ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ РОМИТАН ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ
Қарори
Ромитан туманнинг 2026 йилги маҳаллий бюджетини тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг 6, 24-моддалари, Бюджет кодексининг 27, 99-моддалари, «2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги 2025 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-1105-сон Қонуни ҳамда халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгашининг 2025 йил 30 декабрдаги VII-21-112-2-0-К/25-сон қарорига мувофиқ, халқ депутатлари Ромитан тумани Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикасининг «2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонуни ҳамда халқ депутатлари вилоят Кенгашининг «Бухоро вилоятининг 2026 йилги маҳаллий бюджетини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори (кейинги ўринларда қарор деб юритилади) раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин.
2. Мазкур қарорга мувофиқ, Ромитан туман маҳаллий бюджетининг 2026 йилги даромадлари 131,666 млрд.сўм ҳамда мутаносиб равишда харажатлари 131,666 млрд.сўмга тасдиқланганлиги, шунингдек, Ромитан туман маҳаллий бюджетининг шахсий ғазна ҳисобварағида турган бюджет маблағларининг йўл қўйиладиган энг кам миқдори 1,137 млрд.сўм этиб белгиланганлиги инобатга олинсин.
3. Ромитан туман бюджети даромадларининг 2026 йил учун асосий прогноз кўрсаткичлари 1-иловага мувофиқ ҳамда Ромитан туман бюджетидан 2026 йилда ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган харажатларнинг чекланган миқдорлари 2-иловага мувофиқ, шунингдек, Ромитан туман маҳаллий бюджетига умумдавлат солиқлари ва бошқа солиқсиз тушумлардан ажратмалар меъёрлари 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Ромитан туман бюджети захира жамғармаси ҳажми 2026 йил учун 1,874 млрд.сўм миқдорида белгилансин.
Бунда, захира жамғармаси маблағларини амалдаги бюджет қонунчилигига мувофиқ, бюджет тизими бюджетлари шакллантирилаётганда олдиндан назарда тутиб бўлмайдиган харажатларни, шунингдек ижтимоий-иқтисодий беқарорлик юзага келган вазиятларда амалга оширилиши зарур бўлган тадбирларни молиялаштириш учун йўналтирилиши таъминлансин.
5. Ромитан туман ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Ш.Пўлотов, туман Иқтисодиёт ва молия бўлими (С.Абдуллаев), туман солиқ инспекцияси (Ж.Фозилов) билан биргаликда 2026 йил маҳаллий бюджети учун белгиланган кўрсаткичларни ўз вақтида ва самарали бажарилишини таъминлаш чораларини кўрсин.
6. Ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчилар ҳар чорак якуни билан бюджет маблағларининг самарали ва мақсадли сарфланганлиги, харажатларнинг амалий натижалари юзасидан халқ депутатлари туман Кенгашига ҳисобот бериб борсинлар.
Бунда, ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчилар:
бюджетдан ажратилган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш, хусусан иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, озиқ-овқат, дори-дармон, коммунал хизматлар ва давлат дастурлари учун белгиланган харажатларни тўлиқ режалаштирилиши ва ўз вақтида тўланиши;
ўзларининг ва тасарруфидаги ташкилотларнинг харажатлар сметаси ва штат жадваллари ҳамда даромадлар ва харажатлар сметаларининг тўғри тузилиши;
бюджетдан ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланиши ва мақсадли индикаторларнинг тўлиқ бажарилиши;
тасарруфидаги тизим ташкилотларига бюджетдан ажратиладиган маблағларнинг тўғри тақсимланиши;
ўз тасарруфидаги тизимда бюджет интизомига амал қилиниши устидан назорат қилинишини;
бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш мақсадида расмий веб-сайтларда маълумотларни жойлаштириб борилишини таъминласинлар.
7. Мазкур қарор тегишли таҳририятлар ва оммавий ахборот воситаларида ёритилиши тавсия этилсин ҳамда шаҳар ҳокимлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилсин.
8. Мазкур қарор бажарилишини назорат қилиш халқ депутатлари Ромитан туман Кенгашининг маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари доимий комиссияси (Н.Рахматов) ҳамда туман ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Ш.Пулотов зиммасига юклатилсин.
Кенгаш раиси БАРНОЕВ УМЕДЖОН ИСОЕВИЧ
Бухоро вилояти, Ромитан тумани,
2025 йил 30 декабрь,
VII-18-148-2-40-K/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.