ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ БУХОРО ВИЛОЯТИ КЕНГАШИНИНГ
Қарори
Бухоро вилоятининг 2026 йилги маҳаллий бюджетини тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг 6, 24-моддалари, Бюджет кодексининг 27, 99-моддалари, Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 25 декабрдаги «2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги ЎРҚ-1105-сонли Қонунига мувофиқ, халқ депутатлари вилоят Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 25 декабрдаги «2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги ЎРҚ-1105-сонли Қонуни (кейинги ўринларда Қонун деб юритилади) ижро учун қабул қилинсин.
2. Мазкур Қонунга мувофиқ, Бухоро вилояти маҳаллий бюджетининг 2026 йилги даромадлари 5 107,4 млрд.сўм ва харажатлари 6 129,8 млрд.сўмга маълумот учун қабул қилинганлиги ҳамда республика бюджетидан ажратиладиган тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар 1 022,4 млрд.сўм миқдорида, шундан акциз солиғи тушумлари ҳисобидан ажратиладиган трансфертлар 196,1 млрд.сўм миқдорида тасдиқланганлиги инобатга олинсин.
3. Қуйидагилар:
Бухоро вилоятининг 2026 йилга ривожлантиришнинг макроиқтисодий прогноз кўрсаткичлари ҳамда 2027-2028 йилга мўлжаллари 1-иловага;
Бухоро вилоятининг вилоят маҳаллий бюджети даромадларининг 2026 йил учун асосий прогноз кўрсаткичлари 2-иловага;
вилоятнинг вилоят бюджетидан 2026 йилда ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган харажатларнинг умумий чекланган миқдорлари 3-иловага;
2026 йилда умумдавлат солиқлари ва бошқа мажбурий тўловлар ҳамда солиқ бўлмаган тўловлар бўйича белгиланадиган ажратма меъёрлари 4-иловага;
Бунда, мазкур қарор қабул қилингандан сўнг бир кун муддатда тартибга солувчи даромадлардан ажратмаларнинг нормативлари бўйича вилоятнинг вилоят бюджети билан туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг тақсимотини ўрнатилган тартибда «Давлат молиясини бошқариш ахборот тизимига» Бухоро вилояти Ғазначилик хизмати бошқармаси томонидан киритилиши белгилаб қўйилсин.
шаҳар ва туманлар маҳаллий бюджетларининг 2026 йил даромадлари ва харажатларининг чегаравий ҳажми 5-иловага мувофиқ маълумот учун қабул қилинсин.
4. Вилоятнинг вилоят бюджети шахсий ғазна ҳисобварақларида турган бюджет маблағларининг 2026 йилда йўл қўйиладиган энг кам миқдори 13,6 млрд. сўм этиб ҳамда туманлар ва шаҳарлар бюджетлари шахсий ғазна ҳисобварақларида турган бюджет маблағларининг йўл қўйиладиган энг кам миқдори 6-иловага мувофиқ белгилансин.
5. Вилоятнинг вилоят бюджети захира жамғармаси ҳажми 2026 йил учун 34,3 млрд.сўм миқдорида белгилансин.
2026 йил учун Бухоро вилоятнинг вилоят бюджети, туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг захира жамғармалари тегишли бюджетлар тасдиқланган умумий харажатларининг (бундан туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг жамоатчилик фикри асосида шакллантириладиган тадбирларни молиялаштиришга доир маблағлари мустасно) камида 1,0 фоизи миқдорида шакллантирилади.
Бунда туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг захира жамғармалари миқдори олдинги йилдаги ҳажмидан кам бўлмаган миқдорда шакллантирилиши ҳамда қўшимча маблағларни шакллантириш вилоятнинг вилоят бюджети захира жамғармалари маблағларини камайтириш ҳисобидан амалга оширилганлиги инобатга олинсин.
6. Вилоят ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Б.Ахмедов, вилоят иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси (Ҳ.Қиличов), вилоят солиқ бошқармаси (Д.Юлдашев) туман (шаҳар) ҳокимликлари билан биргаликда 2026 йил маҳаллий бюджет учун белгиланган кўрсаткичларни ўз вақтида ва самарали бажарилишини таъминлаш чораларини кўрсин.
7. Туман ва шаҳар ҳокимликлари, масъул бошқарма ва ташкилотлар 2026 йил учун ажратилаётган бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш, бюджет интизомига риоя этилиши устидан назорат ва масъулиятни янада кучайтириш, тегишли маҳаллий бюджетларга солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг тўлиқ тушумини таъминлаш ҳамда бюджет даромадлар базасини ошириш ва қўшимча резервларни аниқлаш зарурлигига алоҳида эътибор қаратсин.
8. Вилоят солиқ бошқармаси (Д.Юлдашев)га туман ва шаҳар солиқ органлари билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексида белгиланган ваколатлардан келиб чиқиб:
солиқларнинг тўлиқ ва тўғри ҳисобланишини ҳамда ушбу солиқларни ўз вақтида бюджетга ундирилиши устидан солиқ назоратини ўрнатиш;
ер солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ва мол-мулк солиқлари бўйича доимий таҳлилилар ўтказган ҳолда, солиқларни тўлиқ ҳисобланишини таъминлаш ҳамда ушбу солиқ тўловлари бўйича солиқ қарздорлигига йўл қўймаслик чораларини кўриш;
айланмадан солиқ тури бўйича солиқ тўловчилар томонидан нақд пул айланмаларининг солиқ ҳисоботларида тўлиқ акс эттирилиши устидан доимий солиқ назоратини ўрнатиш ҳамда зарур ҳолларда хронометраж ва камерал солиқ назорати тадбирларини ўтказиш;
ер ва мол-мулк солиғининг солиқ базасини ошириш, яъни хатлов ишларини самарали ва мунтазам ташкил этиб бориш топширилсин.
9. Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси (О.Мардонов), вилоят солиқ бошқармаси (Д.Юлдашев) билан ҳамкорликда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича мавжуд солиқ қарздорликларини бюджетга ундириш юзасидан тегишли чоралар кўриб борсин ҳамда чораклар якуни билан солиқ қарздорликларининг чорак бошига нисбатан камайиб бориши бўйича барча комплекс чора-тадбирларни кўрсин.
10. Давлат активларини бошқариш агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси (Ф.Норов)га Бўш турган объектларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш марказининг вилоят ҳудудий бошқармаси билан биргаликда:
бўш турган давлат мулки объектларини аниқлаш бўйича доимий равишда хатлов ишларини ташкил этиш;
хатлов натижаларига кўра вилоятда мавжуд бўш турган давлат мулки объектлари рўйхатини шакллантириш, ижарага бериш ёки сотиш бўйича тегишли таклифлар тайёрлаш топширилсин.
11. Аму-Бухоро ирригация тизимлари Ҳавза бошқармаси (Э.Файзиллаев) ва вилоят солиқ бошқармаси (Д.Юлдашев)га туман ва шаҳар ҳокимлари билан биргаликда вилоятда суғоришга сарфланаётган сув ҳажмлари бўйича аниқ ҳисоб-китоблар юритган ҳолда мазкур истеъмол ҳажмлари бўйича сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқларни тўлиқ ҳисобланишини ҳамда молия йили якунига қадар маҳаллий бюджетларга тўлиқ ундириб олиш вазифаси юклатилсин.
Бунда, қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан истеъмол қилинаётган сув ресуслари ҳажмлари ва ушбу ҳажмлар бўйича ҳисобланаётган сув солиқлари бўйича доимий таҳлиллар ўтказишга алоҳида эътибор қаратилсин.
12. Вилоят солиқ бошқармаси (Д.Юлдашев), вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси (А.Жаводов) туман (шаҳар) ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 24 ноябрдаги 709-сонли қарорига асосан қишлоқ хўжалиги ерларини ижарага беришда ҳисобланган ижара ва қўшимча тўлов суммаларини белгиланган графикларга мувофиқ маҳаллий бюджетларга ундириш чораларини кўрсинлар.
13. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексининг 27 ва 28-моддаларида белгиланган бюджет соҳасидаги ваколатларидан келиб чиқиб, бюджетга ва давлат мақсадли жамғармаларига тушумлар тўлиқ ва ўз вақтида тушиши ҳамда бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши устидан назорат ўрнатсинлар.
14. Ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчилар ҳар чорак якуни билан бюджет маблағларининг самарали ва мақсадли сарфланганлиги, харажатларнинг амалий натижалари юзасидан халқ депутатлари вилоят Кенгашига ҳисобот бериб борсинлар.
Бунда, ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчилар:
ўз тасарруфидаги тизимда бюджет интизомига амал қилиниши устидан назорат қилиш;
ўзларининг ва тасарруфидаги ташкилотларнинг харажатлар сметаси ва штат жадваллари ҳамда даромадлар ва харажатлар сметаларининг тўғри тузилиши;
бюджетдан ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланиши ва мақсадли индикаторларнинг тўлиқ бажарилиши;
тасарруфидаги тизим ташкилотларига бюджетдан ажратиладиган маблағларнинг тўғри тақсимланиши;
бюджетдан ажратилган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш, хусусан иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, озиқ-овқат, дори-дармон, коммунал хизматлар ва давлат дастурлари учун белгиланган харажатларни тўлиқ режалаштирилиши ва ўз вақтида тўланишини;
бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш мақсадида расмий веб-сайтларда маълумотларни жойлаштириб борилишини таъминласинлар.
15. Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Давлат молиявий назорати инспекцияси вилояти бошқармаси (М.Абдиев) бюджетдан ажратилган маблағларнинг мақсадли ишлатилиши назорат қилинишини ҳамда амалга оширилаётган ишлар юзасидан ҳар чоракда халқ депутатлари вилоят Кенгашига ахборот киритиб борилишини таъминласин.
16. Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати, вилоят солиқ бошқармаси (Д.Юлдашев), иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси (Ҳ.Қиличов) билан биргаликда вилоят телерадиокомпанияси ҳамда вилоятдаги бошқа оммавий ахборот воситаларида, ҳокимлик муассислигидаги газеталарда Қонунда белгиланган айрим солиқлар ва тўлов ставкалари, солиқ солиш тартиблари ҳамда бошқа маълумотлар эълон қилиниши ҳамда ҳокимликларнинг расмий веб-сайтларига жойлаштирилишини ташкил этсин.
17. Мазкур қарор тегишли таҳририятлар ва оммавий ахборот воситаларида ёритилиши тавсия этилсин ҳамда вилоят ҳокимлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилсин.
18. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш халқ депутатлари вилоят Кенгашининг маҳаллий бюджет, тадбиркорликни ривожлантириш ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари бўйича доимий комиссияси зиммасига юклатилсин.
Кенгаш раиси АШУРОВ ЖАМОЛ РАЖАББОЕВИЧ
Бухоро вилояти,
2025 йил 30 декабрь,
VII-21-112-2-0-K/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.