Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг
буйруғи
Қимматли қоғозлар эмиссияси ва эмиссиявий қимматли қоғозлар чиқарилишларини давлат рўйхатидан ўтказиш қоидаларига ўзгартириш ва қўшимча киритиш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2026 йил 20 январда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2000-13]
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 18 декабрдаги ПФ-254-сон «Капитал бозорида инвестиция муҳитини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ буюраман:
1. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази бош директорининг 2009 йил 16 июлдаги 2009-40-сон буйруғи (рўйхат рақами 2000, 2009 йил 30 август) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 36-сон, 394-модда) билан тасдиқланган Қимматли қоғозлар эмиссияси ва эмиссиявий қимматли қоғозлар чиқарилишларини давлат рўйхатидан ўтказиш қоидаларига иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимча киритилсин.
2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки билан келишилган.
3. Ушбу буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Директор Д. ЛИ
Тошкент ш.,
2026 йил 9 январь,
22-сон
Келишилди:
Марказий банк раиси Т. ИШМЕТОВ
2025 йил 29 декабрь
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг 2026 йил 9 январдаги 22-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Қимматли қоғозлар эмиссияси ва эмиссиявий қимматли қоғозлар чиқарилишларини давлат рўйхатидан ўтказиш қоидаларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимча
1. 69-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«69. Давлат рўйхатидан ўтказишда ҳужжатларни кўриб чиққанлик учун қимматли қоғозлар эмитентлари томонидан рўйхатдан ўтказувчи органга қуйидаги миқдорда йиғим тўланади:
а) корпоратив облигациялар бўйича — базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари;
б) корпоратив облигациялардан ташқари бошқа қимматли қоғозларнинг чиқарилиши бўйича — базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баравари;
в) корпоратив облигациялардан ташқари илгари рўйхатдан ўтказилган қимматли қоғозлар чиқарилишига ўзгартиришлар ва (ёки) қўшимчалар киритиш бўйича — базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари;
г) илгари рўйхатдан ўтказилган корпоратив облигациялар чиқарилишига ўзгартиришлар ва (ёки) қўшимчалар киритиш бўйича — базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари.».
2. 95-банд қуйидаги мазмундаги «г1» кичик банд билан тўлдирилсин:
«г1) қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган ахборот ва ҳисоботлар бир йил ичида икки ва ундан ортиқ маротаба ўз вақтида ошкор этилмаган тақдирда (бартараф этилгунига қадар);».
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.01.2026 й., 10/26/2000-13/0061-сон)