ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ БУХОРО ШАҲАР КЕНГАШИНИНГ
Қарори
Бухоро шаҳрининг 2026 йилги маҳаллий бюджетини тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг 6, 24-моддалари, Бюджет кодексининг 27, 99-моддалари, «2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги 2025 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-1105-сон Қонуни ҳамда халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгашининг 2025 йил 30 декабрдаги VII-21-112-2-0-К/25-сон қарорига мувофиқ, халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикасининг «2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги 2025 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-1105-сон Қонуни ҳамда халқ депутатлари вилоят Кенгашининг «Бухоро вилоятининг 2026 йилги маҳаллий бюджетини тасдиқлаш тўғрисида»ги 2025 йил 30 декабрдаги VII-21-112-2-0-К/25-сон қарори (кейинги ўринларда қарор деб юритилади) раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин.
2. Мазкур қарорга мувофиқ, Бухоро шаҳар маҳаллий бюджетининг 2026 йилги даромадлари 263 951,6 млн.сўм ҳамда мутаносиб равишда харажатлари 263 951,6 млн.сўмга тасдиқланганлиги, шунингдек, Бухоро шаҳар маҳаллий бюджетининг шахсий ғазна ҳисоб варағида турган бюджет маблағларининг йўл қўйиладиган энг кам миқдори 2 214,0 млн.сўм этиб белгиланганлиги инобатга олинсин.
3. Бухоро шаҳар маҳаллий бюджети даромадларининг 2026 йил учун асосий прогноз кўрсаткичлари 1-иловага мувофиқ ҳамда шаҳар маҳаллий бюджетидан 2026 йилда бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган харажатларнинг чекланган миқдорлари 2-иловага мувофиқ, шунингдек, шаҳар маҳаллий бюджетига умумдавлат солиқлари ва бошқа солиқсиз тушумлардан ажратмалар меъёрлари 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Бухоро шаҳар маҳаллий бюджети захира жамғармаси ҳажми 2026 йил учун 2 914,2 млн.сўм миқдорида белгилансин.
Бунда, захира жамғармаси маблағларини амалдаги бюджет қонунчилигига мувофиқ, бюджет тизими бюджетлари шакллантирилаётганда олдиндан назарда тутиб бўлмайдиган харажатларни, шунингдек ижтимоий-иқтисодий беқарорлик юзага келган вазиятларда амалга оширилиши зарур бўлган тадбирларни молиялаштириш учун йўналтирилиши таъминлансин.
5. Бухоро шаҳар ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари, шаҳар иқтисодиёт ва молия бўлими (Ш.Каримов), шаҳар солиқ инспекцияси (А.Ғафуров) билан биргаликда 2026 йил маҳаллий бюджети учун белгиланган кўрсаткичларни ўз вақтида ва самарали бажарилишини таъминлаш чораларини кўрсин.
6. Бюджет маблағларини тақсимловчилар ҳар чорак якуни билан бюджет маблағларининг самарали ва мақсадли сарфланганлиги, харажатларнинг амалий натижалари юзасидан Халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгашига ҳисобот бериб борсинлар.
Бунда, бюджет маблағларини тақсимловчилар:
бюджетдан ажратилган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш, хусусан иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, озиқ-овқат, дори-дармон, коммунал хизматлар ва давлат дастурлари учун белгиланган харажатларни тўлиқ режалаштирилиши ва ўз вақтида тўланиши;
ўзларининг ва тасарруфидаги ташкилотларнинг харажатлар сметаси ва штат жадваллари ҳамда даромадлар ва харажатлар сметаларининг тўғри тузилиши;
бюджетдан ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланиши ва мақсадли индикаторларнинг тўлиқ бажарилиши;
тасарруфидаги тизим ташкилотларига бюджетдан ажратиладиган маблағларнинг тўғри тақсимланиши;
ўз тасарруфидаги тизимда бюджет интизомига амал қилиниши устидан назорат қилинишини;
бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш мақсадида расмий веб-сайтларда маълумотларни жойлаштириб борилишини таъминласинлар.
7. Мазкур қарор тегишли таҳририятлар ва оммавий ахборот воситаларида ёритилиши тавсия этилсин ҳамда шаҳар ҳокимлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилсин.
8. Мазкур қарор бажарилишини назорат қилиш Халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг маҳаллий бюджет, тадбиркорликни ривожлантириш ва иқтисодий ислоҳотлар бўйича доимий комиссияси (Б.Маъмуров) ҳамда шаҳар ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари У.Задаев зиммасига юклатилсин.
Кенгаш раиси Қ. И. ТУРСУНОВ
Бухоро вилояти, Бухоро ш.,
2025 йил 30 декабрь,
VII-15-103-2-42-K/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.