ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ҒАЛЛАОРОЛ ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ
Қарори
Ғаллаорол туманининг 2026 йилги маҳаллий бюджетини тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг 6 ва 24-моддалари, Бюджет кодексининг 27 ва 99-моддалари, «2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги 2025 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-1105-сон Қонунига ва халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгашининг 2025 йил 29 декабрдаги VII-23-350-3-0-K/25-сон қарорига мувофиқ ҳамда Жиззах вилоят Иқтисодиёт ва молия бош бошқармасининг 2025 йил 29 декабрдаги 02-01-01-169-сонли хатини инобатга олиб, халқ депутатлари Ғаллаорол Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикасининг «2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонуни ҳамда халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгашининг 2025 йил 29 декабрдаги VII-23-350-3-0-K/25-сон қарори (кейинги ўринларда қарор деб юритилади) раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин.
2. Мазкур қарорга мувофиқ, Ғаллаорол тумани маҳаллий бюджетининг 2026 йилги даромадлари 138 843 501,0 минг.сўм ва харажатлари эса 138 843 501,0 минг.сўм маълумот учун қабул қилинганлиги, шунингдек Ғаллаорол тумани маҳаллий бюджетининг шахсий ғазна ҳисобварағида турган бюджет маблағларининг йўл қўйиладиган энг кам миқдори 821 000,0 минг.сўм этиб белгиланганлиги инобатга олинсин.
3. Туман маҳаллий бюджети даромадларининг 2026 йил учун асосий прогноз кўрсаткичлари 1-иловага мувофиқ ҳамда 2026 йилда умумдавлат солиқларидан туман маҳаллий бюджетига ажратмалар меъёри 2-иловага мувофиқ, туман маҳаллий бюджетидан 2026 йилда ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган харажатларнинг умумий чекланган миқдорлари 3-иловага мувофиқ, туман маҳаллий бюджетининг 2026 йил даромадлари ва харажатларнинг чегаравий ҳажми 4-иловага мувофиқ, шунингдек туман бюджети йўл қўйиладиган энг кам миқдори 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Туман маҳаллий бюджети захира жамғармаси ҳажми 2026 йил учун 1 903 201,0 минг.сўм миқдорида белгилансин. Бунда, захира жамғармаси маблағларини амалдаги бюджет қонунчилигига мувофиқ, бюджет тизими бюджетлари шакллантирилаётганда олдиндан назарда тутиб бўлмайдиган харажатларни, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий беқарорлик юзага келган вазиятларда амалга оширилиши зарур бўлган тадбирларни молиялаштириш учун йўналтирилиши таъминлансин.
5. Туман ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари — туман Иқтисодиёт ва молия бўлими бошлиғи А. Абдужалилов, туман Иқтисодиёт ва молия бўлими бошлиғининг ҳудудларни комплекс иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари (М. Турдимуратов), туман солиқ инспекцияси (Б. Қувондиқов) билан биргаликда 2026 йил маҳаллий бюджети учун белгиланган кўрсаткичларни ўз вақтида ва самарали бажарилишини таъминлаш чораларини кўрсин.
6. Ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчилар бюджетдан ажратилган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш, хусусан иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, озиқ-овқат, дори-дармон, коммунал хизматлар ва давлат дастурлари учун белгиланган харажатларни биринчи навбатда тўлиқ режалаштирилиши ва ўз вақтида тўланиши ҳамда даврий жамланма молиявий ҳисоботларни тўғри шакллантирилиши ва ўз вақтида тақдим этилишини таъминласин.
7. Мазкур қарор тегишли таҳририятлар ва оммавий ахборот воситаларида ёритилиши тавсия этилсин ҳамда туман ҳокимлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилсин.
8. Ушбу қарор 2026 йил 1 январдан эътиборан кучга киради.
9. Мазкур қарор бажарилишини назорат қилиш халқ депутатлари Ғаллаорол туман Кенгашининг маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари доимий комиссияси (О. Мамиров) ҳамда туман ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари — туман Иқтисодиёт ва молия бўлими бошлиғи (А. Абдужалилов) зиммасига юклатилсин.
Кенгаш раиси ОҚБОЕВ ЖАЛОЛИТДИН ЖАМОЛОВИЧ
Жиззах вилояти, Ғаллаорол тумани,
2025 йил 30 декабрь,
VII-15-193-3-45-K/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.