ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ НУРОТА ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ
қарори
Нурота туманининг 2026 йилги маҳаллий бюджетини тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг 6, 24-моддалари, Бюджет кодексининг 27, 99-моддалари, «2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги 2025 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-1105-сон Қонунига ва халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгашининг 2025 йил 29 декабрдаги VII-22-165-5-0-К/25-сон қарорига мувофиқ ҳамда Навоий вилоят Иқтисодиёт ва молия бош бошқармасининг 2025 йил 29 декабрдаги 01-12/20-01-38/3536-сонли хатини инобатга олиб, халқ депутатлари Нурота туман Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикасининг «2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги ЎРҚ-1105-сонли Қонуни ижро ва раҳбарлик учун қабул қилинсин.
2. Халқ депутадлари Навоий вилояти Кенгашининг 2025 йил 29 декабрдаги VII-22-165-5-0-К/25-сонли қарорига мувофиқ, Нурота туман маҳаллий бюджетининг 2026 йил учун даромадлари 101 590 475,0 минг сўм, харажатлари 109 604 696,0 минг сўм прогноз қилинганлиги ҳамда вилоят бюджетидан ажратиладиган тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар 8 014 221,0 минг сўм миқдорида тасдиқланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
3. 2026 йил учун Нурота туманини ривожлантиришнинг асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ҳамда 2026 йилга мақсадли мўлжаллари 1-иловага мувофиқ, 2026 йил учун туман маҳаллий бюджети даромадлари прогнози 2-иловага мувофиқ маълумот учун қабул қилинсин.
4. 2026 йил учун туманнинг ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган маблағларнинг чекланган миқдорлари 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. 2026 йил учун туман бюджетига умумдавлат солиқларидан ажратмалар нормативлари 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
6. 2026 йил учун туман маҳаллий бюджетининг даромадлари ва харажатларининг прогнози 5-иловага мувофиқ маълумот учун қабул қилинсин.
7. 2026 йил учун Навоий вилоятининг вилоят бюджетидан Нурота туман маҳаллий бюджетига ажратиладиган тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар миқдори 6-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
8. 2026 йил учун туман бюджети захира жамғармаси ҳажми ўтган йилгидан кам бўлмаган миқдорда 1 444 334,0 минг сўм этиб тасдиқлансин.
Туман бюджетини ижро этишда юқори турувчи бюджетдан ажратиладиган бюджетлараро трансфертларнинг прогнозидан ошган қисми учун тегишли бюджетларининг захира жамғармалар миқдорларига аниқлаштириш киритилмаслиги маълумот учун қабул қилинсин.
9. 2026 йил учун туман бюджети шахсий ғазна ҳисобварақларида турган бюджет маблағларининг йўл қўйиладиган энг кам миқдори 1 023 653,0 минг сўм миқдорда белгилансин.
10. Халқ депутатлари туман Кенгашига кейинги солиқ даври учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари учун белгиланган солиқ ставкаларига тегишлича камайтирувчи ва оширувчи коэффициентларни ҳудудда жойлашган даҳа, массив, маҳалла, кўча кесимида киритилишини таъминлаш тавсия этилсин.
11. Ўзбекистон Республикасининг мазкур Қонуни билан 2026 йилда халқ депутатлари Кенгашларини маҳаллий бюджетларни бошқаришда, хусусан маҳаллий бюджет харажатларини ҳудудий бюджет маблағлари тақсимловчилар кесимида тасдиқлаш ва уларнинг Кенгаш олдидаги ҳисобдорлигини белгилаш бўйича ваколатлари кенгайтирилганлиги инобатга олинсин.
Шунингдек, 2026 йилда қуйидаги солиқ турлари:
а) туман бюджетига тўлиқ ҳажмда ўтказилади:
Жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиғи;
Жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи;
Мол мулкни ижарага беришдан олинадиган йиллик даромад тўғрисидаги декларацияга асосан жисмоний шахслар томонидан тўланадиган даромад солиғи;
Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ;
Норуда қурилиш материаллари бўйича ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ;
Айланмадан олинадиган солиқ;
Юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ (бундан йирик солиқ тўловчилар томонидан тўланадиган солиқ мустасно);
Юридик шахслар ер солиғи (бундан йирик солиқ тўловчилар томонидан тўланадиган солиқ мустасно);
Давлат активларини ижарага беришдан тушумлар.
Туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Иқтисодиёт ва молия бўлими бошлиғи А. Бўриев, Солиқ инспекцияси Ф. Усмонов масъул ташкилотлар билан биргаликда:
тегишли бюджетларни биринчи навбатда иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, озиқ-овқат ва дори-дармон ва коммунал хизматлар харажатларининг режалаштирилишини назарда тутган ҳолда шакллантириш;
маҳаллий бюджети прогноз кўрсаткичларни ўз вақтида ва самарали бажариш;
бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш;
бюджет интизомига риоя этилиши устидан назорат ва масъулиятни янада кучайтириш;
тегишли маҳаллий бюджетларга солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг тўлиқ тушумини таъминлаш;
бюджет даромадлар базасини ошириш ва қўшимча резервларни аниқлаш зарурлигига алоҳида эътибор қаратсин.
12. Туман солиқ инспекцияси Ф. Усмонов Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексида белгиланган ваколатларидан келиб чиқиб:
солиқларнинг тўлиқ ва тўғри ҳисобланишини ҳамда ушбу солиқларни ўз вақтида бюджетга ундирилиши устидан солиқ назоратини кучайтириш;
ер солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ва мол-мулк солиқлари бўйича доимий таҳлиллар ўтказган ҳолда, солиқларни тўлиқ ҳисобланишини таъминлаш ҳамда ушбу солиқ тўловлари бўйича солиқ қарздорлигига йўл қўймаслик чораларини кўриш;
айланмадан солиқ тури бўйича солиқ тўловчилар томонидан нақд пул айланмаларининг солиқ ҳисоботларида тўлиқ акс эттирилиши устидан доимий солиқ назоратини ўрнатиш ҳамда зарур ҳолларда хронометраж ва камерал солиқ назорати тадбирларини ўтказиш;
Бунда, мазкур йўналишда жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида фуқароларга харид чекини талаб қилиб олишни тарғиб этувчи ижтимоий роликлар ҳамда видео материаллар тайёрлаб, ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларида кенг тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришга алоҳида эътибор қаратсинлар.
Хатлов ишларини самарали ташкил этиш орқали ер ва мол-мулк солиғининг солиқ базасини ошириш вазифаси юклатилсин.
13. Туман солиқ инспекцияси Ф. Усмонов, Кадастр агентлиги туман бўлими Э. Рўзимуродов 2026 йилдан бошлаб юридик шахслар мол-мулк солиғини ҳисоблашда кўчмас мулкларга 1 квадрат метр учун минимал миқдорлар жорий этилганлигидан келиб чиқиб, туманда мавжуд солиқ тўловчиларнинг мол-мулклари майдонларини чуқур таҳлил этган ҳолда ушбу мол-мулкларга нисбатан солиқларни тўлиқ ҳисобланишини таъминласин.
14. Туман солиқ инспекцияси Ф. Усмонов, тегишли ташкилотлар билан биргаликда:
норуда қурилиш материалларини қазиб олиш соҳасида ноқонуний фаолият олиб бораётган карерларни аниқлаш бўйича хатловлар ўтказиш;
хатлов натижалари бўйича аниқланган ноқонуний фаолият олиб бораётган карерлар фаолиятини қонунийлаштириш ҳамда уларни солиқ базасига қамраб олиш;
норуда қурилиш материалларини қазиб олиш соҳасида фаолият олиб бораётган карерлар томонидан қазиб олинаётган норуда қурилиш материаллар ҳажмининг солиқ ҳисоботларида тўлиқ акс эттирилиши устидан доимий назорат ўрнатсин.
Бунда, ушбу соҳада фаолият олиб бораётган карерларнинг қазиб олиш ҳажмларини доимий таҳлил қилиб бориш ҳамда зарур ҳолларда қазиб олиш ҳажмларини аниқлашда маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан «маркшейдрлик» хизматларидан фойдаланиш лозимлиги алоҳида белгилаб қўйилсин.
15. Мажбурий ижро бюроси туман бўлими Ш. Бобоев туман солиқ инспекцияси Ф. Усмонов билан ҳамкорликда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича мавжуд солиқ қарздорликларини бюджетга ундириш юзасидан тегишли чоралар кўриб борсин ҳамда чораклар якуни билан солиқ қарздорликларининг чорак бошига нисбатан камайиб бориши бўйича барча комплекс чора-тадбирлар кўриш вазифаси юклатилсин.
