ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ТОМДИ ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ
қарори
Томди туманининг 2026 йилги маҳаллий бюджетини тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг 6, 24-моддалари, Бюджет кодексининг 27, 99-моддалари, «2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги 2025 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-1105-сонли Қонунига мувофиқ ҳамда халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгашининг 2025 йил 29 декабрдаги VII-22-165-5-0-К/25-сонли қарорини инобатга олиб, халқ депутатлари Томди тумани Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикасининг «2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги 2025 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-1105-сонли Қонуни ҳамда халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгашининг 2025 йил 29 декабрдаги VII-22-165-5-0-К/25-сонли қарори ижро ва раҳбарлик учун қабул қилинсин.
2. Халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгашининг 2025 йил 29 декабрдаги VII-22-165-5-0-К/25-сонли қарорига мувофиқ, Томди туманининг туман маҳаллий бюджетининг 2026 йил учун даромадлари 64166572,0 минг сўм, харажатлари 64166572,0 минг сўмга тасдиқланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
3. Қуйидагилар:
2026 йил учун туман маҳаллий бюджети даромадлари прогнози 1-иловага мувофиқ;
2026 йил учун туманнинг туман бюджетидан ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган маблағларнинг чекланган миқдорлари 2-иловага мувофиқ;
2026 йил учун туман бюджетига умумдавлат солиқларидан ажратмалар нормативлари 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин. Бунда, ажратмалар нормативлари бўйича туман маҳаллий бюджетининг тақсимотини ўрнатилган тартибда Томди тумани бўйича Ғазначилик бўлими томонидан амалга оширилиши белгилаб қўйилсин;
2026 йил учун туманнинг туман бюджети шахсий ғазна ҳисоб варақларида турган бюджет маблағларининг йўл қўйиладиган энг кам миқдори 588274,0 минг сўм этиб тасдиқлансин.
4. 2026 йил учун туманнинг туман бюджети захира жамғармаси ҳажмлари 591006,0 минг сўм миқдорида белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
Белгилаб қўйилсинки, туман бюджетини ижро этишда юқори турувчи бюджетдан уларга ажратиладиган бюджетлараро трансфертларнинг прогнозидан ошган қисми учун тегишли бюджетининг захира жамғармаси миқдорларига аниқлаштириш киритилмайди.
5. Ўзбекистон Республикасининг мазкур қонуни билан 2026 йилда халқ депутатлари Кенгашларини маҳаллий бюджетларни бошқаришда, хусусан маҳаллий бюджет харажатларини ҳудудий бюджет маблағлари тақсимловчилар кесимида тасдиқлаш ва уларнинг Кенгаш олдидаги ҳисобдорлигини белгилаш бўйича ваколатлари кенгайтирилганлиги инобатга олинсин.
Шунингдек, 2026 йилда қуйидаги солиқ турлари:
а) туман бюджетига тўлиқ ҳажмда ўтказилади:
жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи;
жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи;
жисмоний шахсларга тегишли мол-мулкни ижарага беришдан оладиган йиллик даромади тўғрисидаги декларацияга асосан тўлайдиган, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорлар тўлайдиган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи;
сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ;
айланмадан олинадиган солиқ;
юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ, бундан йирик солиқ тўловчилар томонидан тўланадиган солиқ мустасно;
юридик шахслардан олинадиган ер солиқ, бундан йирик солиқ тўловчилар томонидан тўланадиган солиқ мустасно;
давлат активларини ижарага беришдан тушумлар.
6. Туман ҳокимининг биринчи ўринбосари (О. Маденов), Иқтисодиёт ва молия бўлими (М. Абдималиков), Давлат солиқ инспекцияси (Қ. Холмуминов) ва масъул ташкилот, муассасалар билан биргаликда:
тегишли бюджетни биринчи навбатда иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, озиқ-овқат ва дори-дармон ва коммунал хизматлар харажатларининг режалаштирилишини назарда тутган ҳолда шакллантириш;
маҳаллий бюджетининг прогноз кўрсаткичларни ўз вақтида ва самарали бажариш;
бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш;
бюджет интизомига риоя этилиши устидан назорат ва масъулиятни янада кучайтириш;
туман маҳаллий бюджетига солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг тўлиқ тушумини таъминлаш;
бюджет даромадлар базасини ошириш ва қўшимча резервларни аниқлаш зарурлигига алоҳида эътибор қаратсин.
7. Туман давлат солиқ инспекцияси (Қ. Холмуминов) Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексида белгиланган ваколатларидан келиб чиқиб:
солиқларнинг тўлиқ ва тўғри ҳисобланишини ҳамда ушбу солиқларни ўз вақтида бюджетга ундирилиши устидан солиқ назоратини кучайтириш;
ер солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ва мол-мулк солиқлари бўйича доимий таҳлилилар ўтказган ҳолда, солиқларни тўлиқ ҳисобланишини таъминлаш ҳамда ушбу солиқ тўлолари бўйича солиқ қарздорлигига йўл қўймаслик чораларини кўриш;
айланмадан солиқ тури бўйича солиқ тўловчилар томонидан нақд пул айланмаларининг солиқ ҳисоботларида тўлиқ акс эттирилиши устидан доимий солиқ назоратини ўрнатиш ҳамда зарур ҳолларда хронометраж ва камерал солиқ назорати тадбирларини ўтказиш;
мазкур йўналишда жаоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида фуқароларга харид чекини талаб қилиб олишни тарғиб этувчи ижтимоий роликлар ҳамда видео материаллар тайёрлаб, ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларида кенг тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришга алоҳида эътибор қаратсинлар.
