ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ МИРЗАЧЎЛ ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ
Қарори
Мирзачўл туманининг 2026 йилги маҳаллий бюджетини тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг 6, 24-моддалари, Бюджет кодексининг 27, 99-моддалари, «2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги 2025 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-1105-сон Қонунига ва халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгашининг 2025 йил 29 декабрдаги VII-23-350-3-0-K/25-сон қарорига мувофиқ ҳамда Жиззах вилоят Иқтисодиёт ва молия бош бошқармасининг 2025 йил 29 декабрдаги 02-01-01-175-сонли хатини инобатга олиб, халқ депутатлари Мирзачўл туман Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикасининг «2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонуни ҳамда халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгашининг 2025 йил 29 декабрдаги VII-23-350-3-0-K/25-сон қарори (кейинги ўринларда қарор деб юритилади) раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин.
2. Мазкур қарорга мувофиқ, Мирзачўл туман бюджетининг 2026 йилги даромадлари 60 915 355 минг сўмга ва харажатлари эса 78 443 403 минг сўмга маълумот учун қабул қилинганлиги ҳамда вилоят бюджетидан ажратиладиган тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар 17 530 048 минг сўм миқдорида тасдиқланганлиги, шунингдек Мирзачўл туман бюджетининг шахсий ғазна ҳисобварағида турган бюджет маблағларининг йўл қўйиладиган энг кам миқдори 346 000 минг сўм этиб белгиланганлиги инобатга олинсин.
3. Туман маҳаллий бюджети даромадларининг 2026 йил учун асосий прогноз кўрсаткичлари 1-иловага мувофиқ ҳамда туман бюджетидан 2026 йилда ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган харажатларнинг чекланган миқдорлари 2-иловага мувофиқ, 2026 йилда умумдавлат солиқларидан туман маҳаллий бюджетига ажратмалар меъёри 3-иловага мувофиқ, туман маҳаллий бюджетининг 2026 йил даромадлари ва харажатларининг чегаравий ҳажми 4-иловага мувосиқ, шунингдек туман бюджети айланма касса маблағининг йўл қўйиладиган энг кам миқдори 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Туман бюджети захира жамғармаси ҳажми 2026 йил учун 919 825 минг сўм миқдорида белгилансин.
Бунда, захира жамғармаси маблағларини амалдаги бюджет қонунчилигига мувофиқ, бюджет тизими бюджетлари шакллантирилаётганда олдиндан назарда тутиб бўлмайдиган харажатларни, шунингдек ижтимоий-иқтисодий беқарорлик юзага келган вазиятларда амалга оширилиши зарур бўлган тадбирларни молиялаштириш учун йўналтирилиши таъминлансин.
5. Туман ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Ж. Лапасов, туман Иқтисодиёт ва молия бўлими (З. Ўзбеков), туман солиқ инспекцияси (Б. Нурқобилов) билан биргаликда 2026 йил маҳаллий бюджети учун белгиланган кўрсаткичларни ўз вақтида ва самарали бажарилишини таъминлаш чораларини кўрсин.
6. Ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчилар бюджетдан ажратилган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш, хусусан иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, озиқ-овқат, дори-дармон, коммунал хизматлар ва давлат дастурлари учун белгиланган харажатларни тўлиқ режалаштирилиши ва ўз вақтида тўланиши, ҳамда даврий молиявий ҳисоботларни тўғри шакллантирилиши ва ўз вақтида тақдим этилишини таъминласин.
7. Мазкур қарор тегишли таҳририятлар ва оммавий ахборот воситаларида ёритилиши тавсия этилсин ҳамда туман ҳокимлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилсин.
8. Ушбу қарор 2026 йил 1 январдан кучга киради.
9. Мазкур қарор бажарилишини назорат қилиш халқ депутатлари Мирзачўл туман Кенгашининг маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари доимий комиссияси (Ф. Қаюмова) ҳамда туман ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Ж. Лапасов зиммасига юклатилсин.
Кенгаш раиси Б. К. МИРЗАКУЛОВ
Жиззах вилояти, Мирзачўл тумани,
2025 йил 30 декабрь,
VII-17-138-3-51-K/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.