ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ҚУВАСОЙ ШАҲАР КЕНГАШИНИНГ
қарори
Қувасой шаҳрининг 2026 йилги маҳаллий бюджетини тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг 6, 24-моддалари, Бюджет кодексининг 27, 99-моддалари, «2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги 2025 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-1105-сон Қонунига ва халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгашининг 2025 йил 29 декабрдаги VII-15-160-11-0-К/25-сон қарорига мувофиқ ҳамда Фарғона вилоят Иқтисодиёт ва молия бош бошқармасининг 2025 йил 29 декабрдаги 01/07-17/9997-сонли хатини инобатга олиб, халқ депутатлари Қувасой шаҳар Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикасининг «2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонуни ҳамда халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгашининг 2025 йил 29 декабрдаги VII-15-160-11-0-К/25-сон қарори (кейинги ўринларда қарор деб юритилади) раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин.
2. Қарорга мувофиқ, Қувасой шаҳар бюджетининг 2026 йилги даромадлари 116,973 млрд. сўм ва харажатлари эса 116,973 млрд. сўмга маълумот учун қабул қилинганлиги, шунингдек Қувасой шаҳар бюджетининг шахсий ғазна ҳисоб варағида турган бюджет маблағларининг йўл қўйиладиган энг кам миқдори 0,770 млрд. сўм этиб белгиланганлиги инобатга олинсин.
3. Шаҳар бюджети даромадларининг 2026 йил учун асосий прогноз кўрсаткичлари 1-иловага мувофиқ;
шаҳар бюджетидан 2026 йилда ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган харажатларнинг чекланган миқдорлари 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Шаҳар бюджети захира жамғармаси ҳажми 2026 йил учун 1,386 млрд. сўм миқдорида белгилансин.
Бунда, захира жамғармаси маблағларини амалдаги бюджет қонунчилигига мувофиқ, бюджет тизими бюджетлари шакллантирилаётганда олдиндан назарда тутиб бўлмайдиган харажатларни, шунингдек ижтимоий-иқтисодий беқарорлик юзага келган вазиятларда амалга оширилиши зарур бўлган тадбирларни молиялаштириш учун йўналтирилиши таъминлансин.
5. Қуйидагилар:
Қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланмаган ерлар учун юридик шахслар бўйича мутлақ миқдорда 1 гектар ер учун белгиланган базавий солиқ ставкасига киритилаётган камайтирувчи ва оширувчи коэффициентлар 3-иловага;
жисмоний шахслар бўйича (деҳқон хўжалигини юритиш учун берилган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан ташқари) мутлақ миқдорда 1 м2 учун белгиланган базавий солиқ ставкаларига нисбатан киритилаётган камайтирувчи ва оширувчи коэффициентлар 4-иловага;
норуда қурилиш материаллари учун (цемент ишлаб чиқариш учун мўлжалланган оҳактошдан ташқари) қатъий белгиланган солиқ ставкалари 5-иловага;
мол-мулкни ижарага берувчи жисмоний ва юридик шахслар учун белгиланган ижара тўловининг 1 м2 учун энг кам ставкалари 6-иловага;
сув ресурсларидан фойдаланганлик учун белгиланган солиқ ставкалари 7-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
6. Шаҳар ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари (А. Кадиров), шаҳар Иқтисодиёт ва молия бўлими (С. Умаров), шаҳар солиқ инспекцияси (Б. Тошалиев) билан биргаликда 2026 йил маҳаллий бюджети учун белгиланган кўрсаткичларни ўз вақтида ва самарали бажарилишини таъминлаш чораларини кўрсин.
7. Ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчилар ҳар чорак якуни билан бюджет маблағларининг самарали ва мақсадли сарфланганлиги, харажатларнинг амалий натижалари юзасидан халқ депутатлари шаҳар Кенгашига ҳисобот бериб борсинлар.
Бунда, ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчилар:
бюджетдан ажратилган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш, хусусан иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, озиқ-овқат, дори-дармон, коммунал хизматлар ва давлат дастурлари учун белгиланган харажатларни тўлиқ режалаштирилиши ва ўз вақтида тўланиши;
ўзларининг ва тасарруфидаги ташкилотларнинг харажатлар сметаси ва штат жадваллари ҳамда даромадлар ва харажатлар сметаларининг тўғри тузилиши;
бюджетдан ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланиши ва мақсадли индикаторларнинг тўлиқ бажарилиши;
тасарруфидаги тизим ташкилотларига бюджетдан ажратиладиган маблағларнинг тўғри тақсимланиши;
ўз тасарруфидаги тизимда бюджет интизомига амал қилиниши устидан назорат қилинишини;
бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш мақсадида расмий веб-сайтларда маълумотларни жойлаштириб борилишини таъминласинлар.
8. Мазкур қарор тегишли таҳририятлар ва оммавий ахборот воситаларида ёритилиши тавсия этилсин ҳамда шаҳар ҳокимлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилсин.
9. Мазкур қарор бажарилишини назорат қилиш халқ депутатлари Қувасой шаҳар Кенгашининг маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари доимий комиссияси (А. Қасимов) ҳамда шаҳар ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари (А. Кадиров) зиммасига юклатилсин.
Кенгаш раиси З. ТЎРАКУЛОВ
Фарғона вилояти, Қува тумани,
2025 йил 30 декабрь,
VII-14-89-11-167-K/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.