Бунда, хатлов ишларини самарали ташкил этиш орқали ер ва мол-мулк солиғининг солиқ базасини ошириш вазифаси юклатилсин.
Кадастр агентлиги туман бўлими (О. Ҳамдамов) билан биргаликда туманда мавжуд солиқ тўловчиларнинг мол-мулклари майдонларини чуқур таҳлил этган ҳолда ушбу мол-мулкларга нисбатан солиқларни тўлиқ ҳисобланишини таъминласин.
8. Туман ҳокимининг биринчи ўринбосари (О. Маденов), туман давлат солиқ инспекцияси (Қ. Холмуминов):
норуда қурилиш материалларини қазиб олиш соҳасида ноқонуний фаолият олиб бораётган карерларни аниқлаш бўйича хатловлар ўтказиш;
хатлов натижалари бўйича аниқланган ноқонуний фаолият олиб бораётган карерлар фаолиятини қонунийлаштириш ҳамда уларни солиқ базасига қамраб олиш;
норуда қурилиш материалларини қазиб олиш соҳасида фаолият олиб бораётган карерлар томонидан қазиб олинаётган норуда қурилиш материаллар ҳажмининг солиқ ҳисоботларида тўлиқ акс эттирилиши устидан доимий назорат ўрнатсин.
Бунда, ушбу соҳада фаолият олиб бораётган карерларнинг қазиб олиш ҳажмларини доимий таҳлил қилиб бориш ҳамда зарур ҳолларда қазиб олиш ҳажмларини аниқлашда маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан «маркшейдрлик» хизматларидан фойдаланиш лозимлиги алоҳида белгилаб қўйилсин.
9. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими (С. Айтбаев) овул фуқаролар йиғинлари билан биргаликда жисмоний шахсларнинг ер ва мол-мулк солиқлари бўйича жорий ҳисобланган солиқларни ҳамда ушбу солиқлардан мавжуд солиқ қарздорликларини ундириш юзасидан солиқ органларига амалий ёрдам кўрсатсин.
10. Халқ депутатлари вилоят Кенгашнинг маҳаллий бюджет, иқтисод ислоҳотларни амалга ошириш, инвестисиялар ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссияси (Т. Тишканбаев):
маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбаларидан фойдаланиш тўғрисидаги ҳокимлик томонидан тақдим этилган таклифлари асосида бюджет қонунчилигига тўлиқ риоя этилган ҳолда Кенгаш қарор лойиҳасини ишлаб чиқилишига;
Кенгаш қарори асосида маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан ажратилган маблағларни самарали ва мақсадли фойдаланиши устидан назорат ўрнатишга, натижалари бўйича тавсиялар беришга, мониторинг қилишга;
маҳаллий бюджет харажатларининг қонунчиликда белгиланган қисмининг жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилишида иштирок этади ва ушбу маблағларнинг мақсадли сарфланиши устидан назоратни амалга оширишга масъул этиб белгилансин.
11. Туман ҳокимининг биринчи ўринбосари (О. Маденов), туман иқтисодиёт ва молия бўлими (М. Абдималиков) халқ депутатлари туман Кенгаши котибияти билан биргаликда:
туман бюджети шаклланган қўшимча маблағларининг камида 30 фоизини жамоатчилик фикри асосида шакллантириладиган тадбирларни молиялаштириш учун «Фуқаролар ташаббуси жамғармаси»га йўналтирсин.
Бунда, туман халқ депутатлари, Ёшлар ишлар агентлиги, туман ҳокимлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши ҳамда янги жорий этилган ҳоким ёрдамчилари бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш мақсадида аҳолига кенг тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришга масъул этиб белгилансин;
маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан харид қилинган товарлар ва хизматлар, қурилиш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилаётган объектлар рўйхати, шунингдек қурилиш-таъмирлаш ишларининг молиялаштирилиши тўғрисидаги маълумотлар ҳар чорак якунларига кўра, кейинги чорак биринчи ойининг 10 санасига қадар мажбурий тартибда ҳокимликнинг расмий веб-сайтига жойлаштириб борилсин.
12. Туман ҳокимининг биринчи ўринбосари (О. Маденов), халқ депутатлари туман Кенгаши котибияти ва тегишли ташкилот, муассаса раҳбарлари:
маҳаллий бюджет даромад ва харажатларининг прогноз кўрсаткичлари бажарилиши ҳамда солиқ базасини кенгайтириш юзасидан кўрилган чора-тадбирлар;
ажратилган бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиши юзасидан эришилган натижалар бўйича Кенгашга бир чоракда камида бир маротаба ҳисобот киритиб борсин.
13. Туман ҳокимлиги Қонунда белгиланган айрим солиқлар ва тўлов ставкалари, солиқ солиш тартиблари ҳамда бошқа маълумотларни оммавий ахборот воситаларида ёритилишини таъминласин.
14. Мазкур қарор «Тамды шаруагері» газетасида расмий эълон қилинсин ҳамда туман ҳокимлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилсин.
15. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.
16. Мазкур қарор бажарилишини назорат қилиш халқ депутатларитуман Кенгашининг Маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари доимий комиссияси ва туман ҳокимлиги зиммасига юклатилсин.
Кенгаш раиси О. УМАРОВ
Навоий вилояти, Томди тумани,
2025 йил 30 декабрь,
VII-20-144-5-75-K/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.