ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ҚИЗИРИҚ ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ
Қарори
Қизириқ туманининг 2026 йилги маҳаллий бюджетини тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг 6, 24-моддалари, Бюджет кодексининг 27, 99-моддалари, «2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги 2025 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-1105-сон Қонунига ва халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгашининг 2025 йил 26 декабрдаги VII-17-173-8-0-K/25-сон қарорига мувофиқ ҳамда Сурхондарё вилояти Иқтисодиёт ва молия бош бошқармасининг 2025 йил 26 декабрдаги 22-13-04/136-сонли хатини халқ депутатлари туман Кенгашининг маҳаллий бюджет, тадбиркорликни ривожлантириш ва иқтисодий ислоҳотлар бўйича доимий комиссияси йиғилиши муҳокамасида депуататлар томонидан билдирилган таклифларни инобатга олиб, халқ депутатлари Қизириқ тумани Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикасининг «2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонуни ҳамда халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгашининг 2025 йил 26 декабрдаги VII-17-173-8-0-K/25-сонли қарори раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин.
2. Қизириқ тумани бюджетининг 2026 йилги даромадлари 98 349 350 минг сўм, харажатлари 98 349 350 минг сўм, шунингдек Қизириқ тумани бюджетининг шахсий ғазна ҳисобварағида турган бюджет маблағларининг йўл қўйиладиган энг кам миқдори 271 387 минг сўм этиб белгилансин.
3 Туман маҳаллий бюджети даромадларининг 2026 йил учун асосий прогноз кўрсаткичлари 1-иловага, туман маҳаллий бюджетидан 2026 йилда бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган харажатларнинг умумий чекланган миқдорлари 2-иловага, туман маҳаллий бюджетига умумдавлат солиқлари ва бошқа солиқсиз тушумлардан ажратмалар меъёрлари 3-иловага, туман маҳаллий бюджетининг 2026 йил даромадлари ва харажатлари чегаравий ҳажми 4-иловага, туман бюджети шахсий ғазна ҳисобварақида турган бюджет маблағларининг йўл қўйиладиган энг кам миқдори 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Туман бюджети захира жамғармаси ҳажми 2026 йил учун 1 209 000 минг сўм миқдорида белгилансин.
Бунда, захира жамғармаси маблағларини амалдаги бюджет қонунчилигига мувофиқ, бюджет тизими бюджетлари шакллантирилаётганда олдиндан назарда тутиб бўлмайдиган харажатларни, шунингдек ижтимоий-иқтисодий беқарорлик юзага келган вазиятларда амалга оширилиши зарур бўлган тадбирларни молиялаштириш учун йўналтирилиши таъминлансин.
5. Туман ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари, туман Иқтисодиёт ва молия бўлими бошлиғи У. Панжиев, туман солиқ инспекцияси (И. Абдуллаев) билан биргаликда 2026 йил маҳаллий бюджети учун белгиланган кўрсаткичларни ўз вақтида ва самарали бажарилишини таъминлаш чораларини кўрсин.
6. Туман бюджет маблағларини тақсимловчилар ҳар чорак якуни билан бюджет маблағларининг самарали ва мақсадли сарфланганлиги, харажатларнинг амалий натижалари юзасидан халқ депутатлари туман Кенгашига ҳисобот бериб борсинлар.
Бунда, туман бюджет маблағларини тақсимловчилар:
бюджетдан ажратилган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш, хусусан иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, озиқ-овқат, дори-дармон, коммунал хизматлар ва давлат дастурлари учун белгиланган харажатларни тўлиқ режалаштирилиши ва ўз вақтида тўланиши;
ўзларининг ва тасарруфидаги ташкилотларнинг харажатлар сметаси ва штат жадваллари ҳамда даромадлар ва харажатлар сметаларининг тўғри тузилиши;
бюджетдан ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланиши ва мақсадли индикаторларнинг тўлиқ бажарилиши;
тасарруфидаги тизим ташкилотларига бюджетдан ажратиладиган маблағларнинг тўғри тақсимланиши;
ўз тасарруфидаги тизимда бюджет интизомига амал қилиниши устидан назорат қилинишини;
бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш мақсадида расмий веб-сайтларда маълумотларни жойлаштириб борилишини таъминласинлар.
7. Туман ҳокимлиги ахборот хизмати (А. Бўриев)га мазкур қарорни тегишли таҳририятлар ва оммавий ахборот воситаларида ёритиш тавсия этилсин ҳамда туман ҳокимлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилсин.
8. Мазкур қарор бажарилишини назорат қилиш халқ депутатлари туман Кенгашининг маҳаллий бюджет, тадбиркорликни ривожлантириш ва иқтисодий ислоҳотлар бўйича доимий комиссияси (Б. Очилдиев) зиммасига юклатилсин.
9. Ушбу қарор қабул қилинган кундан кучга киради.
Сессия раиси ОЧИЛДИЕВ БОХАДИР БЕНАЕВИЧ
Сурхондарё вилояти, Қизириқ тумани,
2025 йил 30 декабрь,
VII-15-156-8-113-K/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.