ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ УРГАНЧ ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ
Қарори
Урганч туманининг 2026 йилги маҳаллий бюджетини тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг 6, 24-моддалари, Бюджет кодексининг 27, 99-моддалари, «2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги 2025 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-1105-сон Қонунига ва халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгашининг 2025 йил 29 декабрдаги VII-16-151-12-0-K/25-сон қарорига мувофиқ ҳамда Хоразм вилояти ҳокимлигининг 2025 йил 29 декабрдаги 04-7-09/14139-сонли хатини инобатга олиб, халқ депутатлари Урганч тумани Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикасининг «2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонуни ҳамда халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгашининг 2025 йил 29 декабрдаги VII-16-151-12-0-K/25-сон қарори раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин.
2. Мазкур қарорга мувофиқ, Урганч тумани маҳаллий бюджетининг 2026 йилги даромадлари 135 млрд. 948 млн. 197 минг. сўм ва харажатлари эса 135 млрд. 948. млн 197. минг сўмга маълумот учун қабул қилинганлиги ҳамда Урганч тумани маҳаллий бюджетининг шахсий ғазна ҳисобварағида турган бюджет маблағларининг йўл қўйиладиган энг кам миқдори 985 млн.сўм этиб белгиланганлиги инобатга олинсин.
3. Туман маҳаллий бюджети даромадларининг 2026 йил учун асосий прогноз кўрсаткичлари 1-иловага мувофиқ ҳамда туман маҳаллий бюджетидан 2026 йилда ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган харажатларнинг умумий чекланган миқдорлари 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Туман маҳаллий бюджети заҳира жамғармаси ҳажми 2026 йил учун 1 млрд. 701 млн. 388 минг. сўм миқдорида белгилансин. Бунда, заҳира жамғармаси маблағларини амалдаги бюджет қонунчилигига мувофиқ, бюджет тизими бюджетлари шакллантирилаётганда олдиндан назарда тутиб бўлмайдиган харажатларни, шунингдек ижтимоий-иқтисодий беқарорлик юзага келган вазиятларда амалга оширилиши зарур бўлган тадбирларни молиялаштириш учун йўналтирилиши таъминлансин.
5. Туман ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари-туман иқтисодиёт ва молия бўлими бошлиғи Ж. Халметов, туман Иқтисодиёт ва молия бўлими бошлиғи биринчи ўринбосари Р. Сабиров туман солиқ инспекцияси Ж. Эгамов билан биргаликда 2026 йил маҳаллий бюджети учун белгиланган кўрсаткичларни ўз вақтида ва самарали бажарилишини таъминлаш чораларини кўрсин.
6. Ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчилар ҳар чорак якуни билан бюджет маблағларининг самарали ва мақсадли сарфланганлиги, харажатларнинг амалий натижалари юзасидан халқ депутатлари туман Кенгашига ҳисобот бериб борсинлар.
Бунда, ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчилар:
бюджетдан ажратилган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш, хусусан иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, озиқ-овқат, дори-дармон, коммунал хизматлар ва давлат дастурлари учун белгиланган харажатларни тўлиқ режалаштирилиши ва ўз вақтида тўланиши;
ўзларининг ва тасарруфидаги ташкилотларнинг харажатлар сметаси ва штат жадваллари ҳамда даромадлар ва харажатлар сметаларининг тўғри тузилиши;
бюджетдан ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланиши ва мақсадли индикаторларнинг тўлиқ бажарилиши;
тасарруфидаги тизим ташкилотларига бюджетдан ажратиладиган маблағларнинг тўғри тақсимланиши;
ўз тасарруфидаги тизимда бюджет интизомига амал қилиниши устидан назорат қилинишини;
бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш мақсадида расмий веб-сайтларда маълумотларни жойлаштириб борилишини таъминласинлар.
7. Мазкур қарор тегишли таҳририятлар ва оммавий ахборот воситаларида ёритилиши тавсия этилсин ҳамда туман ҳокимлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилсин.
8. Мазкур қарор 2026 йил 1 январдан кучга кириши муносабати билан Халқ депутатлари Урганч туман кенгашининг 2024 йил 27 декабрдаги VII-3-021-12-173-K/23-сон қарори ўз кучини йўқотган ҳисоблансин.
9. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш халқ депутатлари туман Кенгашининг маҳаллий бюджет, тадбиркорликни ривожлантириш ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари бўйича доимий комиссияси зиммасига юклатилсин.
Кенгаш раиси Г. СУЛТАНОВ
Хоразм вилояти, Урганч тумани,
2025 йил 29 декабрь,
VII-17-125-12-173-K/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.