ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ХИВА ШАҲАР КЕНГАШИНИНГ
Қарори
Хива шаҳридаги кўчалар бўйича ўтказилган хатлов натижалари юзасидан Географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари бўйича шаҳар комиссияси котиби, шаҳар ҳокимининг давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси Ш.Абдуллаеванинг ахбороти тўғрисида
Вазирлар Маҳкамасининг «Географик объектларнинг номлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига мувофиқ географик объектларнинг номлари соҳасидаги ишларни тартибга солиш чора-тадбирлари ҳақида»ги 2012 йил 16 октябрдаги 295-сонли қарори ҳамда «Кўчмас мулк объектлари манзиллари ягона реестрини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2018 йил 14 декабрдаги 1010-сонли қарорлари ижроси ҳамда маҳаллалар чегаралари хариталарининг ишлаб чиқилиши натижасида Давлат кадастрлари палатаси Хоразм вилояти Хива шаҳар бўлими томонидан ўтказилган хатлов натижаларига асосан шаҳар ҳудудидаги айрим кўчаларнинг боғланиши, тоифаси, айрим кўчаларнинг номланишига қисман ўзгартиришлар киритилганлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги кадастр агентлиги эксперт комиссиясининг 2025 йил 7 августдаги 05-19-13299-сонли эскперт хулосаларига асосан халқ депутатлари Хива шаҳар Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги кадастр агентлиги эксперт комиссиясининг 2025 йил 7 августдаги 05-19-13299-сонли эскперт хулосаси маълумот учун қабул қилинсин.
2. Кадастрлар палатаси Хоразм вилояти Хива шаҳар бўлими (А. Жалилов) ушбу эксперт хулосаси асосида кўчаларни тоифалари бўйича қайта кўриб чиқсин ҳамда белгиланган тартибда тегишли кадастр, реестр ва электрон базаларда зарур ишларни амалга оширсин.
3. Шаҳар статистика бўлими (З. Мухаммадиева), кадастрлар палатаси шаҳар бўлими (А. Жалилов), шаҳар қурилиш бўлими (Ш. Атажанов) ҳамда тегишли мутасадди ва давлат органларига амалдаги тартибда ном берилган ва номлари ўзгартирилган кўчаларни давлат рўйхатидан ўтказиш ва электрон базасини шакллантириш, иш юритиш ҳужжатларига ўзгартириш киритиш билан боғлиқ барча тадбирларни амалга ошириш вазифаси юклатилсин.
4. Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси шаҳар бўлими (Ш. Садуллаев), кадастрлар палатаси шаҳар бўлими (А. Жалилов) тегишли ташкилотлар билан биргаликда қонунда белгиланган тартибда кўчаларнинг номланишлари ва хонадонларни рақамлаштириш ишларини амалга оширсинлар;
ҳар бир кўчаларга ва хонадонларга номи ёзилган металл кўрсатгич ва белгилар, пешлавҳалар ўрнатилиши бўйича қонун талабларига мувофиқ «Географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари бўйича шаҳар комиссияси»га таклиф киритсинлар.
5. Кадастрлар палатаси шаҳар бўлими (А. Жалилов), шаҳар статистика бўлими (З. Мухаммадиева), Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси шаҳар бўлими (Ш. Садуллаев) билан биргаликда шаҳардаги барча кўчаларнинг номларини хатловдан ўтказсин ҳамда уларни давлат реестрига мувофиқлаштириш, янги ташкил этилган ва номланмаган кўчаларга ном бериш, шунингдек, қонун талабларига зид бўлган номларни ўзгартириш чораларини кўрсинлар.
6. Хива шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати (О. Икрамов), «Хива тонги» газетаси (Ш. Машарипов) ушбу қарорнинг мазмун моҳиятини оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда ёритилишини таъминласинлар.
7. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш халқ депутатлари Хива шаҳар Кенгашининг ижтимоий соҳа, ёшлар сиёсати, маданият ва спорт масалалари бўйича доимий комиссияси (З. Абдуллаева) зиммасига юклансин.
Кенгаш раиси ДАВЛЕТОВ ТЕМУР ИСМОИЛОВИЧ
Хоразм вилояти, Хива шаҳри,
2025 йил 30 декабрь,
VII-14-75-12-217-K/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.