ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ БУХОРО ШАҲАР КЕНГАШИНИНГ
Қарори
Бухоро шаҳар бўйича 2026 йилда юридик ва жисмоний шахслардан ундириладиган ер солиқларини ҳисоблаб чиқаришда қўлланиладиган коэффициентларни тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг «2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонуни, «Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2026 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Солиқ Кодексининг 412, 420, 422, 429 ва 437-моддалари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 декабрдаги «Ресурс солиқлари ва мол-мулк солиғини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги ПФ-6121-сон, 2024 йил 20 декабрдаги «Ҳудудларда юқори иқтисодий ўсиш ва аҳоли бандлигини таъминлашнинг янги тизимини йўлга қўйиш ҳамда бу борада маҳаллий ҳокимликларнинг роли ва масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-223-сон Фармонлари ҳамда Халқ депутатлари Бухоро вилоят кенгашининг 2025 йил 30 декабрдаги «Бухоро вилояти бўйича 2026 йилда юридик ва жисмоний шахслардан ундириладиган айрим солиқларга қўлланиладиган коэффициентлар ҳамда мутлақ миқдор суммаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги VII-21-113-2-0-К/25-сонли қарорига асосан Бухоро шаҳар бўйича 2026 йилда юридик ва жисмоний шахслардан ундириладиган ер солиқларини ҳисоблаб чиқаришда қўлланиладиган коэффициентларни тасдиқлаш мақсадида Халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгаши қарор қилади:
1. Халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгашининг 2025 йил 30 декабрдаги «Бухоро вилояти бўйича 2026 йилда юридик ва жисмоний шахслардан ундириладиган айрим солиқларга қўлланиладиган коэффициентлар ҳамда мутлақ миқдор суммаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги VII-21-113-2-0-К/25 Қарорига асосан Бухоро шаҳар бўйича юридик шахсларнинг қишлоқ хўжалигида мўлжалланмаган ерлари базавий солиқ ставкаси 1 гектар учун миқдори 79 288 000 сўм ҳамда жисмоний шахсларга 1 кв.м учун базавий солиқ ставкасининг миқдори 645 сўм белгиланиши маълумот учун қабул қилинсин.
2. Шаҳар иқтисодиёт ва молия бўлими (Ш.Каримов) ҳамда шаҳар солиқ инспекцияси (А.Ғафуров)нинг маҳалла фуқаролар йиғинларининг иқтисодий ривожланганлик даражаси ҳамда келгуси йил учун белгиланган шаҳар маҳаллий бюджет прогнозидан келиб чиқиб, юридик ва жисмоний шахслардан ундириладиган ер солиқларини ҳисоблаб чиқаришда камайтирилувчи ва оширилувчи коэффициентларни қўллаш юзасидан таклифлари инобатга олинсин.
3. Маҳаллий солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ставкаларини аниқлаш учун қонунчиликда белгиланган миқдорлар доирасида:
жисмоний шахслар бўйича (деҳқон хўжалигини юритиш учун берилган қишлоқ хўжалигига мўлжаллаган ерлардан ташқари) 2026 йилда Бухоро шаҳар учун 1 кв.м. ерга белгиланган базавий солиқ ставкаларига қўлланиладиган коэффициентлар миқдорлари маҳаллалар кесимида 1- иловага;
қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланмаган ерларнинг 1 гектарига юридик шахслар бўйича 2026 йилда Бухоро шаҳар учун белгиланган ер солиғининг базавий солиқ ставкаларига қўлланиладиган коэффициентлар миқдорлари маҳаллалар кесимида 2- иловага;
2026 йил Бухоро шаҳри учун сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича Солиқ кодекси билан ўрнатиладиган солиқ ставкаларига нисбатан қўлланиладиган коэффициентлар миқдори 3-иловага;
2026 йил Бухоро шаҳри учун ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ бўйича Солиқ кодекси билан ўрнатиладиган солиқ ставкаларига нисбатан қўлланиладиган коэффициентлар миқдори 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг 2024 йил 27 декабрдаги VII-3-012-2-42-К/24-сонли қарори 2026 йил 1 январдан ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
5. Шаҳар ҳокимлиги ушбу қарор билан маъқулланган Бухоро шаҳар бўйича 2026 йилда юридик ва жисмоний шахслардан ундириладиган ер солиқларини ҳисоблаб чиқаришда қўлланиладиган коэффициентларни оммавий ахборот воситаларида ва шаҳар ҳокимлигининг расмий вебсайтида эълон қилсин.
6. Халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг маҳаллий бюджет, тадбиркорликни ривожлантириш ва иқтисодий ислоҳотлар бўйича доимий комиссияси (Б.Маъмуров) зиммасига юклатилсин.
7. Ушбу қарор 2026 йил 1 январдан эътиборан кучга киради.
Кенгаш раиси Қ. И. ТУРСУНОВ
Бухоро вилояти, Бухоро ш.,
2025 йил 30 декабрь,
VII-15-104-2-42-K/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.