисмоний шахсларнинг мол-мулк солиғи бўйича ўрнатилган солиқ ставкаларига камайтирувчи ва оширувчи коэффициентларни, мол-мулкни ижарага берувчи жисмоний ва юридик шахсларнинг ижара тўловини энг кам ставкаларининг оширувчи коэффициентларини ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар учун белгиланган ставкага камайтирувчи ва оширувчи коэффициентларни тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 25 декабрдаги «2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида» ҳамда Ўзбекистон Республикасининг «Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2026 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги Қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитасининг 2025 йил 12 ноябрдаги (24-127593-сон) хати, вилоят Солиқ бошқармасининг 2025 йил 28 ноябрдаги (20-181985-сон) мурожаатини инобатга олиб, Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг еттинчи чақириқ, йигирма тўртинчи сессияси қарор қилади:
1. Самарқанд вилояти Солиқ бошқармаси бошлиғи (Ф.Бабаев)нинг Самарқанд вилоятининг 2026 йилда мўлжалланган Солиқ ва бюджет сиёсати тўғрисида берган ҳисоботи маълумот учун қабул қилинсин.
2. Маҳаллий солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ставкаларини қонунчиликда белгиланган миқдорлар доирасида:
жисмоний шахсларнинг мол-мулк солиғи бўйича ўрнатилган солиқ ставкаларига 0,7 дан 1,3 гача бўлган камайтирувчи ва оширувчи коэффициентлар 1-иловага мувофиқ;
қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар учун белгиланган ставкага 0,5 дан 1,2 гача бўлган камайтирувчи ва оширувчи коэффициентлар 2-иловага мувофиқ;
мол-мулкни ижарага берувчи жисмоний ва юридик шахсларнинг ижара тўловининг энг кам ставкаларига 2,0 гача оширувчи коэффициентлар 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига маҳаллий солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ставкаларини қонунчиликда белгиланган миқдорларда қуйидагича тасдиқлаш тавсия қилинсин:
сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкасига 0,7 дан 1,3 гача қўлланиладиган коэффициентлар миқдори;
норуда қурилиш материаллари учун (цементдан ташқари) белгиланган қатъий ставкаларига қўлланиладиган 1,3 баробаргача оширувчи коэффициентлар миқдори.
4. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.
5. Мазкур қарор бажарилишини назорат қилиш халқ депутатлари вилоят Кенгашининг Маҳаллий бюджет, тадбиркорликни ривожлантириш ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари бўйича доимий комиссияси (М.Пўлатов) ҳамда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари (Ш.Буранов) зиммасига юклатилсин.
Кенгаш раиси НЕГМАТОВ ШУҲРАТ ХУДОЙБЕРДИЕВИЧ
Самарқанд вилояти,
2025 йил 30 декабрь,
VII-24-194-7-0-K/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.