16. Туман Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими И. Амонов жисмоний шахсларнинг ер ва мол-мулк солиқлари бўйича жорий ҳисобланган солиқларни ҳамда ушбу солиқлардан мавжуд солиқ қарздорликларини ундириш юзасидан солиқ органларига амалий ёрдам кўрсатсин.
17. Қуйи Зарафшон ирригация тизимлари хавза бошқармаси туман бўлими Ш. Ялғашев ва туман солиқ испекцияси Ф. Усмонов билан биргаликда туманда суғоришга сарфланаётган сув ҳажмлари бўйича аниқ ҳисоб-китоблар юритган ҳолда мазкур истеъмол ҳажмлари бўйича сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқларни тўлиқ ҳисобланишини ҳамда молия йили якунига қадар маҳаллий бюджетларга тўлиқ ундириб олиш вазифаси юклатилсин.
Бунда, қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан истеъмол қилинаётган сув ресуслари ҳажмлари ва ушбу ҳажмлар бўйича ҳисобланаётган сув солиқлари бўйича доимий таҳлиллар ўтказишга алоҳида эътибор қаратилсин.
18. Кенгашнинг маҳаллий бюджет, тадбиркорликни ривожлантириш ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари бўйича доимий комиссияси:
маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбаларидан фойдаланиш тўғрисидаги ҳокимлик томонидан тақдим этилган таклифлари асосида бюджет қонунчилигига тўлиқ риоя этилган ҳолда Кенгаш қарор лойиҳасини ишлаб чиқилишига;
Кенгаш қарори асосида маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан ажратилган маблағларни самарали ва мақсадли фойдаланиши устидан назорат ўрнатишга ва натижалари бўйича тавсиялар беришга мониторинг қилишга;
маҳаллий бюджет харажатларининг қонунчиликда белгиланган қисмининг жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилишида иштирок этади ва ушбу маблағларнинг мақсадли сарфланиши устидан назоратни амалга оширишга масъул этиб белгилансин.
19. Туман ҳокимлиги:
Туман бюджети жами харажатларининг қонунчиликда белгиланган қисми ҳамда шаклланган қўшимча маблағларининг камида 30 фоизини жамоатчилик фикри асосида шакллантириладиган тадбирларни молиялаштириш учун «Фуқаролар ташаббуси жамғармаси»га йўналтирсин.
Бунда, туман халқ депутатлари, Ёшлар ишлар агентлиги, туман ҳокимлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашлари ҳамда янги жорий этилган ҳоким ёрдамчилари бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш мақсадида аҳолига кенг тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришга маъсул этиб белгилансин;
маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари ҳисобидан харид қилинган товарлар ва хизматлар, қурилиш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилаётган об'эктлар рўйхати, шунингдек қурилиш-таъмирлаш ишларининг молиялаштирилиши тўғрисидаги маълумотлар ҳар чорак якунларига кўра, кейинги чорак биринчи ойининг 10-санасига қадар мажбурий тартибда туман ҳокимлиги расмий веб-сайтларига жойлаштириб борилсин.
20. Туман ҳокимининг биринчи ўринбосари А. Бўриев, халқ депутатлари туман Кенгаши котибияти, тегишли корхона ва ташкилотлар рахбарлари:
маҳаллий бюджет даромад ва харажатларининг прогноз кўрсаткичлари бажарилиши ҳамда солиқ базасини кенгайтириш юзасидан кўрилган чора-тадбирлар;
ажратилган бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиши юзасидан эришилган натижалар бўйича Кенгашга ҳар бир чоракда камида бир маротаба ҳисобот киритиб борсин.
21. Туман ҳокимлиги Қонунда белгиланган айрим солиқлар ва тўлов ставкалари, солиқ солиш тартиблари ҳамда бошқа маълумотларни оммавий ахборот воситаларида ёритилишини таъминласин.
22. Мазкур қарорни туман оммавий-ахборот тармоқларида расмий эълон қилинсин ҳамда туман ҳокимлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилсин.
23. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.
24. Мазкур қарор бажарилишини назорат қилиш халқ депутатлари туман Кенгашининг маҳаллий бюджет, тадбиркорликни ривожлантириш ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари бўйича доимий комиссияси ва туман ҳокимлиги зиммасига юклатилсин.
Кенгаш раиси А. ФАЙЗИЕВ
Навоий вилояти, Нурота тумани,
2025 йил 29 декабрь,
VII-17-126-5-74-K/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.