ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ЖИЗЗАХ ВИЛОЯТИ КЕНГАШИНИНГ
Қарори
2026 йил учун Жиззах вилоятининг маҳаллий бюджети тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг 6, 24-моддалари, Бюджет кодексининг 27, 99-моддалари, Ўзбекистон Республикасининг «2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида» ЎРҚ-1105-сон Қонунига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2025 йил 20-октябрдаги 02-1519-сонли ва Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг 2025 йил 25 декабрдаги 01/57-1-29243-сонли хатларини инобатга олиб Халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикасининг «2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонуни (кейинги ўринларда Қонун деб юритилади) раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин.
2. Мазкур Қонунга мувофиқ, Жиззах вилояти маҳаллий бюджетининг 2026 йилги даромадлари 2 921,2 млрд.сўм ва харажатлари 4 173,6 млрд.сўмга маълумот учун қабул қилинганлиги ҳамда республика бюджетидан ажратиладиган тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар 1 252,4 млрд.сўм миқдорида, шундан акциз солиғи тушумлари ҳисобидан ажратиладиган маблағлар 145,6 млрд.сўм миқдорида тасдиқланганлиги инобатга олинсин.
3. Қуйидагилар:
Жиззах вилоятининг вилоят бюджети даромадларининг 2026 йил учун асосий прогноз кўрсаткичлари 1-иловага;
вилоятнинг вилоят бюджетидан 2026 йилда ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган харажатларнинг умумий чекланган миқдорлари 2-иловага;
2026 йил учун вилоятнинг вилоят бюджети ҳамда туманлар ва шаҳарлар бюджетларига тартибга солувчи даромадлардан ажратмаларнинг меъёрлари 3-иловага;
Бунда, мазкур қарор қабул қилингандан сўнг бир кун муддатда тартибга солувчи даромадлардан ажратмаларнинг нормативлари бўйича вилоятнинг вилоят бюджети билан туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг тақсимотини ўрнатилган тартибда «Давлат молиясини бошқариш ахборот тизимига» Жиззах вилояти Ғазначилик хизмати бошқармаси томонидан киритилиши белгилаб қўйилсин.
вилоятнинг вилоят бюджетидан туманлар ва шаҳарлар бюджетларига ажратиладиган тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар миқдори 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг 2026 йил даромадлари ва харажатларнинг чегаравий ҳажми 5-иловага мувофиқ маълумот учун қабул қилинсин.
6. Вилоятнинг вилоят бюджети шахсий ғазна ҳисобварағида турган бюджет маблағларининг 2026 йилда йўл қўйиладиган энг кам миқдори 7 420,0 млн. сўм этиб ҳамда 2026 йил учун туманлар ва шаҳарлар бюджетлари шахсий ғазна ҳисобварақларида турган бюджет маблағларининг йўл қўйиладиган энг кам миқдори 6-иловага мувофиқ белгилансин.
7. Вилоятнинг вилоят бюджети захира жамғармаси ҳажми 2026 йил учун 22,8 млрд.сўм миқдорида белгилансин.
2026 йил учун Жиззах вилоятнинг вилоят бюджети, туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг захира жамғармалари тегишли бюджетлар тасдиқланган умумий харажатларининг (бундан туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг жамоатчилик фикри асосида шакллантириладиган тадбирларни молиялаштиришга доир маблағлари мустасно) камида 1,0 фоизи миқдорида шакллантирилади.
Бунда туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг захира жамғармалари миқдори олдинги йилдаги ҳажмидан кам бўлмаган миқдорда шакллантирилиши ҳамда қўшимча маблағларни шакллантириш вилоятнинг вилоят бюджети захира жамғармалари маблағларини камайтириш ҳисобидан амалга оширилганлиги инобатга олинсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 26 декабрдаги ПҚ-387-сонли қарорига мувофиқ вилоят Иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси:
республика бюджетидан Жиззах вилоятининг вилоят бюджетига ўтказиб бериладиган даромад прогнозининг ошириб бажарилган қисмидан 50 фоизини 2025 йил 1 декабрь ҳолатига статистика органларидан олинган туман (шаҳар)лар аҳолисининг жами вилоят аҳолиси улушига мувофиқ туман (шаҳар)лар бюджетларига белгиланган муддатларда ўтказиш;
деҳқон бозорлари, ихтисослаштирилган ва буюм бозорларидан тушган солиқлар бўйича вилоят бюджетига ўтказилган маблағларни ушбу соҳадаги ҳамда маҳаллаларда инфратузилмани яхшилаш учун мазкур бозорлар жойлашган туман (шаҳар)лар бюджетларига тўлиқ ўтказилишини таъминласин.
