ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ КОНИМЕХ ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ
қарори
Конимех туманининг 2026 йилги маҳаллий бюджетини тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг 6, 24-моддалари, Бюджет кодексининг 27, 99-моддалари, «2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги 2025 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-1105-сон Қонунига ва халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгашининг 2025 йил 29 декабрдаги VI-22-165-5-0-К/25-сон қарорига мувофиқ ҳамда Навоий вилояти Иқтисодиёт ва молия бош бошқармасининг 2025 йил 29 декабрдаги 01-12/20-01-38/3535-сонли хатини инобатга олиб, халқ депутатлари Конимех тумани Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикасининг «2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонуни раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин.
2. Қарорга мувофиқ, Конимех туман бюджетининг 2026 йилги даромадлари 74 384,1 млн. сўм ва харажатлари эса 87 779,3 млн. сўмга маълумот учун қабул қилинганлиги ҳамда вилоят бюджетидан ажратиладиган тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар 13 395,1 млн. сўм миқдорида тасдиқланганлиги, шунингдек Конимех туман бюджетининг шахсий ғазна ҳисоб варағида турган бюджет маблағларининг йўл қўйиладиган энг кам миқдори 816,4 млн. сўм этиб белгиланганлиги инобатга олинсин.
3. Туман бюджети даромадларининг 2026 йил учун асосий прогноз кўрсаткичлари 1-иловага мувофиқ ҳамда туман бюджетидан 2026 йилда ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган харажатларнинг чекланган миқдорлари 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Туман бюджети захира жамғармаси ҳажми 2026 йил учун 1 149 млн. сўм миқдорида белгилансин.
Бунда, захира жамғармаси маблағларини амалдаги бюджет қонунчилигига мувофиқ, бюджет тизими бюджетлари шакллантирилаётганда олдиндан назарда тутиб бўлмайдиган харажатларни, шунингдек ижтимоий-иқтисодий беқарорлик юзага келган вазиятларда амалга оширилиши зарур бўлган тадбирларни молиялаштириш учун йўналтирилиши таъминлансин.
5. Туман ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари (Э. Ҳазратқулов), туман Иқтисодиёт ва молия бўлими (М. Боранбаев), туман солиқ инспекцияси (А. Рўзимуратов) билан биргаликда 2026 йил маҳаллий бюджети учун белгиланган кўрсаткичларни ўз вақтида ва самарали бажарилишини таъминлаш чораларини кўрсин.
6. Ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчилар ҳар чорак якуни билан бюджет маблағларининг самарали ва мақсадли сарфланганлиги, харажатларнинг амалий натижалари юзасидан халқ депутатлари туман Кенгашига ҳисобот бериб борсинлар.
Бунда, ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчилар:
бюджетдан ажратилган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш, хусусан иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, озиқ-овқат, дори-дармон, коммунал хизматлар ва давлат дастурлари учун белгиланган харажатларни тўлиқ режалаштирилиши ва ўз вақтида тўланиши;
ўзларининг ва тасарруфидаги ташкилотларнинг харажатлар сметаси ва штат жадваллари ҳамда даромадлар ва харажатлар сметаларининг тўғри тузилиши;
бюджетдан ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланиши ва мақсадли индикаторларнинг тўлиқ бажарилиши;
тасарруфидаги тизим ташкилотларига бюджетдан ажратиладиган маблағларнинг тўғри тақсимланиши;
ўз тасарруфидаги тизимда бюджет интизомига амал қилиниши устидан назорат қилинишини;
бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш мақсадида расмий веб-сайтларда маълумотларни жойлаштириб борилишини таъминласинлар.
7. Мазкур қарор тегишли таҳририятлар ва оммавий ахборот воситаларида ёритилиши тавсия этилсин ҳамда туман ҳокимлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилсин.
8. Мазкур қарор бажарилишини назорат қилиш туман ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари (Э. Ҳазратқулов) ҳамда халқ депутатлари Конимех тумани Кенгашининг маҳаллий бюджет, табдиркорликни ривожлантириш ва иқтисодий ислоҳотлар бўйича доимий комиссияси (А. Худайбердиев) зиммасига юклатилсин.
Кенгаш раиси Р. РЎЗИЕВ
Навоий вилояти, Конимех тумани,
2025 йил 30 декабрь,
VII-16-138-5-70-K/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.