ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ЖАРҚЎРҒОН ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ
Қарори
Жарқўрғон туманининг 2026 йилги маҳаллий бюджетини тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг 6, 24-моддалари, Бюджет кодексининг 27, 99-моддалари, Сурхондарё вилоят Кенгашининг 2025 йил 26 декабрдаги VII-17-173-8-0-K/25-сонли қарорини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикасининг «2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида» 2025 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-1105-сонли Қонунига мувофиқ халқ депутатлари Жарқўрғон туман Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикасининг «2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонуни раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин.
2. Қарорга мувофиқ, Жарқўрғон туман бюджетининг 2026 йилги даромадлари 156 млрд 683 млн 760 минг сўм ва харажатлари эса 156 млрд 683 млн 760 минг сўмга маълумот учун қабул қилинганлиги шунингдек Жарқўрғон туман бюджетининг шахсий ғазна ҳисоб варағида турган бюджет маблағларининг йўл қўйиладиган энг кам миқдори 353.018 млн.сўм этиб белгиланганлиги инобатга олинсин.
3. Туман маҳаллий бюджети даромадларининг 2026 йил учун асосий прогноз кўрсатгичлари 1-иловага мувофиқ ҳамда туман маҳаллий бюджетидан 2026 йилда ҳудудий бюджет маблағларни тақсимловчиларига ажратиладиган харажатларнинг умумий чекланган миқдорлари 2-иловага мувофиқ, Жарқўрғон тумани маҳаллий бюджетига умумдавлат солиқлари ва бошқа мажбурий тўловлар ҳамда солиқ бўлмаган тўловлар бўйича белгиланадиган ажратма меъёрлари 3-иловага мувофиқ, Жарқўрғон туман маҳаллий бюджетларининг 2026 йил даромадлари ва харажатларининг чегаравий ҳажми 4-иловага ва Жарқўрғон туман маҳаллий бюджетида йўл қўйиладиган энг кам маблағлар миқдори 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Туман бюджети захира жамғармаси ҳажми 2026 йил учун 1 млрд 846 млн сўм миқдорида белгилансин.
Бунда, захира жамғармаси маблағларини амалдаги бюджет қонунчилигига мувофиқ, бюджет тизими бюджетлари шакллантирилаётганда олдиндан назарда тутиб бўлмайдиган харажатларни, шунингдек ижтимоий-иқтисодий беқарорлик юзага келган вазиятларда амалга оширилиши зарур бўлган тадбирларни молиялаштириш учун йўналтирилиши таъминлансин.
5. Жарқўрғон туман ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари — Иқтисодиёт ва молия бўлими бошлиғи Р. Хамраев, туман Иқтисодиёт ва молия бўлими бошлиғининг биринчи ўринбосари (А. Сафарқулов), туман солиқ инспекцияси (А. Алмарданов) билан биргаликда 2026 йил маҳаллий бюджети учун белгиланган кўрсаткичларни ўз вақтида ва самарали бажарилишини таъминлаш чораларини кўрсин.
6. Ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчилар ҳар чорак якуни билан бюджет маблағларининг самарали ва мақсадли сарфланганлиги, харажатларнинг амалий натижалари юзасидан халқ депутатлари туман Кенгашига ҳисобот бериб борсинлар.
бунда, ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчилар:
бюджетдан ажратилган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш, хусусан иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, озиқ-овқат, дори-дармон, коммунал хизматлар ва давлат дастурлари учун белгиланган харажатларни тўлиқ режалаштирилиши ва ўз вақтида тўланиши;
ўзларининг ва тасарруфидаги ташкилотларнинг харажатлар сметаси ва штат жадваллари ҳамда даромадлар ва харажатлар сметаларининг тўғри тузилиши;
бюджетдан ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланиши ва мақсадли индикаторларнинг тўлиқ бажарилиши;
тасарруфидаги тизим ташкилотларига бюджетдан ажратиладиган маблағларнинг тўғри тақсимланиши;
ўз тасарруфидаги тизимда бюджет интизомига амал қилиниши устидан назорат қилинишини;
бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш мақсадида расмий веб-сайтларда маълумотларни жойлаштириб борилишини таъминласинлар.
7. Мазкур қарор тегишли таҳририятлар ва оммавий ахборот воситаларида ёритилиши тавсия этилсин ҳамда туман ҳокимлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилсин.
8. Мазкур қарор бажарилишини назорат қилиш халқ депутатлари Жарқўрғон тумани Кенгашининг маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари доимий комиссияси (А. Тошпўлатов) ҳамда туман ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари — Иқтисодиёт ва молия бўлими бошлиғи Р. Хамраев зиммасига юклатилсин.
9. Ушбу қарор қабул қилинган кундан бошлаб кучга киради.
Кенгаш раиси АВАЗОВ ЭЛМУРОД РЎЗИМУРОДОВИЧ
Сурхондарё вилояти, Жарқўрғон тумани,
2025 йил 30 декабрь,
VII-14-161-8-112-K/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.