9. Вилоят ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари З. Азимов, вилоят Иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси (Б. Ахмедов), вилоят солиқ бошқармаси (Б. Исмаилов) туман (шаҳар) ҳокимликлари билан биргаликда 2026 йил маҳаллий бюджети учун белгиланган кўрсаткичларни ўз вақтида ва самарали бажарилишини таъминлаш чораларини кўрсин.
10. Туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари, ҳудудий бюджет маблағлари тақсимловчилар 2026 йил учун ажратилаётган бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш, бюджет интизомига риоя этилиши устидан назорат ва масъулиятни янада кучайтириш, тегишли маҳаллий бюджетларга солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг тўлиқ тушумини таъминлаш ҳамда бюджет даромадлар базасини ошириш ва қўшимча резервларни аниқлаш зарурлигига алоҳида эътибор қаратсин.
11. Вилоят солиқ бошқармаси (Б.Исмаилов) ҳудудий солиқ органлари билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексида белгиланган ваколатлардан келиб чиқиб:
солиқларнинг тўлиқ ва тўғри ҳисобланишини ҳамда ушбу солиқларни ўз вақтида бюджетга ундирилиши устидан солиқ назоратини ўрнатиш;
ер солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ва мол-мулк солиқлари бўйича доимий таҳлилилар ўтказган ҳолда, солиқларни тўлиқ ҳисобланишини таъминлаш ҳамда ушбу солиқ тўловлари бўйича солиқ қарздорлигига йўл қўймаслик чораларини кўриш;
айланмадан солиқ тури бўйича солиқ тўловчилар томонидан нақд пул айланмаларининг солиқ ҳисоботларида тўлиқ акс эттирилиши устидан доимий солиқ назоратини ўрнатиш ҳамда зарур ҳолларда хронометраж ва камерал солиқ назорати тадбирларини ўтказиш;
ер ва мол-мулк солиғининг солиқ базасини ошириш, яъни хатлов ишларини самарали ва мунтазам ташкил этиб бориш вазифалари юклатилсин.
12. Мажбурий ижро бюроси Жиззах вилоят бошқармаси (Б. Менглиев), вилоят солиқ бошқармаси (Б. Исмаилов) билан ҳамкорликда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича мавжуд солиқ қарздорликларини бюджетга ундириш юзасидан тегишли чоралар кўриб борсинлар ҳамда чораклар якуни билан солиқ қарздорликларининг чорак бошига нисбатан камайиб бориши бўйича барча комплекс чора-тадбирлар кўриш вазифаси юклатилсин.
13. Давлат активларини бошқариш агентлиги Жиззах вилоят ҳудудий бошқармаси (Ф. Хайдаров) Бўш турган объектларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш марказининг Жиззах вилоят ҳудудий бошқармаси (Д. Халиков) билан биргаликда:
бўш турган давлат мулки объектларини аниқлаш бўйича доимий равишда хатлов ишларини ташкил этиш;
хатлов натижаларига кўра вилоятда мавжуд бўш турган давлат мулки объектлари рўйхатини шакллантириш, ижарага бериш ёки сотиш бўйича тегишли таклифлар тайёрлаш вазифаси юклатилсин.
14. Сирдарё-Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси (Н. Турдибоэв) ва вилоят солиқ бошқармаси (Б. Исмаилов) туман ва шаҳар ҳокимлари билан биргаликда вилоятда суғоришга сарфланаётган сув ҳажмлари бўйича аниқ ҳисоб-китоблар юритган ҳолда мазкур истеъмол ҳажмлари бўйича сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқларни тўлиқ ҳисобланишини ҳамда молия йили якунига қадар маҳаллий бюджетларга тўлиқ ундириб олиш вазифаси юклатилсин.
