Халқ депутатлари Фориш туман Кенгашининг
Қарори
Фориш туманининг 2026 йилги маҳаллий бюджетини тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг 6-, 24-моддалари, Бюджет кодексининг 27-, 99-моддалари, «2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги 2025 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-1105-сон Қонунига ва халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгашининг 2025 йил 29 декабрдаги VII-23-350-3-0-K/25-сон қарорига мувофиқ ҳамда Жиззах вилоят Иқтисодиёт ва молия бош бошқармасининг 2025 йил 29 декабрдаги 02-01-01-177-сонли хатини инобатга олиб, халқ депутатлари Фориш Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикасининг «2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонуни ҳамда халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгашининг 2025 йил 29 декабрдаги VII-23-350-3-0-K/25-сон қарори (кейинги ўринларда қарор деб юритилади) раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин.
2. Қарорга мувофиқ, Фориш туман бюджетининг 2026 йилги даромадлари 91 035 056,0 минг сўм ва харажатлари ҳам 91 035 056,0 минг сўмга маълумот учун қабул қилинганлиги ҳамда Фориш туман бюджетининг шахсий ғазна ҳисобварағида турган бюджет маблағларининг йўл қўйиладиган энг кам миқдори 483 000,0 минг сўм этиб белгиланганлиги инобатга олинсин.
3. Туман маҳаллий бюджети даромадларининг 2026 йил учун асосий прогноз кўрсаткичлари 1-иловага мувофиқ, туман бюджетидан 2026 йилда ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган харажатларнинг чекланган миқдорлари 2-иловага мувофиқ, 2025 йилда умумдавлат солиқларидан туман маҳаллий бюджетига ажратмалар меъёри 3-иловага мувофиқ, туман маҳаллий бюджетининг 2026 йил даромадлари ва харажатлариинг чегаравий ҳажми 4-иловага мувофиқ ҳамда туман маҳаллий бюджетида йўл қўйиладиган энг кам маблағлар миқдори 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Туманнинг иқтисодий салоҳияти ва ривожланишига қараб 2026 йил учун юридик шахсларнинг қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларининг 1 гектарига белгиланган ер солиғи ставкаси, жисмоний шахслар бўйича (деҳқон хўжалигини юритиш учун берилган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан ташқари) 1 кв. метр учун белгиланган ер солиғи ставкаси 6-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Туман бюджети захира жамғармаси ҳажми 2026 йил учун 1 174 488,0 минг сўм миқдорида белгилансин.
Бунда, захира жамғармаси маблағларини амалдаги бюджет қонунчилигига мувофиқ, бюджет тизими бюджетлари шакллантирилаётганда олдиндан назарда тутиб бўлмайдиган харажатларни, шунингдек ижтимоий-иқтисодий беқарорлик юзага келган вазиятларда амалга оширилиши зарур бўлган тадбирларни молиялаштириш учун йўналтирилиши таъминлансин.
6. Туман ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Ш. Узоқов, туман Иқтисодиёт ва молия бўлими (Ф. Каримов), туман солиқ инспекцияси (С. Хафизов) билан биргаликда 2026 йил маҳаллий бюджети учун белгиланган кўрсаткичларни ўз вақтида ва самарали бажарилишини таъминлаш чораларини кўрсин.
7. Ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчилар ҳар чорак якуни билан бюджет маблағларининг самарали ва мақсадли сарфланганлиги, харажатларнинг амалий натижалари юзасидан халқ депутатлари туман Кенгашига ҳисобот бериб борсинлар.
Бунда,ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчилар:
Бюджетдан ажратилган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш, хусусан иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, озиқ-овқат, дори-дармон, коммунал хизматлар ва давлат дастурлари учун белгиланган харажатларни тўлиқ режалаштирилиши ва ўз вақтида тўланиши;
ўзларининг ва тасарруфидаги ташкилотларнинг харажатлар сметаси ва штат жадваллари ҳамда даромадлар ва харажатлар сметаларининг тўғри тузилиши;
бюджетдан ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланиши ва мақсадли индикаторларнинг тўлиқ бажарилиши;
тасарруфидаги тизим ташкилотларига бюджетдан ажратиладиган маблағларнинг тўғри тақсимланиши;
ўз тасарруфидаги тизимда бюджет интизомига амал қилиниши устидан назорат қилинишини;
бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш мақсадида расмий веб-сайтларда маълумотларни жойлаштириб борилишини таъминласинлар.
8. Мазкур қарор тегишли таҳририятлар ва оммавий ахборот воситаларида ёритилиши тавсия этилсин ҳамда туман ҳокимлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилсин.
9. Мазкур қарор бажарилишини назорат қилиш халқ депутатлари Фориш туман Кенгашининг маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари доимий комиссияси (Б. Ботиров) ҳамда туман ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Ш. Узоқов зиммасига юклатилсин.
10. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Сессияга раислик қилувчи ШАКАРОВ САФАР БАРАТОВИЧ
Жиззах вилояти, Фориш тумани,
2025 йил 30 декабрь,
VII-16-119-3-53-K/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.