Халқ депутатлари Қўқон шаҳар Кенгашининг
қарори
Қўқон шаҳрининг 2026 йилги маҳаллий бюджетини тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг 6, 24-моддалари, Бюджет кодексининг 27, 99-моддалари, «2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги 2025 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-1105-сон Қонунига ва халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгашининг 2025 йил 29 декабрдаги VII-15-160-11-0-К/25-сон қарорига мувофиқ ҳамда Фарғона вилоят Иқтисодиёт ва молия бош бошқармасининг 2025 йил 29 декабрдаги 01/07-17/10018-сонли хатини инобатга олиб, халқ депутатлари Қўқон шаҳар Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикасининг «2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги 2025 йил 25 декабрдаги ЎРҚ1105-сон Қонуни ҳамда халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгашининг 2025 йил 29 декабрдаги VII-15-160-11-0-К/25-сон қарори (кейинги ўринларда қарор деб юритилади) раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин.
2. Қарорга мувофиқ, Қўқон шаҳар маҳаллий бюджетининг 2026 йилги даромадлари 229 696 600.0 минг сўм ва харажатлари эса 229 696 600.0 минг сўмга тасдиқланганлиги, шунингдек Қўқон шаҳар маҳаллий бюджетининг шахсий ғазна ҳисобварағида турган бюджет маблағларининг йўл қўйиладиган энг кам миқдори 2 063 000.0 минг сўм этиб белгиланганлиги инобатга олинсин.
3. Шаҳар маҳаллий бюджети даромадларининг 2026 йил учун асосий прогноз кўрсаткичлари 1-иловага мувофиқ;
Шаҳар маҳаллий бюджетидан 2026 йилда ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган харажатларнинг чекланган миқдорлари 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Шаҳар маҳаллий бюджети захира жамғармаси ҳажми 2026 йил учун 3 708 481.0 минг сўм миқдорида белгилансин.
Бунда, захира жамғармаси маблағларини амалдаги бюджет қонунчилигига мувофиқ, бюджет тизими бюджетлари шакллантирилаётганда олдиндан назарда тутиб бўлмайдиган харажатларни, шунингдек ижтимоий-иқтисодий беқарорлик юзага келган вазиятларда амалга оширилиши зарур бўлган тадбирларни молиялаштириш учун йўналтирилиши таъминлансин.
5. Қуйидагилар:
қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланмаган ерлар учун юридик шахслар бўйича мутлақ миқдорда 1 гектар ер учун белгиланган базавий солиқ ставкасига киритилаётган камайтирувчи ва оширувчи коэффитсиэнтлар 3-иловага мувофиқ,
жисмоний шахслар бўйича (деҳқон хўжалигини юритиш учун берилган қишлоқ хўжалигига мўлжаллаган ерлардан ташқари) мутлақ миқдорда 1 м2 учун белгиланган базавий солиқ ставкаларига нисбатан киритилаётган камайтирувчи ва оширувчи коэффициентлар 4-иловага;
норуда қурилиш материаллари учун (цемент ишлаб чиқариш учун мўлжалланган оҳактошдан ташқари) қатъий белгиланган солиқ ставкалари қуйидаги миқдорлар 5-иловага;
мол-мулкни ижрага берувчи жисмоний ва юридик шахслар учун белгиланган ижара тўловининг 1 квадрат метри учун энг кам ставкаси 6-иловага;
Ер усти ва ер ости манбаларидан олинадиган сув ресурслари учун солиқ ставкаси бир куб метр учун мутлақ ўлчамдаги миқдор 7-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
6. Шаҳар ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Н. Хамедов, шаҳар Иқтисодиёт ва молия бўлими (М. Сангинов), шаҳар солиқ инспекцияси (А. Хамрақулов) билан биргаликда 2026 йил маҳаллий бюджети учун белгиланган кўрсаткичларни ўз вақтида ва самарали бажарилишини таъминлаш чораларини кўрсин.
7. Ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчилар ҳар чорак якуни билан бюджет маблағларининг самарали ва мақсадли сарфланганлиги, харажатларнинг амалий натижалари юзасидан халқ депутатлари шаҳар Кенгашига ҳисобот бериб борсинлар.
Бунда, ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчилар:
бюджетдан ажратилган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш, хусусан иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, озиқ-овқат, дори-дармон, коммунал хизматлар ва давлат дастурлари учун белгиланган харажатларни тўлиқ режалаштирилиши ва ўз вақтида тўланиши;
ўзларининг ва тасарруфидаги ташкилотларнинг харажатлар сметаси ва штат жадваллари ҳамда даромадлар ва харажатлар сметаларининг тўғри тузилиши;
бюджетдан ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланиши ва мақсадли индикаторларнинг тўлиқ бажарилиши;
тасарруфидаги тизим ташкилотларига бюджетдан ажратиладиган маблағларнинг тўғри тақсимланиши;
ўз тасарруфидаги тизимда бюджет интизомига амал қилиниши устидан назорат қилинишини;
бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш мақсадида расмий веб-сайтларда маълумотларни жойлаштириб борилишини таъминласинлар.
8. Мазкур қарор тегишли таҳририятлар ва оммавий ахборот воситаларида ёритилиши тавсия этилсин ҳамда шаҳар ҳокимлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилсин.
9. Мазкур қарор бажарилишини назорат қилиш халқ депутатлари Қўқон шаҳар Кенгашининг маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари доимий комиссияси (Ў.Маҳмудов) ҳамда шаҳар ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Н.Хамедов зиммасига юклатилсин.
Кенгаш раиси В. УСМОНОВ
Фарғона вилояти, Қўқон шаҳри,
2025 йил 30 декабрь,
VII-15-106-11-166-К/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан ПДФ шаклида танишиш мумкин.