ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ҒИЖДУВОН ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ
қарори
Ғиждувон туманида 2025 йил вегетация даври учун якуний истеъмолчилар кесимида экинларни суғориш учун сув олиш лимитларини қайта кўриб чиқиш ва тасдиқлаш тўғрисида
Мамлакатимизда сув ресурсларидан фойдаланиш механизмларини тубдан ислоҳ қилиш, улардан оқилона ва самарали фойдаланишни таъминлаш, иқтисодиёт тармоқларида сув тежовчи технологияларни жорий этишни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, шунингдек, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда сувни тежайдиган технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилиб, сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, сувдан фойдаланиш маданиятини юксалтириш орқали аҳоли онгида шаклланган «сув — текин» тушунчасидан воз кечиш ҳамда сувни тежайдиган суғориш технологияларини кенгайтирилган тартибда жорий этишни давом эттириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5-сонли қарори қабул қилинган. Мазкур қарорнинг 7-бандига мувофиқ 2024 йилдан бошлаб:
ҳар йили 1 апрелга қадар вегетация даври учун ва 1-октябрга қадар куз-қиш даври учун якуний истеъмолчилар кесимида экинларни суғориш учун сув олиш лимитларини ҳудудлар бўйича тасдиқланган лимит доирасида ишлаб чиқиб, тасдиқлаш учун халқ депутатлари туман Кенгашларига киритиши;
истеъмол қилинган сув миқдори ҳисобини юритмаган (юритишдан бош тортган) қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари учун сув солиғи базаси халқ депутатлари туман Кенгашлари томонидан тасдиқланган лимитларга нисбатан икки баробар оширилган ҳолда ҳисобланиши бўйича туман Кенгаши сессия муҳокамасига киритилиши белгиланган.
Шунга асосан, халқ депутатлари Ғиждувонтумани Кенгашининг 2025 йил 1 майдаги VII-10-57-2-34-К/25-сонли қарорининг 1-иловаси билан «Ғиждувон туманида 2025 йил вегетация мавсумида қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштирувчиларнинг сув олиш лимитлари» тасдиқланган эди.
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг 2025 йил 30 октябрдаги 187-сон ҳамда «Аму-Бухоро» ирригация тизимлари ҳавза бошқармасининг 2025 йил 28 ноябрдаги 76/1-сон буйруқларига асосан, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартиби тўғрисидаги Низомнинг 37-бандига мувофиқ туманда 2025 йил вегетация даври учун якуний истеъмолчилар кесимида экинларни суғориш учун сув олиш лимитларини ўзгартириш ва тасдиқлаш таклифи киритилмоқда.
Туманда 2025 йил вегетация мавсумида манбалардан кутилган сувлилиги нисбатан ортиқ сув бўлиб 227,3 млн. метр3 сув туман чегарасига қабул қилиб олинган. Лимитларни тақсимлашда истеъмолчиларнинг суғориш мавсумида фойдаланган сувига нисбатан қайта ҳисоблаб чиқилган.
Хўжаликлараро тармоқларнинг фойдали иш коэффициенти 85 фоиз, ички суғориш тармоқларининг фойдали иш коэффициенти 73 фоизни ташкил этиб, истеъмолчиларга 227,3 млн. метр3 ажратилган лимитдан 218,4 млн. метр3 суғориш учун, 8,9 млн. метр3 сув коммунал ва туман эҳтиёжлари учун ажратилган.
Шундан, туман бўйича фермер хўжаликлар, МЧЖ ва балиқчилик хўжаликларига 81,006 млн. метр3, деҳқон хўжаликларига 15,900 млн. метр3 ва МФЙларга 42,444 млн. метр3, жами 139,350 млн. метр3 сув олиш лимитлари қайта тақсимланиб чиқилди.
Юқорида баён этилганларга асосан, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6 ва 24-моддаларига мувофиқ, халқ депутатлари туман Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги ПҚ-5-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг 2025 йил 30 октябрдаги 187-сонли ва «Аму-Бухоро» ирригация тизимлари ҳавза бошқармасининг 2025 йил 28 ноябрдаги 76/1-сонли буйруқлари ҳамда Ғиждувонтумани «Сув етказиб бериш хизмати» Давлат муассасасининг 2025 йил 23 декабрдаги 173-сонли хати инобатга олинсин.
2. Ғиждувон туманида 2025 йил вегетация даври учун якуний истеъмолчилар кесимида экинларни суғориш учун сув олиш лимитларини қайта кўриб чиқиш ва тасдиқлаш юзасидан туман «Сув етказиб бериш хизмати» Давлат муассасаси директори Й. Ярашевнинг ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
3. Халқ депутатлари туман Кенгашининг 2025 йил 1 майдаги VII-10-57-2-34-К/25-сонли қарори 3-банди билан тасдиқланган 1-иловасига мазкур қарорнинг 1-иловасига мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
4. Туман ҳокимининг ўринбосари Ф. Жабборов, туман «Сув етказиб бериш хизмати» ДМ (Й. Ярашев)га туманда сув истеъмолчилари томонидан лимит асосида олинган сув ресурсларини ҳисоботини юритиш ва белгиланган тартибда туман солиқ инспекциясига ўз вақтида тақдим этиб бориш вазифаси юклатилсин.
5. Халқ депутатлари туман Кенгашининг Аграр, сув хўжалиги ва экология масалалари бўйича доимий комиссиясига:
туманда сув истеъмолчилари томонидан лимит асосида олинган сув ресурсларини самарали фойдаланаётганлиги юзасидан жойларга чиқган ҳолда депутатлик назоратини ўрнатиш;
сув истеъмолчилари томонидан лимит асосида олинган сув ресурсларини самарали фойдаланаётганлиги юзасидан мутасадди ташкилот раҳбарларининг доимий комиссия йиғилишларида ҳисобот (ахборот)лари эшитилишини назоратга олсин.
6. Мазкур қарорнинг ижросини таъминлаш туман ҳокимининг ўринбосари (Ф. Жабборов), туман «Сув етказиб бериш хизмати» ДМ (Й. Ярашев)га ижросини назорат қилиш халқ депутатлари туман Кенгашининг аграр, сув хўжалиги ва экология масалалари бўйича доимий комиссияси зиммасига юклатилсин.
Кенгаш раиси Н. ДУШАМОВ
Бухоро вилояти, Ғиждувон тумани,
2026 йил 13 январь,
VII-20-10-2-34-K/26-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.