Бунда, қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан истеъмол қилинаётган сув ресурслари ҳажмлари ва ушбу ҳажмлар бўйича ҳисобланаётган сув солиқлари бўйича доимий таҳлиллар ўтказишга алоҳида эътибор қаратилсин.
15. Вилоят ички ишлар бошқармаси (Ғ. Қодиров), Адлия бошқармаси (А. Эргашев) вилоятда бюджетга ҳисобланган бож, жарима ва йиғимларни ўз вақтида тўлиқ бюджетга ундириш чораларини кўриб борсинлар.
16. Халқ депутатлари ҳудудий Кенгашлар ҳамда туман (шаҳар) ҳокимлари Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодексининг 27 ва 28-моддаларида белгиланган бюджет соҳасидаги ваколатларидан келиб чиқиб, бюджетга ва давлат мақсадли жамғармаларига тушумлар тўлиқ ва ўз вақтида тушиши ҳамда бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши устидан назорат ўрнатсин.
17. Ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчилар ҳар чорак якуни билан бюджет маблағларининг самарали ва мақсадли сарфланганлиги, харажатларнинг амалий натижалари юзасидан халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгашига ҳисобот бериб борсинлар.
Бунда, ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчилар:
бюджетдан ажратилган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш, хусусан иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, озиқ-овқат, дори-дармон, коммунал хизматлар ва давлат дастурлари учун белгиланган харажатларни тўлиқ режалаштирилиши ва ўз вақтида тўланиши;
ўзларининг ва тасарруфидаги ташкилотларнинг харажатлар сметаси ва штат жадваллари ҳамда даромадлар ва харажатлар сметаларининг тўғри тузилиши;
бюджетдан ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланиши ва мақсадли индикаторларнинг тўлиқ бажарилиши;
тасарруфидаги тизим ташкилотларига бюджетдан ажратиладиган маблағларнинг тўғри тақсимланиши;
ўз тасарруфидаги тизимда бюджет интизомига амал қилиниши устидан назорат қилинишини;
бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш мақсадида расмий веб-сайтларда маълумотларни жойлаштириб борилишини таъминласинлар.
18. Вилоят ҳокимлиги ташқи рекламани мувофиқлаштириш бўлими (А. Назаров), Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Жиззах вилояти ҳудудий бошқармаси (И. Маматқулов) туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари билан биргаликда ташқи реклама объектларини тўлиқ хатловдан ўтказган ҳолда, ушбу ташқи реклама объектлари бўйича шартномалар тузиш чораларини кўрсин ҳамда ушбу шартномалар бўйича йиғимларни бюджетга тўланиши устидан доимий назорат ўрнатсин.
19. Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратураси Ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Давлат молиявий назорати Инспекцияси Жиззах вилояти бошқармаси (Н. Эшбеков) бюджетдан ажратилган маблағларни мақсадли ишлатилишини назорат қилиш ва амалга оширилаётган ишлар юзасидан ҳар чоракда Халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгаши сессияларида ахборот бериб бориш вазифалари юклатилсин.
20. Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати (А. Бинокулов), Давлат солиқ бошқармаси (Б. Исмаилов), Иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси (Б. Ахмедов) билан биргаликда вилоят телерадиокомпанияси ҳамда «Жиззах ҳақиқати» ва «Джизакская правда» газеталарида расмий эълон қилинсин ҳамда вилоят ҳокимлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилсин.
21. Ушбу қарор 2026 йил 1 январдан эътиборан кучга киради.
22. Мазкур қарор ижросини ўз вақтида таъминлаш вазифаси вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари З. Азимов зиммасига юклансин.
23. Мазкур қарор бажарилишини назорат қилиш Халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгашининг барча доимий комиссиялар зиммасига юклатилсин.
Халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгаши раиси ШУКУРОВ ПАРДА ХХХ
Жиззах в.,
2025 йил 29 декабрь,
VII-23-350-3-0-K/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.